Брюссел воқеаларидан сўнг Тошкент аэропортида хавфсизлик кучайтирилди

Белгия пойтахти Брюсселда 22 март куни юз берган портлашлардан сўнг Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот органлари Тошкент аэропортида хавфсизлик чораларини янада кучайтиргани хабар қилинмоқда.

Аэропорт ходимларидан бирининг Россиянинг Sputnik нашри мухбирига билдиришича, Ўзбек аэропортлари хавфсизлик даражаси бўйича дунёда биринчилардан саналади. Шунга қарамай, террорчи ва жиноятчиларни аниқлашга қаратилган бир неча босқичдан иборат хавфсизлик тизими янада мукаммаллаштирилган.

Учиб келаётган ёки жўнаб кетаётган пассажирлар ва уларнинг юклари синчковлик билан бир неча жойда текширилмоқда. Аэропорт ҳудудига яқинлашаётган автомобиллар эса бирма-бир кўздан кечирилмоқда.

Бундай хавфсизликни кучайтириш чоралари Ўзбекистон аэропортларидан фойдаланувчи йўловчилар учун оддий ҳолга айланиб қолган. Масалан, ўтган йили ўзини "Исломий Давлат" деб атайдиган гуруҳ таҳдидларига қарши Ўзбекистон Миллий Хавфсизлик хизмати барча ҳаво бандаргоҳларида "ИШИД-контрол" деб номланган текширувни тадбиқ қилгани ҳақида хабарлар тарқалган эди.

“Тозалаш-Антитеррор”

Айни пайтда Ўзбекистон Ички Ишлар вазирлиги 20 февралдан бери бутун Ўзбекистон бўйлаб “Тозалаш-Антитеррор” деб аталувчи тезкор-қидирув операцияси ўтказилаётгани ҳақида хабар қилмоқда.

Милиция ва маҳалла ходимлари иштирок этаётган бу профилактика тадбирида ҳозиргача 90 фоиздан ортиқ ташкилотлар, савдо объектлари ва кўнгилочар муассасалар текширилиб, 144000 га яқин қонунбузарликлар аниқлангани айтмоқда Ўзбек милиционерлари.

Ички ишлар вазирлиги қонунбузарликларнинг 36000 дан зиёди паспорт-виза режими бузилиши билан боғлиқ экани, натижада 261 чет эл фуқаролари ёки фуқаролиги бўлмаган шахслар давлатдан чиқариб юборилганини хабар қилган.

Профилактика нозирлари бошчилигидаги гуруҳлар чет элга узоқ муддатга кетган 75000 дан ортиқ фуқарони ҳамда хориждан қайтган 70000 га яқин кишини рўйхатга олган ва улар билан суҳбатлар ўтказгани ҳақида хабар бермоқда маҳаллий оммавий ахборот воситалари.

"Бундан ташқари, кўплаб ароқхўр, наркоман ва ақлан носоғлом кишилар аниқланиб тиббиёт муассасаларига жўнатилган", дея рапорт беради Ўзбек ИИВ.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз,телефонимиз:+44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBCUZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype – uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг

Бу мавзуда батафсилроқ