Иссиқ ва совуқ сув қимматлайди, навбат ток ва газга

1 апрелдан Тошкентда сув таъминоти учун янги нархда ҳақ тўланади.

"Сувсоз" корхонасига кўра, бу электр энергияси ва бошқа манбалар нархининг ошиши билан боғлиқдир.

Апрелдан бошлаб, кўп қаватли уйларда яшовчилар 1 кубометр сув учун 370 сўм ўрнига 390 сўм, ҳисоблагичсиз уйда 4516,88 сўм ўрнига 4767,81 сўм тўлашлари керак бўлади.

Ҳовли эгалари бир кубометр учун 280 сўм, ҳисоблагичсиз уйларда киши бошига 4318,71 сўм тўлайдилар.

Давлат ташкилотлари учун 1 кубометр сув нархи 170 сўм қилиб белгиланган.

Бироз олдин "Тошиссиққуввати" Ишлаб чиқариш бирлашмаси ҳам 1 апрелдан пойтахтда иссиқ сув таъминоти ва марказий иситиш тизимининг янги тарифлари ҳақида маълум қилганди.

Марказий иситиш тизими бир кв метр учун 1169,7 сўм, иссиқ сув ҳисоблагичсиз киши бошига 13511,73 сўм, ҳисоблагич билан 3459,9 сўм бўлган.

Бу галги қимматлашувни бирлашма энергия заҳираларини тежаш ва аҳолини сув ҳисоблагичларни ўрнатишга рағбатлантириш зарурати билан изоҳлаган.

Тошкент аҳолиси учун иссиқ ва совуқ сув учун тарифлар охирги марта 2015 йилнинг октябрида оширилганди.

Ўзбекистонда ҳар йили камида бир марта сув-газ нархлари ошиши кузатилади. 2015 йилда иссиқ сув нархи икки марта, иситиш нархлари уч марта кўтарилган.

Яъни, иссиқ сув нархлари шу пайтгача қарийб 28 фоиз, иситиш тарифлари 38 фоизга ошган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи none

Коммунал ва бошқа хизматлар нархи орқасидан табиийки, озиқ овқат нархлари ҳам сезиларли кўпаяди.

Ўзбекистонликлар йил ўртасига бориб ойликлар оширилишига ўрганиб қолишган. Маошлар ошиши эълон қилиниши билан бозордаги нархлар, йўл ҳақлари кўтарилади.

Шунингдек, Тошкент шаҳри ҳудудларида 4 апрелдан 14 майгача ёзги мавсумга ўтилиши билан босқичма босқич иссиқ сув тўлиқ узилиши эълон қилинган.

Айни дамда кўплаб тошкентликлар ижтимоий тармоқларда тўловларнинг давомли ўсиб боришидан норозиликларини билдиришган.

Тайёр туринглар, энди навбат электр ва газга деб ёзади "Потребитель" сайти фойдаланувчилари.

Ўзбекистонда электр энергияси тўловлари сетябр ойида, газ нархи 1 октябрда ўзгарган эди.

Мамлакатда иш ҳақининг камлиги, коммунал ва бошқа тўловларнинг муттасил ошиб бориши билан қарздорларнинг улкан гуруҳи пайдо бўлган.

Олдинроқ "Тошкент оқшоми" рўзномаси пойтахтдаги сув, газ, иссиқлик хизматидан қарздорларнинг исми шарифи ва уй манзилларигача эълон қилганди.

Қарздорлар ичида тўлашга имкони борлар билан бирга, ойма-ой хизмат ҳақларига қурби етмайдиганлар кўплиги ҳам қайд этиб ўтилган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз,телефонимиз:+44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBCUZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype – uzbekbbclondonbbcuzbek.com га тўсиқ бўлса,
  • uzbekweb.net га киринг

Бу мавзуда батафсилроқ