Ёлғон хабар берган ўзбекистонлик қамалган

Россиядаги муҳожирларнинг "Таянч" нашрига кўра, Тулада яшовчи Ўзбекистон фуқароси "террорчилик акти тўғрисида ёлғон хабар берган"лиги учун ҳибсга олинган.

Бундан олдин, Россия оммавий ахборот воситалари 21 март куни ўзбекистонлик меҳнат муҳожири Шереметьево аэропортида бомба борлиги ҳақида милицияга қўнғироқ қилгани тўғрисида хабар тарқатган эдилар.

Ўзбекистонлик муҳожир 112 рақамига қўнғироқ қилиб, Шереметьево аэропортида террорчилар борлиги, аёлига таҳдид қилаётгани ва уларда бомба борлигини айтади.

Ушбу хабар орқасидан, аэропорт полиция бошқармаси ходимлари томонидан хизмат итларини ишга солган ҳолда қаттиқ текширилади.

Бироқ аэропортда ҳеч қандай портловчи қурилмалар ва портловчи моддалар топилмайди.

Шундан сўнг, тезкор қидирув ходимлари қўнғироқ қилган шахснинг кимлигини аниқлаган ва ҳибсга олганлар.

Суриштирув натижасида ўзбекистонлик меҳнат муҳожири 21 март куни Тошкентдан Москвага учиб келаётган аёлини кутиб олишга эрингани учун шундай йўл тутгани аниқланган.

У ўша пайтда маст бўлган ва шундай кутилмаган қарорга келган.

Тула вилояти прокурори катта ёрдамчиси Любовь Кузнецовага кўра, ўзбекистонлик фуқаро террорчилик акти ҳақидаги ёлғон хабари билан ҳукумат вакиллари ва ҳуқуқни ҳимоя қилувчи идора ходимларини ишдан чалғитгани, куч ва вақтларини ёлғон хабарни текширувга сарфлашга мажбурлагани учун энди қонун олдида жавоб беришига тўғри келади.

Москвадаги "Муҳожирлик ва қонун" маркази раҳбари, ҳуқуқшунос Юлдуз Отаниёзованинг айтишича, ўзбекларнинг меҳнатсеварлиги, хушмуомаласи учун маҳаллий аҳоли ҳурмат қилади. Бироқ меҳнат муҳожирлари орасида гоҳида бундай салбий ҳолатларнинг учраб туриши бошқа меҳнат муҳожирларига муносабатнинг ўзгаришига сабаб бўлади.

"Меҳнат муҳожирлари Россияга пул топишга келишади. Лекин кўпинча ортиқча 100 рубл топса, уни уйига юбормай ичиб, кераксиз нарсаларни қилиб юрганлари ҳам бор бу ерда. Гоҳида тушунтирсанг ҳам тушунишмайди баъзилари. Мен масалан муҳожирларнинг бу ердаги аҳволини кўриб, шу ташкилотимни тузганман. Лекин баъзида уларнинг ҳаракати, айтаётган гап-сўзларини кўриб, дуч келаётган муаммоларига ўзларига сабаб эканига ишонаман", дейди ҳуқуқшунос.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз,телефонимиз:+44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - http://bbc.in/1RWaATf
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBCUZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (http://bbc.in/1TzgAUw)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.

Бу мавзуда батафсилроқ