Тошкентда трамвай, Москвада троллейбус келажагидан хавотирлар

Фото муаллифлик ҳуқуқи gazeta.uz

Москва ҳокимлигининг троллейбуслар кўп электр қувватини исроф этаётганини важ қилиб бир неча троллейбус йўналишини бузиш қарорига қарши пул йиғиш бошланган. Тошкентда эса жамоатчиликка мақсади тушунтирилмасдан икки трамвай йўналиши қатнови тўхтатилган.

Москвада ҳам, Тошкентда ҳам мэрия ва ҳокимлик мулозимларининг троллейбус ва трамвай маршрутлари ўзини оқламаётгани ҳақидаги гапларига шубҳа билан қараётганлар кўп.

Москвада-ку шаҳар мэри ўринбосарлари пойтахтни ободонлаштириш келажагини қандай кўраётганларини айтиб, кўчаларни кенгайтириш хариталарини жамоатчиликка маълум қилмоқдалар, матбуот вакиллари саволларига жавоб қайтаришаяпти, троллейбус йўналишлари туфайли гўё Москва электр энергиясининг 30 фоизини йўқотаётгани ҳақидаги рақамларни келтирмоқдалар.

Халққа ҳисобот бериш ўзларининг конституциявий бурчи эканини эсидан чиқариб қўйган Тошкент шаҳри ҳокимлиги расмийлари трамваий ва троллейбус йўналишларини ўз хоҳишларича бузиб ташламоқдалар, соя-салқин бериб турган кекса дарахтларни таг-томири билан қўпориб ташламоқдалар.

Москвада маблағ йиғиб троллейбус йўналишларини сақлаб қолиш лойиҳасини маҳаллий депутатлардан бири Максим Кац бошлаган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи varlamov.ru
Image caption Яшил чизиқлар Москвадаги сақлаб қолиниши, қизил чизиқлар эса бузилиши режаланган троллейбус йўналишларини англатади.

Ўзбекистонда эса 130 йиллик дарахтлар кесилганига на парламентдаги, на Тошкент шаҳар кенгашидаги бир депутат “нега бундай қилаяпсизлар” деган саволни қўйишга жазм этди.

Ҳолбуки, Ўзбекистон Олий Мажлисида Экологлар ҳаракатига катта ўрин берилган.

Шу йил январидан бошланган ва онлайн-петицияга сабаб бўлган дарахтлар кесилишига муносабат билдириш ҳақидаги сўровларга ҳам Экологлар ҳаракати жавоб қайтаргани йўқ.

Ўзбекистондаги “Газета.уз” веб-сайти хабар қилишича, 26 март кунидан Тошкентдаги икки йўналишда трамвайлар қатновга чиқмаган.

Булар №12 ("Бешқайрағоч" — "Беруни" метроси) ва №26 ("Қўйлиқ-6" — "Тошкент" вокзали) йўналишида қатнаган трамвайлар.

“Газета.уз” шу муносабат билан "Тошкент трамвайи" ширкатига телефон орқали боғланган.

"Тошкент трамвайи"да трамвайлар фақат шу куни қатновга чиқмаганини айтишган, бироқ веб-сайт манбасининг хабар қилишича, бу икки йўналишни йўқ қилиш қарори аллақачон қабул қилинган.

"Маршрутлар ёпилиши ҳақида на шаҳар матбуотида, на ҳокимлик ёки пойтахт жамоат транспортини бошқарадиган "Тошшаҳартрансхизмат" компанияси сайтида ҳеч қандай эълон берилгани йўқ", деб ёзади "Газета.уз".

Агар икки йўналиш ёпиладиган бўлса, аср бошида ўзининг 100 йиллигини нишонлаган Тошкент трамвайида фақат тўрт маршрут қолиши хабар қилинмоқда.

Москвалик депутат Максим Кац, шаҳар ҳокимлиги вакиллари троллейбус қатновини "ушлаб туриш учун миллиардлаб рубл" керак деб айтаётган эканлар, нега унда троллейбус транспортининг рентабеллиги ва уни талаб даражасида "ушлаб туриш" учун қанча сармоя лозимлиги ҳақидаги рақамларни эълон қилмаяптилар, деган саволни илгари сурган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи RIA Novosti

Тошкент ҳокимлиги ва жамоат транспорти раҳбарларига ҳам худди шу саволни қўйиш лозим: "сиз трамвай ёки троллейбус ўзини оқламаётгани ҳақида гапираётган бир пайтда нега катта-катта маблағ сарфлаб олиб келган автобусларингиз деярли ҳар ойда ёниб кетмоқда?"

Москвалик депутат Максим Кац троллейбус келажаги борасида дунёнинг нуфузли мутахассиси деб кўрилган Вукан Вукичга мурожаат қилган.

Пенсилвания университетининг профессори, жаҳондаги кўзга кўринган урбанистика соҳаси эксперти Вукан Вукич Москва шаҳри ҳокимлиги режасини "50-йилларда Оврўпо шаҳарларида йўл қўйилган хатоларнинг такрорланиши" деб атаган.

Чиндан ҳам охирги йилларда Швейцария ёки Олмония кўчаларига тобора кўп экологик транспорт турлари, хусусан, трамвайлар қайтаётганини кўриш мумкин.

Максим Кац Жамоат транспорти Халқаро иттифоқи - UITP га ҳам мурожаат қилган.

Француз тилида L’Union internationale des transports publics деб аталган ташкилот 1885 йилда ташкил этилган ва ҳозирги кунда дунёнинг 96 мамлакатидаги 1400 шаҳар транспорти хизматини кўрсатадиган ширкатларни ўзида жамлаган бирлашма.

UITP жамоат транспортига замонавий технологияларни жорий этиш бўйича тавсиялар ишлаб чиқади.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз,телефонимиз:+44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBCUZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype – uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг

Бу мавзуда батафсилроқ