Ўзбек ҳуқуқ фаоллари мукофотланди

Американинг "Меҳнаткашлар ҳуқуқлари халқаро форум" ташкилоти Елена Урлаева, Дмитрий Тихонов, Ўктам Пардаевнинг олиб бораётган ҳуқуқ фаолияти учун мукофотлашга қарор қилган.

"Уларнинг етакчилиги, жасорати ва Ўзбекистоннинг пахтачилик соҳасида мажбурий меҳнат тизимини ўзгартириш мақсадида ҳаракатлари учун" тақдирланади, дейилади ташкилот хабарида.

Ҳуқуқ фаоллари Ўзбекистонда доимий босимлар, кузатишлар остида фаолият олиб боришга мажбур эканликларига эътибор қаратилади.

Бундан олдин Амнести интернешнл халқаро ташкилоти 2015 йил якунлари бўйича ҳисоботини эълон қилган.

Ўзбекистондаги инсон ҳақлари вазияти ёритилган бўлимда айтилишича, Елена Урлаева, Ўктам Пардаев ва бошқа фаоллар ҳуқуқ фаолияти учун ҳукумат томонидан босимлар ва қийноқларга тутилган.

Жумладан, ўтган йил 31 май куни ҳуқуқ фаоли Елена Урлаева Чинозда ҳукуматнинг мажбурий меҳнатдан фойдаланаётганини ҳужжатлаштираётганда, милиция томонидан ушлаб кетилиб, мажбурий ҳақоратли жинсий текширувдан ўтказилгани мисол келтирилади.

Милиция ходимлари Урлаевани "ватан хоини" деб ҳақоратлаганлар, калтаклаб, кийимларини ечтирганлар. Агар шикоят қиладиган бўлса, унинг суратларини интернетга жойлаштириш билан таҳдид қилганлар. Елена Урлаева бир неча бор мажбуран руҳий касалликлар шифохонасига ётқизилган.

2015 йил ноябр ойида эса Ўктам Пардаев товламачилик, пора олиш ва ҳақорат қилганлик моддалари бўйича айбланиб, ҳибсга олинган.

Прокурор фаолга 7 йилу 8 ойлик қамоқ жазоси берилишини сўраган.

Ҳуқуқ фаоли ўзига қўйилган айбловларни касбий фаолияти туфайли эканини айтган, айбловларни бўйнига олмаган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи none

Ўктам Пардаев ҳибсдалигида бир қанча инсон ҳақлари ташкилотлари Ўзбекистон ҳукуматидан фаолни озод қилишга чақиришган. Бундан ташқари Ўзбекистонда фаолият олиб бораётган жуда оз сонли бошқа фаолларни таъқиб қилинишига чек қўйишни сўрашган.

Январ ойида ўтган маҳкамада Пардаев амнистияга мувофиқ, суд залидан озод қилинганди.

Бироқ жиззахлик ҳуқуқ фаолининг хабар қилишича, унга нисбатан таъқиблар ҳамон давом этмоқда.

Жиззах шаҳар ИИБ Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари мустақил ташкилотининг Жиззах вилояти бўлими раиси бўлган Ўктам Пардаевнинг ўзи яшаб турган жойдан бошқа ерга боришини тақиқлаган.

Ўзбекистондаги мажбурий меҳнат ва қатор қонунбузарликларни кузатиб, мустақил ахборот воситаларида ёритган ангренлик фаол Дмитрий Тихонов ҳам бир неча бор ҳибсга олинган, милиция томонидан калтакланган, уйига номаълум кишилар томонидан ўт қўйилган.

Дмитрий Тихонов ҳукуматнинг доимий босимлари боис ниҳоят шу йил бошида мамлакатни тарк этишга мажбур бўлганди.

"Меҳнаткашлар ҳуқуқлари халқаро форум" ташкилотининг мукофотлаш маросими май ойида Вашингтонда бўлиб ўтади.

Ҳуқуқ фаолларининг ўзлари тадбирда иштирок эта олишлари ҳозирча номаълум.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз,телефонимиз:+44 78-58-86-00-02.ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBCUZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon

Бу мавзуда батафсилроқ