Тошкентда "пойгачилар" сабаб йўл ҳаракати ҳодисаси содир бўлган

Тошкентнинг Юнусобод тумани Аҳмад Дониш кўчасида юз берган йўл ҳаракати ҳодисасида уч автомашина тўқнашган.

Ҳодисага гувоҳ бўлганларнинг сўзларига кўра, Ласетти маркали икки амтомобил ҳайдовчилари юқори тезликда бир-бири билан пойга қўйиб ҳайдаган.

Бу орада ўртага Дамас автомашинаси тушиб қолган. Натижада Оқ рангли Ласетти йўл четига бориб урилган ва ариққа тушиб кетган.

Хабарларга кўра, қурбонлар йўқ, бироқ автомобилларга жиддий шикаст етган.

Воқеа жойига дарҳол милиция ва тез ёрдам машиналари етиб келгани айтилади.

Гувоҳлар ҳодиса оқибатлари акс этган суратларни ижтимоий тармоқларга жойлаганлар. Ундан кўринишича, икки Ласетти ва бир Дамас автомобили шикастланган.

Турли даражада тан жароҳати олган ҳодиса иштирокчилари касалхонага олиб кетилган.

Ижтимоий тармоқда изоҳ қолдирганлар Тошкент кўчаларида ана шундай "пойгачилар" туфайли машина бошқариш жуда хавфли бўлиб қолганини ёзганлар.

Уларнинг фикрича, машинани ҳайдашга рухсат бериш ёшини чўзиш керак. Ёш йигит-қизлар машинасини кўз-кўз қилиш учун қоидаларга риоя қилмай ҳайдайди. Уларнинг кўпчилигида ҳатто ҳайдовчилик гувоҳномаси ҳам йўқ.

Ҳодисага муносабат билдирганларнинг айтишича, Ўзбекистонда порахўрлик бор экан, бундай йўл ҳаракати содир этилаверади. Чунки қоидани бузган, машинасини олдирган бундай пойгачилар ДАН ходимларига пора бериб қоида бузишда давом этаверишади.

Шундай машина ҳайдовчилар боис йўл ҳаракати ҳодисалари содир этилмоқда, баъзида инсонлар ҳаётдан бевақт кетишига олиб келмоқда, деб ёзади фойдаланувчилар.

“Водители Ташкента” гуруҳи март ойида Тошкентнинг Бодомзор маҳалласида катта тезликда кетаётган Каптива машинаси бир одамни уриб кетгани ҳақида хабар берганди.

Унда айтилишича, йўл ҳаракати қоидасини бузган машина ортидан милиция қуваётган бўлган. Сaptiva ҳайдовчиси Cobalt ва Spark автомобилларига ҳам зарар етказган, уч фарзанднинг онаси ҳаётдан кўз юмишига сабаб бўлган.

Ўзбекистонда охирги пайтларда йўлда ҳаракатланишга доир янги қоидалар киритилган. Жумладан, мобил телефонда гаплашиб машина ҳайдаганлар, ҳимоя камарини тақмаганлар ва машинасида кечаси чироқ нурини қайтарадиган нимча бўлмаганлар жарима тортилиши айтилган.

Шунингдек, ҳаракатни тартибга солиш учун Тошкент йўлларидаги чорраҳаларга 1,5 минг атрофида видеокамералар ўрнатилиши режалаштирилганди.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBCUZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг