Ўзбекистонда мажбурий руҳий муолажа кимга керак?

Би-би-си Жаҳон Хизмати "Ички дунё" деб номланган мавсум бошлади. Ушбу мавсумда руҳий касалликлар билан боғлиқ муаммолар, соғлиқни сақлаш тизими ва жамиятда руҳий хасталарга муносабатга доир махсус лавҳалар бериб борилади. Бугун ушбу мавсум доирасида биз ўзбекистонлик таниқли инсон ҳуқуқлари фаоли Елена Урлаевани суҳбатга тортдик. Урлаева хоним ўз фаолияти учун бир неча бор мажбуран руҳий муолажага тортилганини айтган.

Урлаева: Мен инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан 1998-йилдан бери шуғулланаман. Шу фаолиятим туфайли ҳукумат мени руҳий шифохонада даволанишга мажбурлаб келади. Мен ва бир қатор фаоллар 2001-2002 йилларда Президент аппарати ва ҳокимият қаршисида мусулмонларга қилинаётган таъқибларга қарши норозилик намойишларини қилгандик. Ҳукумат бунга жавобан бизни руҳий касал одамлар деб эълон қилишга қарор қилди. Мен, Лариса Вдовина, Лидия Волкобрун, кейинроқ эса Жамшид Каримовлар руҳий муолажа олишга мажбурландик. Биринчи сафар, мен онам билан уйдан пикетга чиқаётганимда, машинада келишган ва мени ушлаб олиб, плакатларимни тортиб олишган. Аввалига милицияга олиб кетишган, кейин у ерга психиатрлар бригадаси чақиртирилган. Қўлларимни қайириб, боғлаб қўйишган. Ҳеч нарсага тушунмагандим. Сўнг руҳий шифохонага ётқизиб, мени уч ой даволашган. Бир йил ўтгач, яна тўрт ойга ётқизишди. У ерда мени каравотга боғлаб қўйиб, жуда кучли психотропик уколлар қилишган. Жуда шафқатсиз муносабат қилишган. 2005 йилда Андижонда отишмалар юз бергач, бизни яна тутиб, баъзиларимизни қамашди, мени эса яна руҳий касалхонага ётқизишди. Аксарият вақтни каравотга боғланган ҳолда ўтказдим, уколлар қилишарди. 2006 йилда эса Миробод тумани суди қарор чиқариб, мени жамият учун хавфли деб атаб, шизофрения ташхисини қўйди. Ҳозир мен оддий фуқаро ҳуқуқларидан мосуво қилинганман. Ҳар ойда психиатр рўйхатидан ўтишим керак, улар менга таблеткалар беришади. Агар бормасам, мени яна касалхонага ётқизишади.

Би-би-си: Сизга уколлар қилишганида, нималарни сезгансиз? Қандай таъсир қилган сизга?

Урлаева: Бу уколлар, авваламбор, жуда оғриқли. Фикр юритиш қобилиятингиз бутунлай ўзгаради. Ҳамма нарсадан қўрқишни бошлардим, бурчакка тиқилиб олишни хоҳлардим, кўрпага ўраниб олардим. Ўзимни жуда тушкун, босим остида сезардим. Бу жуда кучли препаратлар. Айниқса, Модитен-депо деган уколдан оғриқ пайдо бўлади, қўлларингиз тортишиб қийшаяди, юришингиз ўзгаради. Кўп вақт титраб юрганман, гапириш қобилиятим бузилганди. Кўринишимдан ногиронга ўхшаб қолгандим. Ҳар сафар касалхонадан чиққанимда, буни одамлар кўришарди... Умумий ҳисобда, мен 1 йилу 3 ойни шу касалхонада ўтказдим.

Би-би-си: Сизни мажбуран даволашга зарурат бормиди? Нима учун шундай чора кўрилган сизга?

Урлаева: Бу жазо психиатрияси дейилади. У одатда ўз ҳуқуқларини талаб қилган, ёки ҳукуматга қарши қандайдир танқидий фикрни изҳор қилишга уринган, ўзгача фикрда бўлган одамларга жазо сифатида қўлланади. Ўзбекистонда жазо тиббиёти бизнинг овозимизни ўчириш йўлида ишлатилади.

Би-би-си: Бу сизнинг фаолиятингизга қандай таъсир қилган? Ҳар қалай, агар сизга руҳий касал дея ташхис қўйилган бўлса, сизга ёрдам сўраб мурожаат қилишни истаган одамлар ўз фикридан қайтса керак? Яъни, уларнинг ёки ҳатто яқинларингизнинг сизга бўлган ишончи сусайса керак, шундайми?

Урлаева: Биласизми, бизнинг ҳукуматимиз ва махсус хизматларимиз ходимлари шундай усулни қўллашмоқда. Улар суднинг бизга қарши чиқарган қарорлари, тиббий ташхисларни бизга ёрдам сўраб мурожаат қилган ёки қилишни истаган одамларга кўрсатишади. Уларнинг бизга алоқага чиқишларини шу йўл билан тўхтатмоқчи бўлишади. Мана, масалан, бугунги кунда таниқли инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Шуҳрат Рустамов руҳий касал одам деб топилган. Кўплаб шикоятлар ёзгани учун ўтган ёз уни ҳам руҳий ноқобил одам дея эълон қилишди. Гап шундаки, бизда жонли линия бор, яъни махсус рақамлар орқали оддий фуқаролар ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилишни сўраб бизга мурожаат қилишлари мумкин. Мен, Шуҳрат Рустамов, Малоҳат Эшонқулова, Аделаида Ким жуда фаол иш олиб борамиз. Бизга ҳозирда бутун Ўзбекистон ва Қорақалпоғистонда одамлар оқиб келишаяпти. Махсус хизматлар ходимлари эса бу одамларни аниқлаб, уларни қўрқитишга уринишади. Узоқ туманлар ва қишлоқлардан келадиган, интернетни билмайдиган юртдошларимиз ҳақиқатдан ҳам қўрқиб, мурожаат қилмай қўядилар. Лекин, биз кимгадир ёрдам беришга муваффақ бўлганимизни, яхши натижаларга эришганимизни эшитган одамлар барибир ёғилиб келишаверади. Чунки, бу одамлар учун биз охирги умидмиз. Ўзим бугун эрталаб одамларни қабул қилдим, Шуҳрат Рустамовга эса навбат жуда чўзилиб кетган, у ошхоналар ёки бош почтахонада одамларни қабул қиляпти. Малоҳат Эшонқулованинг олдига Бухоро ва Самарқанддан одамлар ёрдам сўраб келишяпти. Лекин, биласизми, ким ким экани ҳаммага аён. Одамлар билишади, биз киммиз ва ҳукуматдагилар ким. Биз оддий одамларни чин юракдан ҳимоя қилаётган ҳимоячилар эканимизни билишади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02. ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek Instagram - BBC UZBEK Twitter -BBC UZBEK Odnoklassniki - BBCUZBEK Facebook - BBC UZBEK Google+ BBC UZBEK YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek) Skype - uzbekbbclondon