Яна Ўзбекистондан ток келаяпти

Фото муаллифлик ҳуқуқи DAB

Қўшни афғонистонлик масъулларга кўра, бир ой деганда, Ўзбекистондан келувчи ва портлатиб юборилган муҳим электр тармоғини деярли тўлиғича таъмирлашнинг уддасидан чиқишган.

Агар, расмий маълумотларга таянилса, бу тармоқ орқали Ўзбекистондан Афғонистонга камида 320 мегаватт ток ўтган.

Ўзбекистоннинг токи Афғонистон пойтахти Кобулнинг электр энергиясига бўлган эҳтиёжининг 75 фоизини қондириб келган.

Ўтган ой охирида бу электр тармоғининг шимолий-шарқий Бағлон вилоятидан ўтувчи учта симёғочи портлатиб юборилган, афғонистонлик масъуллар бу ишни толибларга нисбат беришганди.

Аммо бунинг ортидан Афғонистон Толибон ҳаракати раддия билан чиқиб, уларнинг бу баёнотини кескин рад этганди.

Электр симёғочларининг портлатиб юборилганига оид хабар Ўзбекистондаги қатор интернет нашрлари эътиборидан ҳам четда қолмаган.

Аммо уларда бу хусусда расмий Тошкентнинг изоҳи ўз ифодасини топмаганди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Ўз ўрнида, Афғонистондан олинган сўнгги янгиликка ҳам, Ўзбекистон томонининг расмий муносабати, ҳозирча, маълум эмас.

Бағлон вилоятида юз берган ушбу ҳодиса ортидан, қўшни Афғонистонда миллионлаб одамлар ҳафталаб деярли мутлақ электр токисиз қолишганди.

Мавжуд вазият пойтахт ҳаётининг деярли барча қирраларига жиддий таъсир қилган.

Электр таъминотининг йўқлиги боис, қатор корхона ва фабрикалар фаолиятдан тўхтаган.

Тижорат юритиш қийинлашган, АҚШ доллари ва ёқилғи маҳсулотлари қимматлаб кетган, дўкондорлар касодга учраш ёқасига бориб қолишганди.

Афғонистонлик давлат масъуллари эса, орада кечган вақт давомида фақат генераторлар ёрдамида пойтахт Кобулнинг электр энергиясига бўлган эҳтиёжининг 30 фоизини қондиришга имконли бўлишганди, холос.

Вазият

Афғон ҳукуматининг қарийб бир ой давомида Ўзбекистондан келувчи электр энергиясини қайта тиклашнинг уддасидан чиқа олмагани, ҳатто, Кобулда маҳаллий фаолларнинг қатор норозилик чиқишларига ҳам сабаб бўлганди.

Ночор аҳволда қолган аҳоли ҳам туман хавфсизлигини таъминлаб, электр таъминотини қайта йўлга қўя олмагани учун афғон ҳукуматини танқид қилишга ҳам тушишган.

Ҳукумат масъуллари бунинг сабабини электр симёғочлари ўтган минтақанинг деярли толиблар назорати остида экани ва атрофи миналаштириб юборилгани боис, у ерга ўтишнинг имконсиз экани билан изоҳлашганди.

Бу электр симёғочлари барчаси Бағлон вилоятининг толиблар ўта фаол Данди Шаҳобиддин минтақасидан ўтган.

Вужудга келган бу каби вазият сабаб, Афғонистон Мудофаа вазирлиги бошчилигида аввалига Бағлон вилоятининг Данди Ғўрий ва бунинг ортидан, унга туташ Данди Шаҳобиддин минтақасида кенг кўламли давомий махсус ҳарбий амалиётларга қўл урилган.

Бу амалиётларга Афғонистон барча куч тизимларининг юзлаб аскарлари ва ҳаводан мадад кучлари ҳам жалб этилганди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Айниқса, вилоятнинг толиблар сони юзлаб экани айтилган Данди Шаҳобиддин минтақасидаги жанглар шиддатли кечган ва ҳарбийларга кўра, бир ҳафта деганда портлатилган электр симёғочлари атрофини толиблар ва миналардан тозалашга муваффақ бўлишган.

Жанглар давомида юзга яқин толибни ўлдириб, яралашган ва қолганлари минтақа сарҳадларига чекинишга мажбур бўлишган.

Агар, масъулларнинг сўзларига таянилса, уларнинг орасида покистонлик, араб жангарилар ва Ўзбекистон Исломий Ҳаракатининг аъзолари ҳам бўлишган.

Афғонистон Мудофаа вазири муовинининг сешанба куни чиқишидан маълум бўлишича эса, сўнггига келиб, портлатилган симёғочларнинг жаъми бешта экани маълум бўлган.

