Марказий Осиёда "бахтлилар бахтлиси" ким?

БМТнинг жаҳон мамлакатлари фаровонлиги даражасини ўрганувчи маркази 20 март Бутунжаҳон Бахтиёрлик куни олдидан "Бахт индекси"ни эълон қилган.

Ҳисоботга кўра, ўзбекистонликлар Марказий Осиё халқлари орасида энг бахтлиси, МДҲ давлатлари аҳолиси орасида ҳам энг бахтиёридир.

Ўзбекистон бахтлилик даражаси бўйича 156 мамлакат ичида 49 ўринни эгаллаган.

Бундан ташқари ўзбеклар италияликлар, россияликлар, польшаликлар, турклардан ва бошқа бир қанча халқлардан кўра бахтлироқ эканлар.

Рўйхатда МДҲ давлатлари бўйича қаралса, қозоқлар 54 ўринда, Молдова 55, Россия 56, Беларус 61, Туркманистон 65, Озарбайжон 81, Қирғизистон 85, Тожикистон 100, Арманистон 121, Украина 123, Гуржистон 126 ўринда келади.

Бахтлилик рўйхати ер юзи аҳолиси ўзларини қанчалик бахтли ва ҳаётларидан қониққан ҳис қилишларини кўрсатади.

Энг бахтлилар бешлигини Дания, Швецария, Исландия, Норвегия ва Финландия ташкил этган. Ҳаммадан бахтли данияликлар ўтган йил энг бахтиёр бўлган швецарияликларни ортда қолдирган. Скандинавия давлатлари бахтли ўнталикни ишғол қилишган. Улар қаторидан Канада, Ҳолландия, Австралия, Янги Зеландия ҳам жой эгаллаган.

Америкаликлар дунёда бахтлилар ичида 13 ўринда эканлар.

Ҳисобот муаллифлари "Бахтиёрлик индекси" ни тузишда мамлакатлардаги ҳаёт даражаси, тиббиёт ривожи ва ижтимоий ҳимояни назарда тутганларини айтганлар.

Шунингдек, аҳолининг ижобий ва салбий фикрлари ҳам инобатга олинган.

Сўровда қатнашган инсонлар ўзларининг ҳаётий мақсадлари, бирор- бир қарор қилишдаги имкониятлари, қандай яшашни хоҳлашлари, тенглилик, мамлакатдаги коррупция, жиноятчилик даражасига баҳо берганлар.

Олдинроқ Ўзбекистондаги "Ижтимоий фикр" жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази мамлакат аҳолисини энг бахтиёр халқ деб айтганди.

Би-би-си ўзбекистонлик фотограф Умида Аҳмедова ва журналист Жасур Ҳамроевдан бахтлилик ҳақидаги фикрларини сўради.

Умида Аҳмедованинг айтишича, юз фоиз бахтли инсонни топиш қийин. Лекин ўзбекларда шукр қилиш устун бўлса ҳам, кўпчилик атрофдаги муаммоларга бефарқлик билан қараб, ҳақиқий фикрини айтишга тортинади ёки қўрқади.

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Жасур Ҳамроевнинг таъкидлашича, шукроналик билан яшашнинг ўзи бахт. Ўзбек халқи дуо билан яшашни яхши кўради. Дуо олган халқда барака, бахт бўлади. Индексда Ўзбекистон ўрнини яна ҳам юқорига кўтарса тўғри бўларди, деб фикрини билдиради у.

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Худога шукр қилиб яшаш ўзбеклар учун асосий хусусият, деб қайд этди улар.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз,телефонимиз:+44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBCUZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype – uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.com га тўсиқ бўлса,
  • uzbekweb.net га киринг

Бу мавзуда батафсилроқ