Меҳнат вазирлиги: 'Маошлар берилмаяпти'

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBCUZBEK.COM

Ўзбекистон Меҳнат ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш вазирлиги мамлакатда маошларни вақтида бермаслик ҳоллари кенг тарқалганини тан олган.

Sputnik нашрининг Давлат меҳнат ҳуқуқ инспекцияси мулозимидан иқтибос келтиришича, иш ҳақларининг вақтида тўланмаслиги ўтган йили меҳнат қонунчилиги бузилишининг асосий бандини ташкил этган.

Мулозимнинг айтишича, 2015 йилда ўтказилган текширувлар натижасида меҳнат қонунчилиги бузилиши билан боғлиқ жаъми 12 мингтага яқин ҳолат аниқланган.

Унинг сўзларига кўра, маошларнинг вақтида берлимаслиги билан бирга иш берувчининг шартномани ноқонуний равишда тўхтатиши ва эълон қилинган бўш ўринларга ишга қабул қилмаслик ҳоллари тез-тез учрайди.

Давлат меҳнат ҳуқуқ инспекцияси вакили ўтган йил давомида жаъми 1700 дан ортиқ ишчи-ходимларнинг маошлари тўлаб берилгани ва қонун бузилишлари бўйича иш берувчиларга 1,5 миллиард сўм миқдорида жарима солинганини айтган.

Мулозим жорий йилда 990 та янги иш ўринлари яратиш режаланганини ҳам илова қилган.

Аммо таҳлилчиларга кўра, муаммонинг кўлами бундан анча катта.

'Жиддий муаммо'

Ўзбекистон ҳукумати ҳар йили қарийб 1 миллион иш ўринлари яратилиши ва ойлик маош ва нафақаларнинг мунтазам ошириб борилишини таъкидлаб келади.

Аммо иш ҳақларининг камлиги сўнгги 10 йилликда Ўзбекистондан Россия ва Қозоғистон сингари нисбатан фаровон давлатларга йирик меҳнат муҳожирлиги оқимига сабаб бўлган.

Таҳлилчиларга кўра, ҳукумат ҳисоботларида паст ёки "башорат қилинган даражада" деб кўрсатиладиган инфляция даражаси ҳар йили кўтариладиган маош ва нафақларни "еб юбормоқда".

Image caption Нақд пул тақчиллиги жиддий муаммога айланган

Мамлакат собиқ совет ҳудудида жон бошига ялпи ички маҳсулот ҳажми бўйича энг сўнгги ўринларда.

Охирги йиллардаги тажрибага мувофиқ, нақд пул тақчиллиги боис маош ва нафақалар мажбуран пластик карточкаларга ўтказилади.

Пластик карточкадаги маблағларни нақд пулга айлантириш чоғида 15 фоизни ушлаб қолиш, маҳаллий тадбиркорларга кўра, ўзига хос бизнесга айланган.

Ўтган йили Ўзбекистон ҳукумати маош ва нафақаларни кечиктирганлик учун мамлакатдаги банкларга нисбатан кўриладиган жазо чораларини кучайтирган.

Унга мувофиқ, нақд пул тақчиллиги юзага келиб, маошлар тўланмаган тақдирда, банк ходимларига нисбатан жиноий иш очилиши ҳам мумкин.

Лекин кузатувчиларга кўра, бу ерда кўпроқ банклар эмас, балки Ўзбекистон ҳукумати олиб бораётган иқтисодий сиёсат ислоҳотга муҳтож.

Кузатувчилар ҳукумат давлат миқёсидаги муаммони банк ходимларига юклаш орқали ўз зиммасидан соқит қилишга уринаётганини авйтишади.

Маҳаллий тадбиркорлар Ўзбекистонда нақд пул муаммоси йилдан йилга авж олиб бораётгани ва муаммонинг ечими кўринмаётганини айтишади.

Ўтган йили интернетга сизган расмий мактубда Марказий банк раисининг ўринбосари Бош вазир Шавкат Мирзиёевга мурожаат қилиб, нақд пул муаммоси жиддий масалага айлангани ва бунга ҳукумат томонидан кенг қамровли ечимлар лозимлигини айтган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter -BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBCUZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon