Ўзбекистонда икки йирик корхона ҳиссалари сотилади

Image caption "Навоиазот" нинг 46 фоиз давлат улушлари сотилади.

Ўзбекистон Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш Давлат қўмитасига кўра, 'Навоийазот' ва 'Қизилқумцемент' акционерлик жамиятларининг ҳиссалари сотувга қўйилган.

Хабарларга кўра, икки корхона ҳиссаларининг жами баҳоси 361,2 млн долларни ташкил қилади.

Савдолар 16 мартда бошланади, дастлабки натижалар 15 апрелда аниқ бўлади.

"Навоиазот" нинг 200,9 млн долларга тенг 46 фоиз акцияси, "Қизилқумцемент" 160,3 доллар қилиб белгиланган 35,9 фоиз акциялари сотилади.

Ўтган йил май ойида Президент Каримов Ўзбекистондаги 68 корхонанинг ҳиссалари хориж сармоядорларига таклиф қилинишини айтган.

Бундан мақсад ҳиссалар бозорини жонлантириш, мамлакатга хориж инвесторларини жалб қилиш кераклигини таъкидлаган.

Бундан олдин "Фарғонаазот", "Урганч экскватор","Жиззах аккумулятор заводи", "Алоқабанк", "Туронбанк", "Ўзагросуғурта" ширкатларининг давлатга тегишли акциялари очиқ савдога қўйилганди.

Ҳукуматга кўра, хусусий инвестиция корхонани муваффақиятли бошқаришни таъминлайди, маҳсулот рақобатбардошлигини оширади.

Бироқ хорижлик тадбиркорлар Ўзбекистонда бизнес юритиш билан боғлиқ муаммолар туфайли, мамлакатга сармоя ётқизишга эҳтиёткорлик билан ёндашишади.

Ўзбекистон бизнес юритиш учун муҳити тоқатсиз мамлакат деб кўрилади.

Бир пайтлар Ўзбекистоннинг чет элликлар билан муваффақиятли бизнес ҳамкорлиги намуналари деб кўрилган номдор ширкатлар ҳам мамлакатни тарк этишга мажбур бўлганлар.

Шу боисдан ҳукумат берадиган статистик маълумотларида тўғридан-тўғри хориж сармоялари кўрсаткичлари аниқ эълон қилинмайди.

Статистика қўмитасига кўра, айни пайтда Ўзбекистонга сармоя ётқизишга энг ишқибоз мамлакат Хитой бўлмоқда.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter BBC UZBEK
  • Odnoklassniki BBCUZBEK
  • Facebook BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon