Чилонзорда чинорзорни қўпоришга киришдилар

Фото муаллифлик ҳуқуқи fergananews.com

Маҳаллий яшовчиларнинг норозиликларига қарамасдан, Тошкент шаҳрининг Чилонзор туманида 100 дан ортиқ чинор униб-ўсиб турган боғни вайрон этишга киришилган.

Чилонзор туманининг 6-мавзесидаги кўп қаватли уйлар ўртасида соя-салқин берсин деб экилган кўп йиллик дарахтларни кесмоқчи бўлаётганлари ҳақидаги хавотирли хабарлар 15 феврал куни тарқала бошлади.

Чилонзорликлар боғчада 182 чинорни санаганлар, кеча бинолар ўртасидаги ҳовли тўсиб олинган.

16 феврал куни эрталабдан ҳудудга кўп сондаги қурувчилар ўз техникалари билан кириб келганлар.

Маҳаллий яшовчилардан ўнлаб кишилар чинор хиёбонини йўқ қилиш режасига қарши чиққанлар.

Норози одамларга Тошкент шаҳри ҳокимлигининг қарорини кўрсатганлар.

Бу қарорда 1 гектарлик ҳудуд тижорат ширкатларидан бирининг ихтиёрига берилгани айтилган.

Ширкат кўп йиллик дарахтларни кесиб ташлаб ўрнига автомобилларни қўйиш жойини қуришни режалаган.

Лекин уй-жой мулкдорларининг йиғилишида кўп қаватли уйларнинг яшовчилари бу режага қарши чиққанлар.

Уй-жой мулкдорлари ширкатининг қарши чиққанига қарамасдан, тижорат ширкати дарахтларни кўпориш техникаси ва ишчиларни олиб келиб чинорларни кесганлар.

Давлат Табиатни муҳофаза қилиш идорасидан берилгани айтилган ҳужжатда фақат 11 та чинорни кесишга рухсат берилган, аммо маҳаллий яшовчилар 70 дарахт таг-томири билан қўпориб ташланганини айтганлар.

Норози чилонзорликларнинг фото ва видеолари Интернетда тарқалган.

Яшовчилар бу бебошликдан шикоят қилиб турли идораларга мурожаат этганлар.

Бунга жавобан маҳкамага шикоят аризаси ёзишни маслаҳат беришган.

Ўзбекистонда бутун мамлакат туман марказлари ва шаҳарлари бўйлаб кўп йиллик дарахтларни кесиш бошланганига анча бўлди.

2009 йили Тошкентдаги Амир Темур хиёбонидаги 100 йилдан кекса улкан дарахтларни таг-томири билан қўпориб ташлаганлари жуда кўпчиликни ғазаблантирган, аммо бирор бир мантиқли изоҳ берилмасдан Тошкент маркази яйдоқ саҳрога айлантирилганди.

Шу йил январидан Тошкентнинг Дархонидан метронинг "Буюк Ипак йўли" бекатигача, Мустақиллик шоҳкўчасининг Академшаҳарчага бўлган қисмида яна кўп йиллик дарахтларни кесишни бошлаганлар.

Бу амаллардан ўзбекистонликлар ва хорижликлар ҳам дарғазаб бўлдилар, дарахтлар кесилишига қарши онлайн-петиция бошланди.

Гўёки зараркунандалар шикастлаган дарахтларнинг қулаб тушиш хавфи бор эмиш, шунинг учун фақат шикастланган дарахтлар кесилаяпти дея табиатни муҳофаза қилиш идораси изоҳ берди.

Мутахассислар ва дарахтлар кесилаётганини ўз кўзи билан кўрган инсонлар ушбу важни савол остига олмоқдалар.

Чунки дарахтлар тартиб билан кесилиб эҳтиёткорлик билан автомобилларга юкланмоқда.

Бу эса мебел ишлаб чиқаришдан манфаатдор корчалонларнинг одамлар норозилигини кўриб-билиб туриб қўл ураётган жиноятлари, деган хулосага келаётганларнинг сони кўпаймоқда.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter -BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBCUZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon

Бу мавзуда батафсилроқ