"Бу ўта хавфли гуруҳ" - таҳлил

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Лаҳорнинг “Гулшани иқбол” паркида амалга оширилган қонли ҳужум учун масъулиятни Жамаатул Аҳрор гуруҳи ўз зиммасига олган. Сўнгги ойларда Покистонда бу гуруҳ бир неча ҳужумларни уюштирган. Бу гуруҳнинг келиб чиқиши ва мақсадлари ҳақида Покистонлик журналист Раҳимулло Юсуфзай билан суҳбат.

Раҳимулло Юсуфзай: Ҳужум учун маcъулиятни ўз бўйнига олган Жамаатул Аҳрор гуруҳи воизига кўра, улар атайин насронийларни нишонга олишга ҳаракат қилишган. Покистонлик насронийлар Пасхани байрам қилиб, катта сонларда Лаҳор кўчаларига чиқишган. Улар истироҳат боғига йўл олиб, у ерда бола-чақалари билан сайил қилиб, пикниклар уюштиришган. Мазкур гуруҳ воизидан мухбирлардан бири “Нима сабаб шунча бегуноҳ болалар билан аёлларни ўлдиргансизлар”,- деб сўраганида, воиз “биз фақат насроний эркакларни нишонга олмоқчи эдик “, -дея жавоб берган. Бироқ паркдаги ҳужумда жабрланганлар орасида мусулмонлар ҳам бўлган. Етмиш икки инсон ҳалок бўлган, улардан 29 нафари болалар, аксари аёллардир.

Би-би-си: Яъни ҳужумчилар учун халок бўлганлар таъбир жоиз бўлса “юмшоқ” ёки “енгил” нишон бўлган деган хулоса чиқариш мумкинми?

Раҳимулло Юсуфзай: Ҳа, шундай дейиш мумкин, улар жуда енгил нишонга айландилар. “Гулшани иқбол” парки жуда катта жой. Хавфсизлик кучлари у ерда бўлишган албатта, лекин синчковлик билан текширишмаган, шекилли. Худкуш ҳужумчи ё катта дарвозадан кирган ёки девордан ошиб ўтган бўлиши мумкин. Шунинг учун қийин бўлмаган. Одатда мақсадларига эришмоқчи бўлган жангарилар ҳарбий иншоотларни, полиция ёки амният қароргоҳлари, ҳамда ҳукумат биноларини нишонга олишлари керак. Лекин уларга ҳамла қилиш осон бўлмайди. Чунки бу иншоотлар қаттиқ қўриқлангани сабаб, зиён етказиш учун жуда кўп жангари иштирок этиши керак бўлади. Бу ҳужумларни амалга ошириш учун биргина худкуш ҳужумчи билан иш битмайди. Мактаб, коллеж, университетлар ва кечаги парк эса жангарилар учун жуда осон нишонга айланиб бўлган. Биргина худкуш ҳужумчи шу қадар вайнонагарчилик қилиши мумкин! Бундан жангарилар гуруҳида етарлича худкуш ҳужумчилар йўқ деган яна бир хулоса чиқариш мумкин.

Би-би-си: Бизга Покистонннинг Толибонидан ажралиб чиққанидан ташқари мазкур Жамаатул Аҳрор гуруҳи ҳақида яна нималар маълум?

Раҳимулло Юсуфзай: Жамаатул Аҳрор – ТТП яъни Покистон Таҳрики Толибонидан бўлиниб чиққан гуруҳ. 2007 йили Баятулло Масъуд Покистоннинг қабилавий ҳудудларидаги барча жангари гуруҳларни бирлаштирувчи ташкилотга асос солди. У ва ундан кейин тайинланган бошқа раҳбар, иккалови АҚШ дрон зарбаларида ҳалок бўлганлар. Бундан сўнг ташкилотда бўлинишлар пайдо бўлди ва Жамаатул Аҳрор гуруҳи ҳам бўлинишлардан кейин ўртага чиқди. Улар 2013 йили ТТП таркибидан чиқиб, Умар Холид Хуросонийни ўз раҳбари деб эълон қилишган. Кейинчалик , улар ИШИД гуруҳига баъйат келтиришган. Қароргоҳи Мўмин деган қабилавий ҳудудда жойлашган ва улар сўнгги ойларда Покистон хавфсизлик кучлари ва тинч фуқароларига қарши бир неча ҳужумларни амалга оширганлар. Гуруҳ шарқий Афғонистоннинг Кунар ва Нангарҳор вилоятларида ҳам фаол. Назаримда, улар айнан ўша ердан туриб, Покистон заминида нафақат ҳужум, одам ўғирлашларни ҳам амалга оширадилар. Бу ўта хавфли гуруҳдир.

Би-би-си: Бироқ, икки мамлакат ўртасида ҳамкорлик ўрнатилгани, хусусан, хавфсизлик хизматлари бир бири билан учрашиб, истихборот ва маълумотлар билан алмашиб туришлари, ҳамда жангари гуруҳларга қарши ўзаро мувофиқлаштирувчи сайъ-ҳаракатлар олиб борилаётгани ҳақида хабарлар тарқаб туради. Наҳотки бундай ҳамкорлик ижобий бир натижа бермаса?

Раҳимулло Юсуфзай: Ўйлайманки, Афғонистон ва Покистон ўртасида бу соҳада ҳақиқий ҳамкорлик ўрнатилгани йўқ. Учрашувлар ўтказилади, ваъдалар қилинади, бироқ аслида ҳамкорлик йўқ, жуда кўп ўзаро ишончсизлик ва шубҳа билан қараш мавжуд. Покистон Толибони Афғонистонда бошпана топган ва Афғонистоннинг толиблари эса Покистонда. Ва улар бир бири билан тил бириктириб, алоқа ўрнатганлар. Агар ҳақиқий ҳамкорлик йўлга қўйилганда, куни кеча содир этилган паркдаги ҳужумнинг олдини олиш мумкин эди. Ёки ҳужумларнинг сони камайган бўларди. Бироқ бугунги кунда, иккала мамлакатларда бу каби кўплаб ҳужумлар содир этилаётганига гувоҳ бўлаяпмиз. Агар иккала томон мазкур муаммони ҳал этишмоқчи бўлишса, улар чин қалбдан ҳамкорлик қилишлари шарт.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз,телефонимиз:+44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEKTwitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBCUZBEK
  • Facebook - BBC UZBEKGoogle+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype – uzbekbbclondonbbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг