Олмон Ташқи ишлар вазири Марказий Осиё бўйлаб сафарда

Фото муаллифлик ҳуқуқи Olmon TIV twitter
Image caption Франк-Валтер Штайнмайерни Ўзбекистонда ҳамкасби Абдулазиз Комилов кутиб олган

Олмония Ташқи ишлар вазири Франк-Валтер Штайнмайерни Ўзбекистонда ҳамкасби Абдулазиз Комилов кутиб олган.

Берлиндаги Ташқи ишлар вазирлигига кўра, Франк-Валтер Штайнмайер Ўзбекистон раҳбарияти ва фуқаролик жамияти вакиллари билан учрашади.

Франк-Валтер Штайнмайер куннинг иккинчи ярмида Президент Ислом Каримов билан учрашгани ҳақида "Ахборот" дастури хабар берган.

Олмон Ташқи ишлар вазири Самарқандга ҳам сафар қилиши режаланган бўлиб, Ўзбекистондан кейин Қирғизистон ва Тожикистонга ташриф буюриши режаланган.

Хабарларга кўра, Тошкентдаги музокаралар чоғида хавфсизлик масалаларига алоҳида эътибор қаратилади.

Марказий Осиёдаги исломий экстремизм масаласи ҳам кун тартибига чиқиши кутилмоқда.

Олмон вазири Марказий Осиёга сафари олдидан минтақанинг стратегик аҳамиятини урғулаган.

“Минтақага нисбатан халқаро эътибор иккинчи даражали қабилида бўлиб келган, аммо айни шу минтақада Россия, Хитой ва Эрон манфаатлари тўқнаш келади. Минтақанинг иқтисодий имкониятлари улкан, шу билан бирга хавфсизлик таҳдидларига кўз юммаслигимиз керак”, деб айтган Франк-Валтер Штайнмайер.

Ўзбекистон билан Олмониянинг яқинлашиши 2001 йил АҚШ бошчилигидаги коалициянинг Афғонистонга нисбатан ҳарбий амалиётлар бошлаган пайтига тўғри келади.

Ўтган йили Олмония Афғонистондаги аксилтеррор амалиётлар боис Термиз аэропортида ташкил қилинган Олмон ҳарбийларини дастаклаш марказини ёпган эди.

Инсон ҳуқуқлари фаоллари, қатор ҳалқаро ташкилотлар 2005 йил Андижон қирғинидан кейин Оврўпо Иттифоқининг Ўзбекистонга жазо чоралар киритганини Берлин писанд қилмади, дея бир неча бор танқид қилишган эди.

Маълум бўлишича, Андижон воқеалари сабаб Ўзбекистонга нисбатан Оврўпо Иттифоқининг жазо чоралари амалда бўлган давр оралиғида (2005-2009 йиллар) Олмония ҳукумати Термез ҳаво базаси учун расмий Тошкентга миллионлаб евро миқдорида ҳақ тўлаб турган

Орада база учун йиллик тўлов миқдорлари ҳам ошириб борилган.

Ўзбек-Афғон чегарасида жойлашган Термез ҳаво базаси хорижий иттифоқ кучлари томонидан Афғонистондаги ҳарбий амалиётларни дастаклашда фойдаланилган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз,телефонимиз:+44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBCUZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype – uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг

Бу мавзуда батафсилроқ