Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

'Руҳий шифохоналар ислоҳга муҳтож'

Жорий ҳафта Би-би-си Жаҳон Хизмати "Ички дунё" деб номланган мавсум бошлади.

Ўзбек жамиятида руҳий касалларга муносабат қандай?

Ўзбекистондаги психиатрия хизмати фаолияти қанчалар талабга жавоб беради?

Руҳий касалликлар билан боғлиқ муаммолар, соғлиқни сақлаш тизими ва жамиятда руҳий хасталарга муносабат, даволаш усулларига оид баҳсу мунозаралар бериб борилади.

Дунёнинг турли бурчакларидан тайёрланган лавҳалар қаҳрамонлари жамиятда руҳий касалларга нисбатан таҳқирона муносабат ҳамон сақланиб қолгани, психиатрия хизмати талабга жавоб бермаслиги ҳақида гапирадилар.

Кўпда руҳий касалхоналардаги шарт-шароитлар абгорлиги, инсонлар зеҳниятида бундай тиббий масканларга нисбатан салбий муносабат шакллангани ҳақида гапирилади.

Шифокорми, кинначими?

Ҳали ҳамон "маҳалла-кўй, қўни-қўшни"дан истиҳола қилиб, руҳий хаста инсонни шифокорга олиб борилмаслик, уларни уйдан ташқари чиқармаслик ё-да, табиб ва ё муллаларга кўрсатиш билан чекланиш ҳоллари мавжудлиги ҳам сир эмас.

Facebook даги саҳифамизда фикр қолдирган Гулшода Қурбонова ўзбек жамиятида кенг тарқалган анъанавий "муолажа" усулларининг самарали эканини савол остига олади.

"40 мулла бир руҳий беморни даволашга кучи етмайди. Аммо юзлаб руҳий беморларни бир врач вақтинча даволаб юборишининг гувоҳи бўлганман".

Унинг сўзларига кўра, руҳий шифохоналардаги шароитлар яхши эмас, аммо малакали шифокорлар бор.

"Борига шукур врачларини. У ерда ишлашни ўзи бўлмайди. Маънавий жасорат соҳиблари врачлари. Медал бериш керак. Назорат кучли у ерда сабаби..." деб ёзади у.

Oybek Krsavchik исмли Facebook фойдаланувчиси эса руҳий касаллар учун шифохоналарнинг етишмаслигидан нолийди.

"Яхши касалхона йўқ, Сергелидагига бориб кўринг, хулосани ўзиз чиқариб оласиз, энг оддий "жой йўқ "- дейди, малакали ҳамширалар кам".

'Ислоҳга муҳтож'

Zilola Eshanova руҳий шифохоналар ислоҳ қилиниши кераклигини айтади.

"Аҳволни тубдан ислоҳ қилиш керак. Баьзи руҳий шифохоналарда одам ўлиб кетса ҳам ҳеч кимнинг иши йўқ. Руҳий шифохоналардаги азобли ҳолатга руҳий касаллар соғаймайди, аксинча дарди янада кучаяди".

Sharaf Safarov эса "Соғ одамлар шунча дарахтни кесиб ташлармиди?" дея изоҳ қолдирган.

Айрим Би-би-си муштарийлари хасталикнинг ижтимоий табиатига эътибор қаратганлар.

Жумладан, Tohir Bilolov "руҳий касалларни даволашдаги сифат кандайлигини билмадим-у, лекин соппа-соғ одамларнинг жамиятдаги кайфиятдан рухий хаста бўлиб қолишлари ҳеч гап эмас", деб ёзади.

"Ҳозир одам ўзини сал жинниликка солиб, бепарво юрмаса, ростдан ҳам жинни бўлиб қолади", -дейди Муҳаммад Мирзо.

Тошкентдан руҳшунос олим Маҳмуд Йўлдошевнинг Би-би-си билан суҳбатда айтишича, руҳий касалликларнинг тарқалишида ижтимоий омилларнинг таъсири катта.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter -BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBCUZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon