Алишер: 'Ўзбеклар қора кийишларини истамайман'

Фото муаллифлик ҳуқуқи bbcuzbek
Алишер билан суҳбатни BBCUZBEKнинг YouTube каналидан томоша қилинг

'Турфа тақдирлар'нинг бу галги меҳмони - дизайнер ва хонанда Алишер.

Алишер Ўзбекистонда туғилиб, вояга етган. У бугунда Москвада яшайди ва фаолият қилади.

У Ўзбекистонни тарк этиш сабаблари ҳақида гапираркан, ўзини синаб кўриш учун "каттароқ майдон" истаганини айтади:

"Биласизми, Москва мен Тошкентни тарк этганимда Шўролар иттифоқининг пойтахти эди. Очиғи, Тошкент менга торлик қилаётганини тушуниб етдим. Ўзимни каттароқ, кенгроқ жойда синаб кўришни, бошқача бир натижаларга эришишни истадим. Ич-ичимдан машҳур инсонлар, юлдузлар билан ишлашимни билардим. Шунинг учун ҳам дўстларим билан жомадонни тахладим ва худди Ҳолливуд киноларидагидай йўлга тушдим".

Аммо, Алишер дизайнерлик ишларида Ўзбекистоннинг тафтини, руҳини, оҳангларини сингдиришга уриниши ҳақида гапиради.

"Мен Ўзбекистонда вояга етганман. У ерда қуёш бор. Қолаверса, мевалар бор, балки витаминларга тўйиб вояга етгандирман, билмадим. Биз учун қора ранг... йўқ, бўлмайди, мен ватанимда бўлганимда ўзбек аёлларининг рангларга, гулларга тўла либосларда кўрганман, ҳеч ким қора кийиб юрмаган. Мен мода экан деб ўзбекистонликларни қора кийиб юришини истамаган бўлардим. Чунки, бутун Марказий Осиёдан Ўзбекистон ва Тожикистонда ранглар турфа хиллиги бор. Гуллар бор, турфа ранг тошлар бор, қуёш бор ва замини жуда ҳам бой... Шунинг учун мен Ўзбекистон ана шу рангларни йўқотишни истамайман. Бизнинг маданиятимизни сақлаб қолиш керак. Хонатласларни, кўрпачаларимизни сақлаб қолиш керак", дея қўшимча қилади Алишер.

Алишер бир неча йиллардан бери Россия шоу бизнесининг қатор юлдузлари, жумладан, Алла Пугачёва билан бирга ишлайди. Қўшиқчиликда ўзини синаб келмоқда. Аммо, у буларнинг барисига босқичма-босқич эришганини айтади.

"Ўзимнинг кичик коллекцияларимни ярата бошладим. Кейинроқ эса, бир неча фешн журналларда ишладим. Буларнинг бари тез кўзга тушди ва мени машҳурлар ҳам чақирадиган бўлишди. Юлдузлар ҳузурига чорлашди ва ниҳоят, мана Алла Борисовна Пугачёва билан ишлашга тушдим. Энг кўп вақтим Алла Борисовнага сарфланади ҳозир ҳам... У билан ўн йилдан ортиқ ишламоқдаман. Буларнинг бари бирданига бўлиб қолмади албатта, босқичма босқич эришдим..."

BBCUZBEK билан суҳбатида Алишер юлдузлар билан фаолияти, ўз ижоди, болалиги ва болаликдаги дўсти Наргиз Зокировани қандай йўқотиб қўйгани, Ўзбекистонни қанчалар соғиниши ҳақида гапиради.

Суҳбатдош Гулсевар Замон.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBCUZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг

Бу мавзуда батафсилроқ