Сўз Сизга: Ёзувчилари уюшмаси керакми?

Фото муаллифлик ҳуқуқи none

Шўролар даврининг мероси бўлган Ёзувчилар уюшмаси мавзусини кўтаришимизга сабаб, аввалроқ Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ўз сафидан 26 нафар шоир-ёзувчини бадарға қилгани ҳақида пайдо бўлган хабарлар билан боғлиқ.

Би-би-си билан суҳбатда Ёзувчилар уюшмаси манбаси рўйхатдан ўчирилганлар бор, аммо улар шу кеча-кундузда эмас, балки "йиллар давомида" уюшма сафидан чиқарилганини айтган. Унга кўра, уюшма низомига кўрсатилган талабларга жавоб бермаган, "ижоди тўхтаб қолган" ижодкорлар рўйхатдан ўчирилган.

Би-би-сига билдирилишича, Ўзбекистон Халқ шоири Хуршид Даврон "Ёзувчилар уюшмасидан чиқарилгани йўқ".

Муҳожиротда бўлган шоир ва сиёсатчи Муҳаммад Солиҳ эса, бу уюшмадан ўчирилишини ўзи учун шараф деб билишини айтган.

Аъзоликдан чиқарилгани айтилаётган шоир Нортўхта Қилич аслида 2007 йил Ёзувчилар уюшмасидан "ўз аризасига биноан" кетгани билдирилди.

Ёзувчилар уюшмаси хизматчиси сўнгги хабарни "гиж-гижловчилар"нинг иши сифатида таърифлади.

Айни пайтда бир пайтлар Ўзбекистондаги ёзувчи-шоирларга моддий ва маънавий рағбат кўрсатиб келган ташкилотдан бугун асосан фақат номи қолгани ҳақида гапирилади.

Аммо, айрим адибларга кўра, Шўролар даврида коммунизмга хизмат қилиш учун барпо этилган ёзувчилар уюшмаси, бугунги кунда моҳиятан ўзгаргани йўқ.

Бугун ёзувчи ва шоирлар Ўзбекистон ҳукумати сиёсатини мадҳ этишга даъват қилинадилар.

Ўзбекистонда ижод муҳити Шўролар давриникидан фарқ қилмаслиги, мустақил ва эркин равишда турфа мавзуларда қалам тебратиш ҳамон орзу экани айтилади.

Ижтимоий тармоқлардаги муштарийларимиз: Сизнингча, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси каби турфа ташкилотларга бугун ҳам эҳтиёж борми?

Ижод қилиш учун бирор бир уюшмага аъзо бўлиш шартми? Умуман, Сиз Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳақида нималарни биласиз? каби саволларга юзасидан фикрларини билдиришган.

BBC UZBEK нинг Facebook даги ўқувчиларининг фикрлари:(Изоҳлар айримлари ҳеч бир таҳрирсиз берилмоқда)

Farkhod Abdurakhmonov: Ҳозирги Ўзбекистон Ёзувчилар Уюшмаси 1934 йилда СССРда Коммунистик Партия Қарори билан ташкил этилган СССР Ёзувчилар Союзининг Ўзбекистондаги бўлинмаси ҳуқуқий ворисидир. Ҳаммамизга маълумки, у пайтдаги Ёзувчилар Союзининг асосий фаолияти коммунистик ғояни тарғиб этишга қаратилган, доимо коммунистик партияга хизмат қилган ва унинг тўлақонли назорати остида бўлган. Мустақилликка эришганимиздан кейин Ёзувчилар Союзи Уюшмага айлантирилди. Уюшма дегани қисқача айтганда, маълум бир йўналишда фаолият олиб боручи мутахассислар, ижодкорлар, ишлаб чиқарувчилар, хизмат кўрсатувчилар ва ҳоказоларнинг муайян мақсадни кўзлаб ихтиёрий равишда ташкил этган бирлашмаси ҳисобланади. Ёзувчилар Уюшмаси шу маънода айтиш мумкинки, ёзувчиларнинг дўстона бир доираси, уларнинг бир-бирлари билан фикр алмашишлари, ўзаро ижодларини бойитишлари учун яратилган бир майдон, бир минбар, бир маслаҳатлашиш бурчагидир. Уюшма ўз мақсадларини рўёбга чиқариш учун унинг аъзолари томонидан сайланадиган раҳбариятга эга бўлиши керак. Раҳбариятнинг биринчи вазифаси эса унинг аъзолари манфаатларини турли жойларда ҳимоя этиш бўлиши керак. Уюшмага аъзолик ва ундан чиқиш ихтиёрийликни талаб этади. Шуларни ҳисобга олган ҳолда, Ёзувчилар Уюшмаси ўз фаолиятини олиб бориши керак, аммо амалиётда кўряпмизки, у эскича Союздан қолган ишларни давом эттиряпти. Айтиш жоизки, ёзувчи, ижодкор бу аввало эркин шахс бўлмоғи керак, ёзувчининг энг асосий вазифаси бу ҳақиқатни ёзиш, халқнинг дарду-аламини, шоду-қайғусини баён этиш, халқнинг маърифатлилик даражасини оширишга хизмат қилишдир. Башарти шундай экан, ёзувчи учун қандайдир уюшмага аъзо бўлиш аслида шарт эмас ва ёзувчининг мақоми, обрў-эътибори унинг уюшмага аъзолиги билан белгиланмайди, ёзувчи аввало халқнинг ҳақиқий иқтидорли ёзувчиси бўлиши керак. Халқнинг ҳақиқий ёзувчиси шарафига муяссар бўлиш бу Ўзбекистон Халқ Ёзувчиси деган расмий унвонга эгаликдан ҳам устундир. Афсуски, ҳамма пайтда ҳам бу иккала мавқеъ бир-бирига тўғри келмайди. Ёзувчилар Уюшмаси бир томондан миллий адабиётимизнинг намояндаларини ўз атрофига бирлаштирган экан, ушбу ҳолатда адабиёт эркинлиги, унинг сиёсатдан ва ҳар қандай мафкурадан устун туриши тамойиллари мазкур ташкилотга асосий қоида бўлмоғи зарурдир. Албатта ёзувчиларимиз мустақиллигимизни мустаҳкамлашга, мамлакатимизнинг маънавий салоҳиятини юксалтиришга хизмат қилишлари лозим, аммо ушбу жараёнда улар юзага келган ҳар қандай хато ва камчиликларни танқидий кўз билан қараб ёритишлари шарт, шунингдек, сиёсатимиздаги нуқсонларни объектив баҳолашлари ҳам ўринлидир. Асосийси, уларнинг қўлларидаги қалам фақат объектив ҳақиқатни ёзиши даркор ва ёзувчиларимиз ҳақиқатни баён этганлари учун жазоланишлари эмас балки тақдирланишлари лозим. Агар ёзувчи, шоир ҳақиқатни ёзмаса, маддоҳликка берилса, иқтидорсиз ёзувчилар кўпайса бундай ҳолатда мазкур давлат маънавий бўҳронга, маънавий қашшоқликка юз тутганлигини англатади.

