Би-би-сига айтаман: “Ада, зато тинчмиз-ку!..”

Image caption "Тирикчиликнинг айби йўқ" ва ё "Оч қорним -тинч қулоғим"

Ўзбек тили бағоятда бой тил. Ўзбегимда хар бир ҳолатга камида 2 тадан мақоли бор.

Фақат мақол билан сўзласанг ҳам, нонингни топиб ейсан, ана яна бир мақолнамо гап бўлди...

“Тирикчиликнинг айби йўқ”

Авваллари бу мақолнинг асл маъноси қанчалар қора иш (фаррошлик, ҳаммоллик) қилишингдан қатъий назар, ҳалол, пешона теринг билан топсанг бўлди дегани эди. Ҳозирга келиб бу мақолни қўли эгрилар ўзига баҳона қилиб олган. Қинғир ишни қилиб - тирикчиликнинг айби йўқ деб тураверади. Шарақлатиб порани санаб олади, кўзинггизга тик қараб шу мақолни айтади.

“Оч қорним-тинч қулоғим”

Доим "давлатнинг сиёсатига, Худонинг ишига, эр-хотиннинг урушига аралашма" қабилида иш тутаман. Бироқ "бир товуққа ҳам дон, ҳам сув керак" ёки "сен сиёсат билан қизиқмасанг, сиёсатчилар сен билан қизақади" деганларидек... Бир ёмон одатим бор, баъзиларида узимни тийиб туролмай, билмай қитмир савол бериб қўяман.

"Баракасини берса, ҳеч гап эмас!"

Image caption "Баракасини берса..."

Битта ёш Қори акам борлар, кўрганлар уларни Қори ака деб ҳам ўйламайди, чунки на соқоллари бор на дўппи киядилар - доим костюм, галстук ва қора кўзойнак тақиб юрадилар, бамисоли агент 007. Лекин илмлари жуда кучли, шаръий масалалардаги ҳар қандоқ баҳсли, боши берк кўчадан камида кичкина "форточка" топиб берадилар. Шу акамнинг суҳбатида бўлишни роса яхши кўраман. Сабаби мени ўйлантирган саволларни ёнғоқдек чақиб ташлайдилар. Улардан сўрадим "ака, шу масалага ойдинлик киритинг: баъзи тадбиркорлар 10 миллионлаб топади, лекин доим минусда, бер-бери кўплигидан ўзига юқмайди. Баъзиларнинг эса ойлиги 1 миллионга етар-етмас - турмуш даражаси - кунига 10 миллион. Буни қандай тушунса бўлади?", дедим... Қори ака ўзбекчани ҳам арабча талафуз қилиб ташлайдилар "аъйинларни" чиқариб, шу жойига беш кетаманда локин, дедилар: "Бўтам, пулнинг миқдори эмас, баъракаси муҳим. Юқтирса, баъракасини берса ҳеч гап эмас! Ҳалиги минусдагилар масаласига келсак, улар луқмасига қарасин, у-бу ерида ҳаром-ҳарич аралашгандир," деб тушунтириб бердилар.

Одам бўлса бас, жазо учун керакли моддани мосини танлаб бериш ҳеч гап эмас (буниси сал ўзбекчасига беўхшов чиқди, аслида рус оғадан қолган "Если есть человек, то статью подберем"

Image caption Соқол эркаклик эмас, экстремизм белгиси...

Ҳижоб, соқолга қарши компания ниҳоясига етай деб, энди нима иш қилсак деб турган бир пайтда - унданда "баракалироқ" телефон чиқди. Ҳамма хужжатинг жойида бўлиб, ҳақ-ҳуқуқларингни талаб қилсанг, чучварани хом санабман деявер…барибир телефондан аниқ тутиласан. Чунки тирик жон бўлганингдан кейин нимагадир қизиқасан. Санаймиз, аммо эътибор беринг, фақат айримларини санаймиз, демак, телефонингизда Худо кўрсатмасин:

1. Диний мавзуларда юкламалар бўлса - оқибати маълум - экстремист.

2. Сал ярим яланғоч сурат ва ё видео бўлса - порнография тарқатиш.

3. Камолот рўйхатидан ўтмаган ўйинлар бор бўлса - ваҳшийликни тарғиб этиш.

4. Олди-бердиларингизни долларда ёднома қилиб қўйган бўлсангиз - ноқонуний валюта операциялари ёки солиқдан бўйин товлаш!

5. Телеграм, Whatsupда шериклар билан у-бу нарса алмашсанг - камида жаримага тортса бўладиган файл топилади. Агарда ҳеч қандай юкламанг бўлмаган тақдирда ҳам, албатта интернетда у-бу "ғайрификр" сайтга кирган бўласан, жойида тамғани босиш имкони бор - гумроҳ, гумашта, ватанфуруш, халқ душмани!

“Сақланганни, Худо ҳам асрайди” (рус оғадан қолган)

Ўзига тўқ баъзи бир ақлли одамлар смартфонларни тутмай қўйди, юқоридаги бошориқдан нари бўлай деб яна “беақл” телефонга қайтиб ўтишди.Шундай бўлса ҳам, кимларгадир керак бўлганда, ёки “план” тўлмай қолганда, "беақл” телефон ҳам қутқармаяпти. Қайтага шубҳа уйғотса керак...Бунақа телефонда анави идорадигаларга кўриб қолса, “ҳап саними, уйингда асрасанг керак мияларни пўтиллатадиган иғво файлларни” деб ўйлашадими, билмадим, ишқилиб керак бўлса тўппа-тўгри уйига бостириб кириб, шахсий компьютерини мусодара қилиб "экспертизага" олиб кетаётганларини ҳам эшитаяпмиз!..

"Зато тинчмиз-ку!"

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption "Зато тинчмиз..."

Мана шу янги “мақолнамо” шукрияга “беш” кетвораман ўзи ҳам! Қўй қуйруғини раҳматли Ҳожибой айтмиш, томоғ оғриганда ҳам, кўз қичиганда ҳам, оёқ синганда ҳам, бош лўқиллаганда ҳам ишлатадиган ўзбегим, бугун мана шу мақол билан “қуролланиб” олган. “Тинчликпарвар” кучлар томонидан атайдан экилган бу “шукрия” шунақа кенг тарқалдики, тунови 10 яшар ўғилчам тўртта фандан ҳам қониқарсиз баҳо олиб келди. Шундоқ камаримни ечаман деб турсам, “Адажон, қўйинг, зато тинчмиз-ку!” деса бўладими?! Лекин албатта менинг тинчликка эътирозим йўқ. Тинчликка нима етсин?! “Бош омон бўлса, дўппи топилади” дейишади, шундай эмасми? Аммо бу бош қурғур ҳам шу кунлар юқоридагиларнинг кайфиятига боғлиқ бўлиб қолган...Ишқилиб тепадагилар ўз уйларида, кабинетларидаги коллекцияларида дўппи ва салла етарли бўлсин, шуниси муҳим. Чунки бизда “зато тинчмиз” деган мақолнинг акаси жуда кучайиб кетган, мана ўша савил гап - “Салла десанг, калласи билан қўшиб келади!”

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз,телефонимиз:+44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBCUZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса,uzbekweb.netга киринг

Бу мавзуда батафсилроқ