Актёр Бахтиёр Қосимов оламдан ўтган

Тошкентдан келаётган хабарларга кўра, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Бахтиёр Қосимов оғир хасталикдан сўнг, 63 ёшида вафот этган.

Марҳумнинг яқинларига кўра, актёр саратон касаллигидан кўз юмган.

Марҳум бугун Тошкент шаҳрида дафн этилган.

Актёр Бахтиёр Қосимов қатор фильм ва спектаклларда эсда қоларли образлар яратган эди.

У "Оловли йўллар", "Таҳдид", "Зарб", "Гумроҳлар", "Сардор 3", "Паризод", "Учар отлар", "Ёдгор" каби фильмлардаги роллари билан кенг томошабинларга танилган.

Айниқса, актёрнинг "Паризод", "Ёдгор" фильмларида яратган образларига танқидчилар ижобий баҳо беришган.

Бахтиёр Қосимов 2013 йилда "Боғ" фильмидаги ижроси учун "Олтин Гепард" мукофотини олганди.

Бахтиёр Қосимовнинг ҳамкасбларига кўра, актёр ўз ишига ўта талабчанлиги, касбига виждонан ёндашиши билан ажралиб турарди.

Ҳар бир ролини синчиклаб ўрганиб, ўзига тўғри келмаса ўйнамасди, дейишади улар.

Марҳум актёрнинг бу хислати журналистларга берган интервьюларида ҳам кўринади.

Жумладан, ўтган йили берган суҳбатларидан бирида Ўзбек театр ва киносида бугун мавжуд ҳолатларга холис баҳо берган.

" Театрда аввалгидек муҳит йўқ эди, олдинги театр, олдинги спектакллар йўқлиги учун 1993 йил театрдан кетганман. Кинода эса режиссёрликка, кинога алоқаси бўлмаган инсонлар кириб келишди. Хусусий киноларда жуда кам ўйнаганман. Сценарий юрагимни жиз эттирмаса, ҳеч қачон суратга тушмайман. Хусусий кинода режиссёра кучли эмас, сценарийлар жудаям бўш. Кўп фильмлар бир-бирини такрорлайди. Актёрларда дард, завқ етишмаяпти. Режиссёрларнинг ўзи билимли бўлмаса, китоб ўқимаса, қандай қилиб кучли фильмлар ишлайди? Устоз кўрмагани учун ҳам ёш актёрларимиз ўзларини кучли деб билади. Ролларини шошиб ўйнаб беришадида, ё телефон билан банд бўлишади, ё югуриб тўйга кетишади. Бу ҳолда қандай қилиб яхши рол чиқариб бериш мумкин? Ўзларидан ёши улуғ актёрларни назар-писанд қилишмайди. Театр ва кино санъати дарғаларининг исми-шарифларини айтиб беришолмайди. Ўттиз-қирқта рол ижро этиб қўйдим, дейишади. Сони бор, салмоғи йўқ! Кинода адабий тилимизни йўқотиб қўйяпмиз”, деб куйиниб гапирган эди актёр.

Актёр ўзидаги барча имкониятларни намойиш этишга улгура олмади.

Би-би-си Ўзбек хизмати марҳумнинг оила аъзоларига чуқур ҳамдарлик билдиради.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз,телефонимиз:+44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBCUZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekb
  • bclondonbbcuzbek.comга тўсиқ бўлса,uzbekweb.netга киринг.

Бу мавзуда батафсилроқ