Афғонистонлик масъулларга кўра, Данди Шаҳобиддиндаги ана шу ҳарбий амалиётлар ортидангина, бу электр симёғочларининг, ҳозирча, фақат учтасини таъмирлашнинг уддасидан чиқишган. Қолганларини қайта тиклаш ишлари эса, ҳануз давом этмоқда.

Орада Афғонистоннинг бошқа бир шимолий-шарқий Қундуз вилоятида ҳам Тожикистондан келувчи электр токи ўтадиган қатор симёғочларнинг портлатиб юборилгани маълум бўлган, аммо хавфсиз ерда жойлашгани боис, маҳаллий масъуллар уларни тезда таъмирлашнинг уддасидан чиқишганди.

Данди Шаҳобиддин

Афғонистон шимолида бўлган ва Бағлондаги вазиятни яқиндан кузатиб келаётган мухбиримиз Ҳаёт Шайбоннинг айтишича, жанглар тинган эса-да, Данди Шаҳобиддиндаги вазиятни буткул осойишта, деб бўлмайди.

Мухбиримизга кўра, Афғонистоннинг Бағлонга қўшни бошқа қатор вилоятларидан ҳам келишгани боис, минтақада ҳануз толиблар катта сондаги ҳозир ва исталган пайтда тўқнашувлар юз бериши эҳтимоли кучли.

Унинг сўзларидан аён бўлишича, мавжуд вазият сабаб, ҳарбийлар ҳам илк бор янги таъмирдан чиққан электр симёғочлари ҳимоясига хавфсизлик кучларини сафарбар этишган.

Бағлон вилоятилик масъуллар эса, бундан аввал Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатларида электр симёғочларини таъмирлаб бўлишлари ортидан, минтақани толиблардан буткул тозалаш учун янги ҳарбий амалиётларга қўл уриш режасида эканликларини айтишганди.

Мухбиримизга кўра, мавжуд вазият сабаб, минтақа аҳолиси ҳам ҳануз жиддий хавотирда ва ҳаётнинг ҳам ўз измига қайтиши узоқларга чўзилиши мумкин.

Бағлон Бадахшон ва Қундуз баробарида Афғонистоннинг сўнгги йилларда хавфсизлиги жиддий издан чиқиб бораётган ва толиблар ниҳоятда фаол учта шимолий-шарқий вилоятидан биттаси саналади.

Мухбиримиз Ҳаёт Шайбоннинг айтишича, охирги пайтларда Бағлоннинг Данди Ғўрийдан бошқа ўндан ортиқ туманларида ҳам хавфсизлик билан боғлиқ вазият анчайин ёмонлашган.

Бағлонда азал-азалдан асосан тожиклар истиқомат қилиб келишади, улардан кейин вилоятнинг катта сондаги аҳолисини пуштун ва ҳазоралар ташкил қилишади.

Вилоятда оз сонда ўзбек ва татарлар ҳам истиқомат қилишади.

Бағлон пойтахт Кобулни деярли Марказий Осиё давлатлари билан боғловчи муҳим транзит йўлида жойлашган.

Иқтисоди асосан қишлоқ хўжалигига асосланган ва Афғонистоннинг йирик ғаллакор вилоятларидан бири саналади.

Афғонистоннинг аксарият вилоятларидан фарқли тарзда, Бағлондан собиқ Шўролар давридан қолган цемент ва шакар ишлаб чиқарувчилари каби қатор корхоналар ҳам жойлашган.

Бағлон вилоятидан Ўзбекистондан ташқари, яна қўшни Тожикистондан келувчи электр тармоғи ҳам ўтади.

Маҳаллий кузатувчиларга кўра, Бағлоннинг бу каби ўзига хосликлари ҳам толибларни бефарқ қолдирмаган муҳим факторлардан бирига айланган.

Маҳаллий масъуллар ўзларининг ҳам тан олишларича, бир томондан толибларнинг фаоллиги, бошқа тарафдан, тоғли ва дала-даштли ҳудудлар оша узангани боис, Афғонистондаги электр таъминоти учун қанчалик муҳим бўлмасин, бу икки тармоқ хавфсизлигини таъминлашга имконсизлар.

Фото муаллифлик ҳуқуқи DAB

Имконли бўлган айрим маълумотларга кўра, бир неча ўн йиллик урушлардан энди-энди оёққа тураётган Афғонистон жорий пайтда 1300 мегаваттга яқин электр энергияси истеъмол қилади.

Унинг 80 фоизга яқинини ўзига бевосита чегарадош тўрт минтақа давлати – Ўзбекистон, Тожикистон, Туркманистон ва Эрондан олади.

Шунинг 30 фоиздан ортиқроғи Ўзбекистоннинг ҳиссасига тўғри келиши айтилади.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC
  • UZBEKTwitter -BBC
  • UZBEKOdnoklassniki - BBCUZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)Skype - uzbekbbclondon

Бу мавзуда батафсилроқ