Испаниядаги автоҳалокатда ўзбек талаба қурбон бўлган

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

20 март куни Испаниянинг Барселона ва Валенсия шаҳарлари ўртасидаги шоҳ йўлда хорижий талабаларни олиб кетаётган автобус ҳалокатга учраган.

Ҳодисада ҳалок бўлган 13 киши орасида ўзбекистонлик талаба қиз ҳам бўлгани хабар қилинганди.

Оврўпо Университетлари билан талаба алмашиш Эрасмус лойиҳаси бўйича Испанияда йиғилган талабалар ҳодиса содир бўлган кун Валенсиядаги мушакбозлик фестивалидан Барселонага қайтиб келаётган бўлганлар.

Каталониядаги фавқулодда вазиятлар идорасидан Би-би-сига айтишларича, ўзбекистонлик талабанинг исми Мукина Абдусаидова экани аниқланган.

Айни пайтда жасадлар Каталониядан тегишли мамлакатларга олиб кетилиши маълум қилинди Би-би-сига.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ходимининг билдиришича, ўзбекистонлик талабанинг исми шарифидан бошқа қўшимча маълумот уларда йўқ.

"Ўзбекистон элчихонаси ходимлари Барселонага кетишган"

Би-би-си айни масалада Ўзбекистоннинг Испаниядаги элчихонасига қўнғироқ қилди. Гўшакни кўтарган киши ўзини техник ходим деб таништирди ва барча ходимлар Барселонага кетишганини маълум қилди.

Шунингдек, у элчихона ходимлари Барселонага нимага кетганларини билмаслиги ва Испанияда ўзбекистонлик талабанинг ўлимидан ҳам хабари йўқлигини айтди.

Автоҳалокат Барселонадан 150 чақирим узоқликдаги Фрегинал яқинида рўй берган.

Ҳалок бўлганларнинг ҳаммаси қизлар бўлган, деб хабар берди расмийлар.

Аниқланишича, автобусда ўзбекистонлик талаба билан бирга, Британия, Венгрия, Олмония, Швеция, Норвегия, Швецария, Чехославакия, Янги Зеландия, Италия, Перу, Польша, Ирландия, Фаластин, Япония ва Украинадан борган талабалар бўлганлар.

Автобус ҳайдовчиси ухлаб қолиб, қарама-қарши йўлга чиқиб кетган ва бошқа машинага урилиб, ағдарилган.

13 инсон ҳалок бўлган, 43 таси жароҳат олган, улардан 28 таси касалхонага олиб кетилган. Ҳайдовчи ҳам жароҳат олган, лекин тирик қолган.

Полицияга кўра, 17 йиллик меҳнат тажрибасига эга бўлган автобус ҳайдовчиси шу пайтгача бирор йўл ҳаракати ҳодисаси содир этмаган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз,телефонимиз:+44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBCUZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype – uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса,uzbekweb.netга киринг