Қизилқум динозаврига Timurlengia деб ном берилди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Todd Marshal

Навоий вилояти Қизилқумидаги Жарақудуқ деб номланган жойдан топилган 90 миллион йиллик динозавр қолдиқлари замонавий фанда янги кашфиёт очилишига туртки берган.

Тиранозаврнинг янги топилган тури гўштхўр динозаврлар нега бу қадар улкан бўлиб кетганларини аниқлаш имконини беради, демоқдалар олимлар.

Шотландиянинг Эдинбург Университети, АҚШ ва россиялик олимлар Ўзбекистонда қадимги ҳайвонларнинг қолдиқларини топганлар.

Жарақудуқда топилган ва катталиги замонавий отча келган тиранозаврга илмий Timurlengia euotica деб ном беришипти.

Тадқиқотчиларга кўра, Тимурленгиянинг қулоқлари ва мияси тиранозаврлар нега устунликка эга бўлганини аниқлашда муҳим аҳамиятга эгадир.

"Биз динозаврнинг буткул янги турига дуч келдик", дейди Эдинбург Университетидан Стефен Брусатте.

Фото муаллифлик ҳуқуқи

"Бу ўзининг тиранозавр қариндошларига яқин, лекин анча кичкина - от катталигича келади. Ва у яшаган давр Бўр даврига тўғри келади. Бизда айнан шу даврда улкан бўшлиқ бор", дейди тадқиқотчи Стефен Брусатте.

Ҳайрон қолдирадиган бўшлиқ юзага келишига Тиранозавр сабаб бўлган.

Чунки бошидан думигача узунлиги 13 метрни ташкил этган тиранозаврлар анча кейин яшаб ўтишган ва эволюция учун жумбоқ бўлиб келган.

Қизилқумдаги топилма эса ана шу жумбоқни ечишга ёрдам беради.

"Бу жонзотнинг суяклари тиранозаврда ҳам топилган. Ушбу хусусиятлар нега тиранозаврлар бу қадар улкан овқат ейдиган ҳайвонга айланганини тушунишга ёрдам беради", дейди олим.

Тадқиқотчилар Timurlengia скелетидаги 25 қисмни ўрганганлар.

"Унинг мияси ва қулоғи худди тиранозаврникидек", дейди доктор Брусатте.

Image caption Тиранозавр узунлиги 13 метрча бўлган.

Манчестер Университетидан доктор Билл Селлерснинг Би-би-сига айтишича, "ушбу топилдиқнинг энг муҳим қисми" калла суягидир.

"Бу нарса бизга динозаврларнинг бошланғич тарихида катта мия ва сезгир ҳис-туйғулар қандай ривожлангани ва тиранозаврлар нега бу қадар муваффақиятли йиртқичга айланганини кўрсатади", дейди доктор Билл Селлерс.

Навоий вилоятининг Учқудуқ тумани Мингбулоқ қишлоғидан 30 километрча узоқликда жойлашган Жарақудуқ дарасида бундан олдин ҳам динозаврлар ва акулалар қолдиқлари топилган.

У ерда "Тош ўрмон" ҳам бор, тошга айланган турли дарахтларнинг ёши 95 миллион йил деб кўрилган.

Жарақудуқ ХХ аср давомида танаффуслар билан қайта-қайта ўрганилган.

Янги динозавр тури тарихда улкан салтанат барпо этган Амир Темур номига Темурленгия деб аталгани хабар қилинмоқда.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз,телефонимиз:+44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBCUZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon

Алоқадор мавзулар