“От изини той босар...”

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Ҳаёт бу саҳна...

Шекспир айтганидек, ҳаёт бу саҳна, биз эса унда актёрлармиз. Ҳар биримиз кимнидир ролини ўйнаймиз умримиз мобайнида. Менинг чекимга "дангасани" ролини ўйнаш тушибди. Тақдирга тан бериб шу мардикорни ролини бир маромда ўрнига қўйиб ҳалқаро майдон бўлмиш Россиянинг саҳнасида ўйнаб келяпман. Лекин иқтисодий кризис туфайли "режисёрлар" пулдан кесиб иш бермай қўймоқда. Шунга мана бир неча кундан бери шипга қараб ётибмиз шеригим "Профессор" билан. Уни лақаби "Профессор" эканлиги - ҳар қанда масалани содда қилиб, анекдот орқали ечиб беришидир.

Шу бекор вақтда шеригим билан турли масалаларда кўп суҳбат қурамиз. Шу сафар унга Шекспирдан иқтибос келтириб, "имкон бўлганда шу "Дангасани" ролини ҳаётда эмас, кинода ҳаётий қилиб ўйнаб берардим локин," десам, “бу фильм аллақачон олинган. Ҳилол Насимов "Ажал Жодуси" киносида бу мавзуни қойил қилиб ёритган", деди у. Эринмай фильмни томоша қилдим. Ҳақиқатда хам гап йўқ чиқибди.

Лекин битта масала одамни ўйлантириб қўйди. Давлат буджети хисобидан олинган фильмдаги бош ролларда режиссорнинг ўғиллари экан. Бу масалани ҳам шеригимдан сўрадим: "А бу режиссор акам, кейинги фильмларида непотизм (таниш-билишчилик) ҳақида кино олсалар бўларкан" десам киноя билан "Профессор" бунга ҳам гап топиб берди. "Бунинг сабаби ота-бола бир-бирларини ДНК даражасида тушунади. Касб маҳорати ҳам қондан-қонга ўтади. Сенга ўхшаган кўчадан кеганлар, актёрлик касбини баланд-пастини ўрганиб устоз кўргунча қанча вақт керак бўлади. Тасаввур қиляпсан-ми?" деб мот қилди.

"Бу нафақат кинода, балки бошқа сохаларда ҳам ўзининг ижобий натижасини кўрсатмоқда. Масалан, футбол", деди у. "Эээ, қанақа футбол..?" десам, у менга шундай деди: "Футболда ота эришмаган ютуқларга фарзанд эришди. Катта футбол жахон чемпионатига ҳали йўлланма олмаган бўлса, мана кичик футбол (футзал) Осиёда кумуш медал олиб ЖЧ йўлланмани қўлга киритди. Яъни, катта Усмонов қилолмаган ишни мана кичик Усмонов эплади" деди "Профессор". Яна қўшимчасига бошқа ўз касбида чўққиларга эришган сулолалар мисолларини келтирди. Улардан бири футбол шарҳловчилари - Имомхўжаевлардир.

Бир оз ўйланиб, унга “сенинг гапингга қараганда Ўзбекистон шароитида непотизм ижобий бир нарса экан...Ундай бўлса менинг фарзандим ҳам бу ҳаётда мен каби "Дангасанинг" ролини ўйнаши эҳтимоли катта экан-да”, деб ётган ўрнимдан газаб билан туриб кетдим.

Бунга "Профессор" пинагини ҳам бузмай, ҳар доимгидек ўзига хос жиҳати бўлмиш анекдот орқали жавоб берди.

Полковникнинг ўғли дадасидан, "дада, мен лейтенант бўламанми?" деб сўраса, дадаси унга "ҳа, албатта, бўласан" дебди. Боласи ундан "дада, мен полковник бўламанми?" деган саволига ҳам "ҳа, албатта" дебди. Кейин фарзанди "дада, мен генерал бўламан-ми?" деб сўраса, дадаси унга қарата "генералнинг ўз ўғли бор" дебди...

Ўзбекистонлик "дангаса"
  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз,телефонимиз:+44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBCUZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon

Бу мавзуда батафсилроқ