'Бизда ҳали умуман ишламаган каллалар бор...'

Image caption "Ҳаётимиз кундан-кунга гўзаллашмоқда".

Салом Би-би-си! Баҳорий кайфиятлар қалай?

Сўраганим, айнан шу мавзуда баён ёзинг, дебди қизчамнинг ўқитувчиси. Унга ҳозир дўндирамиз, шу ҳам иш бўлибдими, дедим-да, ёз: "Қорлар эриб, кунлар исиб, дарахтлар куртак чиқара бошлади," десам, - Эээ, дада, қанақа қор бу йил? Кунлар ойлаб илиқ-ку, қайси дарахтлар, тўнка қилиб кесиб ташланган дарахтларми? Бизга хақиқий янгиликлар керак экан," деб одамни мот қилди.

Янгилик бўлса янгилик, унда ёз дедим. Эрта-индин 1 Март. Кўчаларда жилет савдоси чаққон. Баъзи уддабурон болалар ҳаттоки реклама ҳам ёзиб олган - "Жилет, лучше для мужчине нет!" деб.

Аввалида мен ҳам сизга ўхшаб соқол олиш асбоби деб тушундим. Йўқ, бу фосфорли кечаси чироқ нурини қайтарадиган нимча экан. 1 Мартдан агар шу нимча машинада бўлмаса жаримани отни калласидек қилиб тайёрлаб қўяверинг. Узун қулоқ гапларга қараганда, жилетни ҳам сертификати боридан олиш керак экан.

Image caption Ҳозир жилетлар бозори чаққон.

Хуллас ҳаётимиз гўзаллашмоқда кундан-кунга. Демоқчиман-ки, ҳамма нарса инсон учун. Буни ҳеч бир киноясиз айтмоқдаман. Белида фосфорли белбоғи бор нимчанинг асл мақсади инсон хавфсизлигини таъминлашдан иборат. Шу жиҳатдан ўзбегим мақталган Оврупони ҳам анча ортда қолдирган бўлса ажабмас. Видео камераларни айтмайсизми... Яқинда Лондонни ҳам ортда қолдирсак керак, сабаби ҳар бир бинода хонадон яшовчиси ҳисобидан кузатувчи камера ўрнатиш лойиҳаси йўлга қўйилмоқда экан.

Гап Оврупо ҳақида уриниб қолди. Сўрамоқчи бўлганим, нега Англия Оврупо Иттифоқига кираман-чиқаман деб "кирди-чиқди" бўлиб қолди? Шу масалада референдум ўтказаман деб қолганмиш. Бир ҳовуч муҳожирлар келиб у ерда ҳам давлат бюджетида етишмовчилик пайдо бўлдими? Уларда ҳам биз каби парламент аъзоларини оддий фуқаролар сайладими? Унақа бўлса нега одамларни овора қилиб арзимаган масалада ҳам референдум чақиради? Парламентда ўзлари келишиб бир овоздан ҳам ҳал қилиб қўйса бўлмайдими?

Керак бўлса келиб мана биздан тажриба ўрганиб кетишсин. Мисол учун дунёда молиявий бўҳрон бошланиб, четдан валюта жўнатмалари камайиб кетди. Натижада бюджетда бир каттакон тешик пайдо бўлибди. Барака топгур депутатларимиз аҳолини бошини оғритмай буни ўзлари бир зумда ямаб қўйишди. Мана ҳеч кимнинг хаёлида йўқ жилетка пайдо бўлди. Буни масалага ижодий ёндашиш дейдилар. Эҳ-ҳе, ҳали керак бўлса қанчадан-қанча теша тегмаган ғоялар бор. Раҳматли Ҳожибой Тожибой айтгандек: "...бизда ҳали умуман ишламаган каттакон каллалар бор, агар улар ишлаб кетса борми?!"

Ўзбекистонлик муштарий.
  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBCUZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon