Россия Ўзбекистон қарзларидан воз кечди

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Россия Президенти Владимир Путин Ўзбекистоннинг деярли барча қарзларидан кечиш тўғрисидаги қонунни имзолаган.

6 апрелда Путин Ўзбекистон қарзларининг қарийб 97 фоизини бекор қилиш тўғрисидаги келишувни ратификация қилган.

Тасдиқланган ҳужжат Ўзбекистонни 890 млн доллар қарз тўлашдан қутқаради. Бироқ, Тошкент қолган 25 млн долларни бир ой ичида тўлаш мажбуриятига эга.

Қонун лойиҳасида кўрсатилишича, Россия томони ҳисоби билан Ўзбекистон қарзи 890 млн долларни ташкил қилади, ундан 390 млн доллари фоизлардир.

Ўзбекистон ҳукумати эса фақат 43 млн қарзини тан олган, бундан ташқари, собиқ Иттифоқнинг олмос фондидаги улушга даъвогарлик қилиши айтилган.

Қарзлардан кечиш бўйича келишув Тошкентнинг собиқ Иттифоқ тузилмаларига барча даъволаридан воз кечишни кўзда тутади.

"Муҳлати ўтган қарзлар"

25 мартда Россия Ўзбекистоннинг 865 миллион долларлик қарзидан воз кечгани ҳақида келишув кучга кирганди.

25 март куни Россия парламенти Ўзбекистон билан Россия ўртасидаги келишувни ратификация қилганидан кейин Ўзбекистоннинг Россияга бир мартада 25 миллион доллар қарзни узиш ҳақидаги битим ҳам кучга кирган.

2014 йили 10 декабрида ПрезидентВладимир Путиннинг Тошкентга ташрифи доирасида Ўзбекистон қарзидан воз кечиш мақсадидаги келишув имзоланган эди.

Россия матбуоти хабарларига кўра, Давлат Думаси ратификация қилган келишувга биноан, Россия Ўзбекистоннинг қарийб 865 миллион долларлик қарзидан кечади, Ўзбекистон 25 миллион доллар тўлаш билан бирга СССР Олмос жамғармаси бўлиб юборилган пайтдаги ўз улушини бериш талабидан воз кечади.

Россия ҳисоб-китобларига кўра, Ўзбекистоннинг қарзи 2014 йилнинг 1 ноябрида 889 миллион 300 минг АҚШ долларини ташкил этган.

Шундан 500 миллион 600 минг доллар асосий қарз, 388 миллион 700 минг доллар йиғилиб қолган фоизлари бўлган.

Қарзларнинг ҳаммасининг муҳлати аллақачон ўтиб кетганини айтган Россия расмийлари.

Лекин Ўзбекистон қарзнинг асосий қисми - фақат 43 миллион 100 минг долларни тўлашга рози бўлган ва Россия тарафидан СССР Олмос жамғармасидаги 1-2 миллиард долларга баҳоланадиган улушини қайтариб беришни талаб қилган.

2014 йил ноябридаги Тошкентдаги музокараларда Президент Путин ва Президент Каримов бир-бирига илгари сураётган барча даъволаридан воз кечишга келишганлар.

Ўзбекистонга Россия бу қарзини 1992-1993 йилларда бергани таъкидланган.

2014 йил келишуви кучга кирган кундан кейинги 30 кун ичида Ўзбекистон Россияга 25 миллион доллар тўлаш мажбуриятини олган.

Ўша келишувда агар тўлов тўланмаса, қарз муддати ўтказиб юборилган деб ҳисобланиб йиллик 3 фоизлик Libor ставкаси бўйича жарима қўшилиб борилиши ҳақидаги огоҳлантириш ҳам қистириб ўтилган.

Россиялик сиёсатчилар ушбу келишув Россия билан Ўзбекистон муносабатлари учун катта аҳамиятга эга эканлигини урғулаганлар.

Россия бундан олдин бошқа давлатларнинг собиқ Иттифоқ олдидаги қарзларидан воз кечганини билдирган. Жумладан, Шимолий Кореянинг 11 млрд доллар, Кубанинг 31 млрд доллар қарзи бекор қилинган эди.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз,телефонимиз:+44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBCUZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondonbbcuzbek.comга тўсиқ бўлса,uzbekweb.netга киринг.

Бу мавзуда батафсилроқ