Ёзувчилар уюшмаси: "қора рўйхат" йўқ

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасидан Би-би-сига айтишларича, 26 ижодкор уюшма аъзолигидан бирдан чиқарилмаган.

Бундан олдин Ёзувчилар уюшмасининг Эксперт кенгаши қатор ёзувчи-шоирларни уюшма аъзолари рўйхатидан ўчириш ҳақида қарор қабул қилгани хабари тарқалган эди.

Бу Ўзбекистон ёзувчиларининг ташкилоти таркибини сифат жиҳатдан яхшилаш мақсади билан тушунтирилгани айтилган.

Уюшмадаги Би-би-си манбаси сўзларига кўра, уюшма аъзолигидан ўчирилганлар бор, аммо улар шу кеча-кундузда эмас, балки "йиллар давомида" уюшма сафидан чиқарилган.

Унга кўра, уюшма низомида кўрсатилган талабларга жавоб бермаган, "уюшма билан алоқасини узган", "ижоди тўхтаб қолган" ижодкорлар рўйхатдан ўчирилган.

Айрим шоир-ёзувчилар 2014 йили, айримлари эса 10-15 йил олдин уюшмадан чиқарилган, деди ташкилот марказий аппаратида ишлайдиган ходим.

Баъзи ёзувчи-шоирларнинг ўзлари уюшма аъзолигидан чиқиш ҳақида ариза ёзганлар, ана шу аризалари қондирилган.

Мисол учун, бундан 7-8 йил олдин уюшма аъзолиги солиқчилар томонидан хато қилиниб қўшимча пенсия манбаси сифатида кўрилган ва пенсионер ёзувчи-шоирлар ўз пенсиясини 50 фоизгача кам олганлар.

Пенсияси камайишини истамаган айрим ижодкорларнинг ўзлари уюшмадан чиқишга қарор қилганлар.

Уюшма ходими сўзларига кўра, Собит Мадалиев, Нортўхта Қилич ва Сулаймон Раҳмон уюшма аъзолигини стаж деб қабул қилган амалдорларнинг нотўғри сиёсати қурбонларига айланганлар ва уюшма аъзолигидан чиқиш ҳақидаги аризаларини ёзганлар.

Баъзи ижодкорлар эса "мен ижоддан тўхтаганман,мени аъзоликдан чиқаринг" деб ўзлари мурожаат қилганлар.

Саломат Вафони уюшма сафидан чиқариш талаби билан "юқоридан" буйруқ келган.

Бунга ёзувчининг ўзбек одоб-ахлоқига тўғри келмайдиган асар ёзгани сабаб бўлган.

"Бундай буйруқ қаердан келишини ўзингиз яхши биласиз", дейди уюшма ходими.

Ўзбекистондаги зиёлилар бу жой президент маъмурияти эканини яхши биладилар.

Ўзларининг ишлаётган жойини "Девон" деб алоҳида урғулаб айтишни яхши кўрадиган маъмурият ходимлари цензорлик ёки миллий мафкура тозаловчилари масъулиятларини ўз зиммаларига оладилар.

"Хуршид Даврон Ўзбекистон Ёзувчилари уюшмасидан чиқарилгани ёлғон. Ахир Хуршид ака халқ шоири-ку", дейди уюшма ходими.

Маълум бўлишича, судланган инсон Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолигидан чиқарилиши шарт.

Шундай деб уюшма низомида ёзиб қўйилган.

Таниқли ёзувчи Мамадали Маҳмуд(Эврил Турон)нинг бу уюшма аъзолигига лойиқ кўрилмаётгани шу сабаб билан изоҳланади.

Муҳожиротда бўлган шоир ва сиёсатчи Муҳаммад Солиҳ уюшма аъзолигидан чиқарилганини ўзи учун шараф деб билишини айтган.

- Бу Ëзувчилар уюшмасини маддоҳлар уюшмаси, лаганбардорлар уюшмаси дейиш тўғрироқ бўлади. Бизнинг на маддоҳликка, на лаганбардорликка алоқамиз йўқ ва шу боис¸ бизни бундай уюшмадан чиқаришгани биз учун шарафдир, деб айтган Муҳаммад Солиҳ.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter -BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBCUZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon

Бу мавзуда батафсилроқ