Миллий ширинлик ва таомлардан Ўзбекистон харитаси тайёрланди

Тошкентда миллий қандолатчилик маҳсулотлари ва таомлардан фойдаланиб тайёрланган Ўзбекистоннинг энг катта харитаси намойиш этилган.

Ушбу лойиҳа Chustiy's Cuisine ва TEZ FOOD Ўзбек миллий таомлари бренди муаллифи Баҳриддий Чустий ва унинг ҳамкорлари томонидан амалга оширилган.

Баҳриддин Чустийнинг ўзи Фейсбук ва Инстаграм каби ижтимоий тармоқларда хаританинг тайёрланиш жараёни ва ҳар бир вилоятнинг ўзига хосликлари, таомлари ҳақида изоҳ берган.

Image caption Суратлар Баҳриддин Чустийнинг Фейсбукдаги саҳифасидан олинди.

Чустийнинг Фейсбукда ёзишича, дарё ва денгизни харитада қандай миллий маҳсулот билан кўрсатиб бериш бироз муаммо бўлган.

"Сўнгги бир икки ҳафтада ранг бериши мумкин бўлган барча нарсани коктейл учун ишлатиладиган кўк сироп билан бўяб чиқдик. Натижа эса кониқарсиз эди. Ҳаттоки аёлимдан якин кунларда килинган тортида фойдаланган кўк рангли кокос кукунини қаердан олганини ва ортиқчаси борми деб ҳам сўрадим. Чунки кўк рангли миллий маҳсулот топа олмасам чет элдан келтирилган кўк рангли кокос кукунини ишлатишга мажбур бўлар эдим... Бироқ парварда ишлаб чиқадиган кандолатчиларимиз бизни мулзам булишдан кутқаришди...", дейди у.

Ўзбекистоннинг табиий маҳсулотларидан ясалган харита ғояси ва кўриниши ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларининг олқишларига сабаб бўлган, ўнлаб изоҳлар қолдирилган.

Андижон ҳудуди гуруч орқали белгиланган.

"Келиб харитани кўрганлар, нима Андижонда гречка ишлаб чиқиладими?- деб сўрашмоқда... Йўқ, бу гречка эмас Андижонда етиштирилган ва ўша ердан олиб келинган девзира гуручини қора қилтириқ сорти...", деб айтган муаллиф.

"Самарқанд сайқали руйи-замин аст. Анинг майизига патчи хам бас келмас", деб изоҳланади Самарқанд ҳақидаги сурат.

Фарғона вилояти машҳур Кўқон ҳолваси орқали кўрсатилган.

"Режамиз бўйича Тошкентда бир неча марталик уринишимизга қарамай телеминора рисоладагидек чиқмади ва телеминорасиз чикишга тўғри келди. Ер майдонига эса бошқа вилоятларга нисбатан энг кўп истеъмол қилинадиган мош ва қази ишлатилган", дейди муаллиф.

Жиззах вилояти сомсадан иборат, дея изоҳланган суратга фойдаланувчилар ҳам, Жиззах ва сомса ажралмас эканини ёзишган. Сирдарё учун сариқ нўхат ишлатилган.

Хоразм вилоятининг тарихий обидалари ва манзарасини Хоразм гуручи орқали кўрсатилган.

Муаллифнинг таъкидлашича, "ҳудуд учун ҳар бир гуруч сал кам бир соат мобайнида 3 киши бошчилигида битталаб саналган". Жами 8954 дона гуруч ишлатилган. Бу рақам Ўзбекистон мустақилликка эришган 1991 йил 1-сентябрдан бошлаб то харита тайёрланган кунгача бўлган кунлар ҳисоби бўлган.

"Навоий деганда киши хаёлига илк келадиган фикр бу Зарафшон олтин кони, тиллалар макони келади, шу боис биз ҳам миллий ошхонамиз дурдонаси бўлмиш новвотдан фойдаландик".

Сурхондарё вилоятида етиштириладиган хандон писта харитадан ўрин олган.

Қашқадарёда чорвачилик яхши ривожлангани ва гўшт кўп истеъмол қилиниши инобатга олиниб, харитада гўшт ўрнига ўрик қоқисидан фойдаланилган.

Oybek Yahshiev шундай ёзади: Харита жуда ажойиб чикибди. Энди навбат бирма- бир вилоятлар бўйлаб саёҳат килишингиз керак хар бир вилоят ошхонаси билан янада якиндан танишиш учун". "Ўрик қоқи масаласига келсак, жуда савоб иш қилдингиз. Қашқадарё тандир кабоби билан машҳур, олиб кел, деган дўстларимизга, биз бошка неъмат билан машҳурмиз деб ўрик қоқи келтираверамизда",-деб ҳазил изоҳ қолдирган Фейсбукда.

Озиқ- овқатлардан қилинган Ўзбекистон харитаси Interrecord агентлиги томонидан "миллий маҳсулотлардан қилинган энг катта Ўзбекистон харитаси" сифатида рўйхатга олинган.

Узунлиги 6 метр, эни 3 метр бўлган харитада 20 дан зиёд Ўзбекистон миллий маҳсулотларидан фойдаланилган.

Ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларига кўра, харита миллий маҳсулотларнинг ажойиб кўргазмаси бўлган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз,телефонимиз:+44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBCUZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon