Навоий мақбараси атрофида боғ қуриш бошланган

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBCUZBEK.COM

Афғонистоннинг Ҳирот шаҳридаги Алишер Навоий мақбараси атрофида боғ қуриш бошланган.

Бу ташаббусни қароргоҳи Тошкентда жойлашган Бобур халқаро жамоат жамғармаси бошлаган, бу ташаббусни Афғонистоннинг Ҳирот вилояти ҳокимлиги расмийлари олқишлаганлар.

13 март куни тарихий Мусалло майдонидаги Ҳазрат Навоий мақбараси атрофидаги боққа илк кўчат ўтқазилган.

Шу муносабат билан маросим ташкил этилган.

Маросимда Ўзбекистондан 1000 дан зиёд кўчат олиб борган ўзбекистонлик меҳмонлар, ҳиротлик расмийлар ва жамоат вакиллари иштирок этганлар.

Афғонистон ҳудудида атоқли Ўзбек шоирлари, давлат арбоблари, олим, аллома ва донишмандлари қабрлари қолган.

Заҳириддин Муҳаммад Бобур қабри Кобулдаги "Боғи Бобур"да, Темурий шаҳзодалар, Абдураҳмон Жомий, Мавлоно Лутфуллоҳ Лутфий хоклари Ҳиротда, Бобораҳим Машраб Балх шаҳрида, Абу Райҳон Беруний Ғазни шаҳрида дафн этилган.

2002 йили Ўзбекистон ҳукумати Ҳиротдаги Ҳазрат Алишер Навоийнинг қабри ва мақбарасини атрофини ободонлаштиришга маблағ ажратганини маълум қилган, ўзбекистонлик қурувчилар ХХ аср ўрталарида Ҳирот ҳокими томонидан барпо этилган мақбарани бузганлар.

Хабар қилинишича, Ўзбекистон ҳукуматининг мақбара лойиҳасини БМТнинг маданият жамғармаси ЮНЕСКО ва Афғонистон ҳукумати маъқулламаган.

Навоий қабри бир неча йил давомида қаровсиз қолиб кетди.

Афғонистондаги ўзбеклар ўз маблағларидан Навоий мақбарасини қайта тикладилар.

Мақбара эски кўринишида 2013 йилнинг 18 майида очилди.

Бобур халқаро жамоат фонди келажакда мусаввир Камолиддин Беҳзоднинг қабри устида ҳам айвон тикламоқчи.

Бу ҳақда Би-би-си Ўзбек хизмати мухбири Ҳумоюн Ҳадидга Бобур жамғармаси раҳбари Зокиржон Машрабов гапириб берган.

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди
  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз,телефонимиз:+44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBCUZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon

Бу мавзуда батафсилроқ