Ўзбекистон: диний тутқунлар руҳан ва жисмонан эзилган

Би-би-си Жаҳон хизмати инсониятга хавф солаётган руҳий касалликлар муаммоси қирраларини ёритишга қаратилган туркум эшиттиришларни давом эттирмоқда.

Диний эътиқодлари ортидан қамалган маҳбуслар ҳақида мониторинг олиб бораётган халқаро "Форум 18" ташкилотининг айтишича, Ўзбекистон қамоқхоналарида диний тутқунлар руҳан ва жисмонан эзилган.Ташкилотга кўра, бундай маҳкумлардан бири сўнгги учрашувда яқинлари билан видолашган, бу қариндошларини хавотирга солган.

Би-би-си Ўзбек хизмати "Форум 18" янгилик хизматининг муҳаррири Феликс Корли билан суҳбатлашди

Феликс Корли: Хайрулло Турсунов уч йил олдин Қозоғистондан экстрадиция қилиниб, кейинчалик ноқонуний диний фаолиятда айбланиб, узоқ йиллик қамоқ жазосига ҳукм этилган. У Бухоро вилоятидаги қаттиқ қўриқланадиган Қоровулбозор колониясида сақланмоқда. Унинг чет элда яшаётган қариндошларидан бирининг бизга айтишича, Турсунов уни ўтган декабрда бориб кўрган сингиллари билан “худди умри охирига етган одамдек видолашган”. Сингилларининг айтишича, ёки уни қийноққа солишган ёки у чуқур тушкунликка тушган. Яқинлари аниқ сабабларини билолмаганлар. Бироқ, шуниси аниқки, Ўзбекистон меҳнат колонияларида қамоқ жазосини ўтаётган ва озодликка чиқишга умид узган ҳар ким чуқур руҳий таъсир остига тушади. Бундай маҳкумлар жиддий тушкунликдан азоб чекишлари ҳолатларини ташкилотимиз қайд этган. Хусусан, Турсунов мисолини олсак, у ҳукм этилган ўн олти йиллик қамоқ муддатидан уч йил ўтиб, соғлиги ёмонлашган, силга чақлинган, бунинг устига, қаттиқ руҳий хасталикка чалинган.

Би-би-си: Эътиқод тутқунлари ва умуман бошқа маҳбусларда ҳам пайдо бўлаётган психологик ва руҳий ўзгаришларни қайси тегишли органлар инобатга олишади, яъни бу уларни ташвишлантирадими?

Феликс Корли: Бу жуда катта муаммо. Ўзбекистон каби мамлакатда бирорта расмий шахс маҳбуслар руҳий хасталикларга чалинганини тан олиши ўта қийин. Айниқса, ўз диний ибодатларини бекаму-кўст адо этишга уринаётган ё-да ўз мамлакатида юзага келган инсон ҳуқуқлари вазиятидан самимий қайғураётган шахслар ушбу абгор аҳволни кўриб, бунинг ўзидан тушкунликка тушишлари мумкин. Яъни, бу одамлар Ўзбекистонда Худога ишониб, ўз диний мажбуриятларини эркин адо этолмасликларини тушунишади. Бу каби одамлар, айниқса, узоқ муддатга ҳукм этилган шахслар чорасизлик ва ноиложсизликни бошларидан кечиришлари мумкин. Хайрулло Турсунов атиги қирқ ёшда, бироқ у қамоқхонага тушиб, сил касаллигига чалинган. Қамоқхона расмийлари эса ташкилотимизга айтишларича, бу касалликдан у аллақачон даволаниб бўлган. Бироқ қамоқхона шароитларида силдан даволаниш ўта қийин. Ўзбек қамоқхоналарида сақланаётган эътиқод тутқунларидан опа-сингил Ҳамдамоваларнинг мисолини ҳам келтиришим мумкин. 46 ёшли Меҳринисо давлат томонидан ташкиллаштирилган масжидда Исломни ўргатгани учун ноқонуний диний фаолият юритиш иддаолари билан қамалган. Биз буни тахмин қилишимиз мумкин, чунки Ўзбекистонда расмийлар нима учун у ёки бу шахс қамалганини батафсил тушунтириб ўтирмайдилар. Меҳринисо етти йилга ҳукм этилган, унинг 55 ёшда бўлган Зулхумор опасини эса, қариндош бўлгани учунми, олти ярим йилга маҳкум этишган. Меҳринисо қамоқхона бошлиқлари бутун тиббиёт хизматини назорат қилаётганларини билган ҳолда ва бундан қўрқса-да, қамоқ шароитида жарроҳлик амалиётидан ўтишга мажбур бўлди.

Би-би-си: Демак, қамоқхона бошлиқлари маҳбусларнинг тиббий аҳволини яхшиллашни исташяпти деб айтсак бўладими, ҳартугул, улар маҳбусларнинг хибсда ўлиб кетишларини хоҳламаётгандирлар?

Феликс Корли: Айнан бу –энг катта муаммодир! Меҳринисо Ҳамдамова бошининг орқа томонида пайдо бўлган бир шиш 2015 йилнинг охирида жарроҳлик орқали олиб кесилганди. Бироқ, унда ривожланган бошқа ўсма - миома хавфли ва қаттиқ оғриқ берувчи саратонга етаклаши мумкин. Бизга аниқки, расмийлар унинг соғлиги Ўзбекистон ташқарисида бўлган кўпгина одамларни ташвишлантираётганидан жуда яхши хабардор. “Меҳринисо Ҳамдамова оламдан ўтди” деган тахминлар пайдо бўлганида, ҳокимият дарҳол бу миш-мишни тарқатишга уринди. Қамоқхона расмийлари опа-сингилни апрел –май ойларида озод этишни кўзламоқда. Агар бундай бўлса, Ҳамдамовалардан бири унга берилган тўла жазо муддатини ўтириб чиққан бўлади. Бунга катта умид боғлаётган оила аъзолари маҳкума опа-сингилнинг жисмоний ва руҳий аҳволидан катта хавотирдалар ва уларнинг хавотирлари сусайгани йўқ

Би-би-си: “Форум 18” ташкилотингиз Ўзбек расмийлари билан мунтазам мулоқот олиб боришга имконга эга. Улар билан гаплашганингизда, расмийлар маҳкумларга нисбатан қўлланилган ёмон муносабат ва руҳий босим ҳолларини қандай тушунтириб берадилар?

Феликс Корли: Кўп ҳолларда расмийлар мулоқотдан бош тортадилар, фақат агар айрим қамоқхона раҳбарига қўнғироқ қилиб тушишга муваффақ бўлсангиз, ўшанда гапириши мумкин. Масалан, ҳамкасбларимдан бири ўтган йили Хайрулло Турсунов сақланаётган қамоқхона маъмурияти билан суҳбатлашишга уринди. Мулоқот пайтида фамилиясини ошкор этишдан бош тортган мазкур расмий Турсуновнинг соғлиги олий даражада, ҳаммаси яхши, аҳволи ҳеч ёмонлашгани йўқ, дея бизнинг сўровларимизни рад этди. Расмийларни кутилмаган пайтда тутсангиз, улар, ҳойнаҳой, жавоб беришлари мумкин. Биз Ички ишлар вазирлиги қошидаги ГУИН бошлиғига мурожаат қилдик. Бу орган барча қамоқхоналардаги маҳбуслар учун масъул бўлишига қарамай, биз билан мулоқот қилишдан бош тортди. Биз эътиқод тутқунларининг оддий ҳуқуқлари нима учун бажарилмаётганини сўрамоқчи эдик. БМТнинг маҳбусларга нисбатан ишлаб чиқилган қоидаларига мувофиқ, ҳукумат қамоқда ўтирган ҳар бир шахснинг диний ибодат қилишига халақит қилинмаслигини таъминлаши лозим. Расмийлар эътиқод тутқунларини диний китоблар билан таъминлаб, уларга диний ибодатларини бажо келтиришларига шароит яратиб беришлари шарт. Ўзбек қамоқхоналаридаги маҳбуслар эса Қуръон ёки Инжилдан эркин фойдаланолмайдилар. Хyллас, Ўзбекистон қамоқхона расмийлари ҳибсхоналардаги қонунбузарликларни ё ёппасига рад этишади ё-да “биз қонунга биноан иш тутаяпмиз” дея ҳар хил бахона топиб, мулоқотдан бош тортишади. Назаримда, улар жуда қўрқадилар ёки улар бунга умуман бефарқ қарайдилар, яъни, нима учун ўз саъй-ҳаракатларини ташқаридаги одамларга оқлашлари керак, деб ўйлашлари мумкин

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter -BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBCUZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon

Бу мавзуда батафсилроқ