Ҳолинг қалай қария ё шукур боламми?

Фото муаллифлик ҳуқуқи Umida Akhmedova
Image caption Ўзбекистонда кексаларни авайлаш учун махсус йил ҳам эълон қилинган.

Ўзбекистонда янги Нафақахўрлар Уюшмаси тузилишини баъзилар хуш қаршиласа, бошқалар истеҳзо билан қарашмоқда.

Шундоқ ҳам "пластик"ка ўтказилган нафақаларини нақд қилолмай хуноб ва саргардон кексалар ҳуқуқини янги уюшма тиклаб беришига кўпчилик ишонмайди.

"Нафақаларнинг ярми пластикка ўтказилгани яхши, шаҳар жойида коммунал тўлов ё баъзи маҳсулотлар учун пластик карточкани ишлатиш мумкин" - дейди самарқандлик нафақахўр Тошпўлат Раҳматуллаев.

"Лекин ҳаммасини пластик қилиб бўлмайди. Унда жуда қийналиб қоламиз" -давом этади суҳбатдошимиз - "Нақд етмаслиги боис шундоқ ҳам саноқли банкоматларда пул йўқ".

Пластик нафақа

Аслида пластик карточка жуда ўнғай. Лекин бу учун уни ҳар ерда, нақд пул билан баб-баравар ишлатиш имкони яратилиши даркор.

Ўзбекистонда эса худди ана шу имконият ё йўқ, ё чекланган. Оқибатда, қишлоқ жойларидаги кексалар қийин аҳволда қолишмоқда.

Тасаввур қилинг, пластик карточкани тиқиб, нақд пул оладиган банкомат машина тополмайсиз, пластик оладиган дўконлардаги нархалар бозордан анча қиммат ва карточкани қишлоқда ишлатишнинг ўзи имконсиз.

Аммо Ўзбекистон ҳукумати пластик карточкалар қандай ишлатилиши масаласини ҳал этмасдан, уларни мажбуран жорий этган.

Image caption Ўзбекистонда кексайганда, боланг қарамаса, нафақага яшолмайсан.

Натижада одамлар қийналмоқда, айниқса, кексалар учун бу янгилик ортиқча бошоғриқ, овогарчилик ва сарсонгарчилик яратди.

"Янгидан пайдо бўлган учар саррофлар нафақаларни нақд қилиб бериш учун 10-15% пулингизни олиб қолишади. Одамлар иложсиз, шунга рози бўлишади" - дейди қашқадарёлик нафақахўр.

"Қари одам дори олади, бозордан арзонроқ нарса олади. Бу учун эса нақд керак".

Имтиёз қоғозда, шиор деворда

Ўзбекистонда кексалар учун имтиёзлар кўплиги айтилса-да, улар амалда йўқ ёхуд бўлса ҳам тузук ишламайди.

"Дори-дармон, хусусан, шошилинч ёрдам учун керакли дорилар текин, деб ёзиб қўйилган" - дейди Тошпўлат Раҳмутталлаев.

"Амалда эса ҳаммаси учун пул тўлаш керак. Текин дори йўқ".

"Энди бола-чақангиз қарашмаса ё бирон тижоратингиз бўлмаса, жуда қийналиб қоласиз" - дейди суҳбатдошимиз.

Ўзбекистонда азалдан ота-онага қараш фарзанднинг бурчи саналади ва имконли инсонлар ўз ота-онасини нафақага муте қилиб қўйишмайди.

Лекин фарзандсиз кексалар аҳволи ўта оғир.

Бунинг устига, бугун ёшлар орасида ишсизлик баланд, маошлар яшашга етмайди ва ўша ҳам вақтида берилмайди.

Шу сабабли ҳам кекса ота-онаснинг нафақаси ортидан кун кўраётган оилалар озмунча эмас.

Яъни баъзилар ота-онасига қараш у ёқда турсин, аксинча, уларнинг нафақасига қарам бўлиб қолган.

Image caption Ўзбек отахон-онахонлари одатда ношукурлик қилишмайди...

"Яқинда саховат уйида бўлгандик, 100 нафардан кўпроқ қария яшаркан" - Тошпўлат Раҳматуллаев қариялар уйида кўрганларини эслайди.

"Уларнинг деярли барчаси маҳаллий миллат вакиллари. Болалари ҳам бор. Ўз вақтида яхши ишларда ҳам ишлашган".

Маънавий пир-бадавлат

Баъзи соғлом кексалар ишлашни исташади. Лекин янги қонунларга кўра, озгина пул топган қария ҳам нафақасининг ярмидан ажралади.

Мавжуд нафақаларнинг энг каттаси эса Ўзбекистонда нари борса, эркин бозорда 100 доллардан сал ошади.

"Яхши нафақалар бор, 700 минг сўм, (110 доллар) ундан ҳам кўпроқ. Меники ҳам шу атрофда" - дейди Тошпўлат Раҳматуллаев.

"Лекин кўплар -250-300 минг сўм (50 доллар) олишади. Илгари турли сабабларга кўра ишламаган ёки бола боққан уй бекалари шундай кам нафақа олишади".

Суҳбатдошимизга кўра, болалари қарашмаса, ҳатто энг яхши нафақага яшаш ҳам амримаҳол.

Лекин Ўзбекистонда кексалар нолишни ўзларига эп кўришмайди. Бу - мамлакатда шаклланган азалий шукроналик маданияти.

"Етказганига шукур, элимиз-юртимиз тинч".

Аммо нафақага яшашга мажбур бўлиб қолсангиз, унда рамзий нафақа пули дорига етадими, газ-сув ё озиқ-овқатгами - бирон гап айтиш қийин.

Бу ўринда эса на шиорлар, на уюшмалар сизга ёрдам бера олади.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз,телефонимиз:
  • +44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBCUZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon