Россия матбуоти: телеканаллар қотиллик ҳақида сукут сақлади

Россия матбуоти ва Интернет ижтимоий тармоқлари эътибори Москвадаги қўрқинчли қотилликка қаратилганича қолмоқда.

Рўзнома ва Интернет нашрлари қотилликда гумон қилинаётган аёлнинг "Октябрское поле" метро бекати ёнидаги ҳаракатлари руҳий соғлом одамнинг ҳаракатларига ўхшамагани ҳақида ёзганлар.

РБК рўзномаси Россиянинг асосий давлат телеканаллари ушбу қотиллик ҳақида хабар бермасликка қарор қилганлари ҳақида ёзган.

1-канал, "Россия-1", НТВ ва Рен-ТВ телеканаллари ўзларининг янгилик дастурларида бу қотиллик ҳақида сукут сақладилар, деб ёзган рўзнома.

Телеканалларда ишлайдиган икки ходим РБК рўзномаси билан суҳбатда айтишларича, йирик телеканалларга тўрт яшар қизчанинг ўлими ҳақидаги сюжетни намойиш этмаслик ҳақида "юқоридан" маслаҳат берилган.

РБК рўзномаси қайд этишича, Россия расмийлари қотилнинг қайси мамлакатдан эканига эътибор қаратилишини хоҳламаганлар.

Кремлда эса телеканалларга буйруқ берилганини рад этганлар.

"Бундай эмас. Каналларнинг ўзи ақлдан озганларни кўрсатмасликка қарор қилганлар. Биз уларни қўллаб-қувватлаймиз", деб айтган Россия президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков.

Матбуот ва Интернетда тўрт яшар қизнинг бошини танасидан жудо қилган энаганинг самарқандлик экани ҳақидаги хабарлар тарқалган.

Ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари 1977 йилда туғилган аёлнинг қизча бошини қўлида тутиб метро бекати олдида пайдо бўлган пайтда ақли жойида бўлмагани ҳақида айтганлар.

Бироқ кейин ҳуши жойига келган, ҳамма саволларга аниқ жавоб берган.

Жиноят содир этган жойи манзилини аниқ айтган, полициячиларга ўзи йўл кўрсатган ва жиноятни қандай содир этганини гапириб, кўрсатиб берган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBCUZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon

Бу мавзуда батафсилроқ