Қозонда икки ўзбекистонлик узоқ йилларга қамалди

Image caption Маҳкамов ва Сусанов Россияга боришдан олдин Ўзбекистонда ҳам ўғирлик содир этишгани айтилган.

Қозон шаҳридаги маҳкама Татаристон собиқ президенти Минтемир Шаймиевнинг қариндошларини ўлдиришда айбланган икки ўзбекистонликнинг ҳар бирига 19,5 йиллик қамоқ жазоси тайинлаган.

Улар 16 йил муқаддам, 2000 йилда содир этилган қотилликда айбдор деб опилганлар.

51 ёшли Инъом Маҳкамов ва 44 ёшли Игорь Сусановлар ўтган йил сентябр ойида қўлга олинган эдилар. Уларнинг Галибабин шарифли яна бир шериги бўлган, бироқ бахтсиз ҳодиса туфайли бир неча йил олдин Белорусда вафот этган.

Маълум бўлишича, Маҳкамов ва Галибабин Қўқонда ўғирлик содир этиб, жиноий жавобгарликдан қочиб Россияга келишади. Қозонда қурилиш фирмасига ишга кирган бу икки шахс Аҳмадиевнинг уйини ҳам таъмирлашади.

Ўзбекистонлик икки фуқаро тергов давомида Минтимер Шаймиевнинг қариндоши, республика тери касалликлари диспансерида бош шифокор бўлган Ринат Ахмадиевнинг уйига пулларни ўғирлаш учун кирганлари ва жиноятларини яшириш учун гувоҳларни қийнаб ўлдирганларини тан олганлар.

Инъом Маҳкамов ва Игорь Сусанов Аҳмадиев дохил яна уч кишини ўлдириб, уйдаги қимматбаҳо нарсаларни ўғирлаганлари ва уйга ўт қўйганларини гапириб беришган.

2000 йил 19 декабрдан 20 декабрга ўтар кечаси Қозондаги Салмачи посёлкаси Овражная кўчасидаги уйда кучли ёнғин бошланади. Ёнғинни эрталаб 8 да ўчиришга муваффақ бўлинади.

Воқеа жойида тўрт инсоннинг жасади топилади. Улар икки ёш бола, Аҳмадиев ва унинг аёл таниши экани аниқланади.

Жиноятни содир этганлар Россиядан чиқиб кетиб, маълум вақт Ўзбекистонда ҳам яшаб юрганлари айтилган.

2010 йилда улар яна Россияга қайтиб келишади. 2015 йил июнида эса Маҳкамов қўлга олинади. Унинг кўрсатмалари асосида шериги Сусанов Новосибирскда ушланади.

Қоралов томони икки ўзбекистонликка 19 йиллик қамоқ жазоси сўраган. Ҳакам уларга 19,5 йил бериш ҳақида ҳукм чиқарган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз,телефонимиз:+44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBCUZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype – uzbekbbclondonbbcuzbek.comга тўсиқ бўлса,
  • uzbekweb.netга киринг

Бу мавзуда батафсилроқ