Jamshid Nosirovich: Унда ёзувчилар правсоюзи десаям бўларкан...

Мирза Анвар Хамидов: Ёзувчилар (профсоюзи) касаба уюшмаси - тўғри таъриф!

Farkhod Abdurakhmonov: Мирза Анвар Хамидов Ҳар ҳолда олдинги Ёзувчилар Союзидан тубдан фарқ қиладиган, демократик жамият тамойилларига хос қонунчилик асосида фаолият олиб борувчи мустақил, ихтиёрийлик асосида миллатнинг адибларини ўзида бирлаштирган уюшма бўлиши керак деб ўйлайман.

Omonxon Mamadaliev: Улар маош ҳам олишса керак ҳали....

Farkhod Abdurakhmonov: Omonxon: Mamadaliev, узр, тушунмадим, маош ҳақида сўралмаган бу ерда.

Omonxon Mamadaliev: Агар маош олишмаса демак эркинроқ ижод қилишадимикин деган маънода... чунки моддий манфаатдорлик бор жойда фикр ва ижод эркин бўлмайди... бу гаплар уюшмага тааллуқли.

Гулшода Курбонова: Уюшма ҳам шахсий парникга айланган. Аммо, ҳақиқий истеъдодлар иссиқхона танламайди. Қорда ҳам гуллайди, чўлда ҳам гуллайди, керак бўлса, тошни ниш ёриб чиқиб бўй кўрсатади...

Shukurjon Islomov: Ёзувчилар уюшмаси қайта қуриш йилларида ҳақиқий минбарга айланган. Ҳозир тарқатиб юборилса, биров сезмаса ҳам керак. Молиялайдиган давлат бўлганидан кейин измидан чиқолмайди-да. Кутиб турсак, қолган-қутган ёзувчиларни ҳам ҳайдаса, Facebook дан ҳар бирлари профил очиб, романни шу ерда ёзишлари лозим.

Doston Musayev: Тарқатилди нима, тарқатилмади нима? Информацион асрда яшаяпмиз, адиб нафси учун ижод қилмаса, уни дунёни нариги чеккасидан ҳам ўқийверамиз.

Rahimjon Turdiyev: Ҳеч нима билмайман, билишни ҳам истамайман. Қанақадир уюшмаларга аъзо эмасман, гуруҳ тузиб қандайдир секталарга аралашиб юришни ҳам истамайман. (кулгу белигисини қўйган) Менга қолса, тарқатиб юборишсин бу уюшмани...

Мухаммад Мирзо: Ёзувчилар уюшмаси... боридан йўғи яхши.

Seyera Siyera: Ҳақиқатни ёзадиган ёзувчининг нима бўлиши ҳар кимга маълум...

"Одноклассники"даги BBC UZBEK саҳифасида қолдирилган изоҳлар:

SHOIR ISMOIL QAMBARIY: Қизиқ, мен бу ҳақда ўйлаб кўрмабман!

К О Н С Т Р У К Т О Р: Ёзувчиси маддоҳга айлантирилган юртнинг маънавияти таназзулга маҳкумдир. Уюшма эса, маддоҳлар етиштириб берадиган эски, кераксиз машинага айланиб қолганига анча бўлди.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter -BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBCUZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon

Бу мавзуда батафсилроқ