Ўзбек ва Россия дин пешволари ИШИДга қарши курашмоқчи

Фото муаллифлик ҳуқуқи qadriyat.uz

Ўзбекистон муфтияти вакиллари "Исломий давлат" жангари гуруҳлар тарғиб қилувчи диний экстремизм ғояларига қарши кураш доирасида Россиядаги мусулмон жамоатчилик билан алоқаларни кучайтиришга тайёр.

Бу ҳақида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси Усмонхон Алимов РИА Новости агентлигига айтган.

Алимов жаноблари охирги вақтда Россиядаги мусулмон дин пешволари билан муносабатлар фаоллаштирилганини билдирган.

"Агар таклиф тушса, биз Россиянинг турли ҳудудларига ўз имомларимизни юборишга ва бу ишни жиддий тарзда кенгайтиришга тайёрмиз", - деб айтган у.

Унинг айтишича, мазкур ишлар Ислом номи остида амал қилаётган террорчи ташкилотларни барбод қилиш йўлидаги ҳамкорлик доирасида олиб борилади.

Россия Президенти Владимир Путинга кўра, "Исломий давлат" сафларида собиқ Совет Иттифоқи давлатларидан 5-7 минг киши жанг қилмоқда.

Бу ҳақида у ўтган йил кузида Остона шаҳрида ўтган МДҲ раҳбарлари учрашувида гапирган.

"У ерда турли жойлардан келган террорчилар тобора кўп таъсирга эга бўлмоқда ва ўз назорати остидаги ҳудудларни кенгайтириш режаларини яширмаяптилар. Уларнинг мақсадларидан бири Марказий Осиё ҳудудига кириб бориш", - дея огоҳлантирган Путин.

Турли халқаро ҳисоботларга кўра, ИД сафида Ўзбекистоннинг ўзидан 500 ва 1 минг ўртасида жангари жанг қилмоқда.

Халқаро таҳлилчиларга кўра, чуқур илдиз отган коррупция, авторитар бошқарув услуби, фуқаролар эркинлигини чеклаш, диний-сиёсий таъқиблар, қашшоқлик ва ишсизлик минтақа фуқароларини радикаллашишга ундаётган асосий омиллар бўлмоқда.

Халқаро Инқироз Гуруҳининг ўтган йили чиқарган ҳисоботида айтилишича, агар Марказий Осиё ҳукуматлари биргаликда ИШИДга қарши чора-тадбирлар ишлаб чиқишмаса, ҳамда ижтимоий ва сиёсий ислоҳотларга қўл уришмаса, диний радикализм минтақадаги барқарорликка таҳдид солади.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз,телефонимиз:+44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBCUZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype – uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг