Ислом Каримовнинг Россияга сафаридан кимга қандай наф бор?

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Путин ва Каримов

Ўзбекистон президенти Ислом Каримов Владимир Путин таклифи билан Россияга расмий ташриф буюради.

Кремл матбуот хизматининг берган маълумотномаси аввалги ва ёки бошқа Шўро давлатлари раҳбарларининг сафар мақсадларидан фарқли ҳеч нарса йўқ.

Икки мамлакат раҳбарлари ўзаро савдо-сотиқ, илмий-техник масалалар ҳамда минтақа ва халқаро аҳамиятга эга мавзуларни муҳокама этишади.

Аммо баъзи кузатувчиларга кўра, Каримов ўз сафарида давомида Марказий Осиёдаги хавфсизлик, ҳарбий ҳамкорлик ва меҳнат муҳожирлари масаласини ҳам кўтариши эҳтимол бор.

Бошқа бир кузатувчилар эса, Ўзбекистон президенти ўзи “дангасалар” деб атаган ва жирканишини яширмаган миллионлаб ўзбекистонлик муҳожирлар ҳаёти яхшиланиши учун ҳеч нарса қилмайди деган фикрда.

Владимир Путин ўтган йилнинг ёзида Уфа шаҳридаги учрашувда президент Ислом Каримовни давлат ташрифи билан Москвага келишга даъват этган эди.

Кремлдагиларга кўра, ушбу сафар Россия ва Ўзбекистон имзолаган иттифоқчилик алоқаларига оид шартномага ўн йил тўлиши манзарасида амалга ошмоқда.

Ушбу ҳужжат 2005 йилнинг 13 майида юз берган Андижон қирғинидан кейин имзоланган эди.

Ўзбекистон Россия бошчилигидаги Коллектив хафсизлик шартномаси, Бошхона иттифоқи, Овросиё иттифоқи каби интеграцион жараёнларга ишонқирамасдан қараб келади.

Тошкентдагиларнинг фикрича, бу ташкилотлар амалда реал натижа бермайди ва Ҳамдўстлик ҳудудида аслида Москва ҳукмронлигини таъминлашга қаратилгандир.

Москвалик журналист ва шарҳловчи Орхан Жамолнинг фикрича, Украина можаросидан сўнг, МДҲ лидерлари Россия билан яқинлашиш масаласига жиддий ёндошишлари лозим.

“Украина можароси ортидан, ҳозирда Қозоғистон ва Белорус Россия билан тузган Овроосиё иттифоқига аксарият бир қадар қўрқув кўзи билан қарамоқда... Ҳозирда кўпсонли руслар диаспораига эга мамлакатлар Москва билан интеграция жараёнини чеклашга ҳаракат қилишади. Чунки Россия Украина мисолида Москва билан бўлган ҳар қандай интеграцион жараён бу давлатларнинг мустақиллигига таҳдид эканини яққол ошкор етди. Ислом Каримов ўз ҳукмронлиги давомида Россия билан бўзчининг мокисига монанд сиёсат юргизди. Бир узоқлашди, бир яқинлашди...аммо доим ўз манфаатларидан келиб чиқиб ҳаракат қилди”, дейди Орхан Жамол.

Ўзбекистон армияси минтақада энг кучлими?

Image caption Ўзбекистон армияси энг кучлими?

Каримов сафаридан сал аввалроқ Владимир Путин Ўзбекистоннинг 890 млн доллар миқдордаги қарзини бекор қилиш тўғрисидаги келишувни имзолади.

Айрим кузатувчиларга кўра, қарзлар кечилиши ортидан Ўзбекистон Россиядан йирик миқдорда ҳарбий техника сотиб олиши мумкин.

Москвадаги МДҲ институтининг Марказий Осиё бўлими директори Андрей Грозиннинг фикрича, Ўзбекистон Марказий Осиёда энг кучли ҳарбий қудратга эга мамлакатлардан бири саналса ҳам Тошкент замонавий қурол-яроқнинг айрим турларини бўйича бир оз орқада қолган.

“Ўзбекистон ҳарбий ва ҳарбий транспорт учоқлар ҳамда зенит ракета тизимлари бўйича айрим давлатлар, жумладан қўшни Қозоғистондан орқада... Бундан ташқари халқаро терроризм хатари ортиб бораётгани ҳамда минтақада кузатилаётган айрим микрокризислар, Марказий Осиё давлатларини, таъбир жоиз бўлса, минтақавий қуролланиш мусобақасига ундаган. Бизга маълум Россия Қирғизистон ва Тожикистон қуролли кучларини замонавийлаштириш ва қайта жиҳозлашга катта маблағ сарфлаб келади. Шу маънода расмий Тошкент ҳарбий соҳада ўз қўшинларидан орқага қолишни истамайди ”, дейди эксперт Андрей Грозин.

Экспертга кўра, Ўзбекистон ва Россия муносабатлари ҳеч вақт силлиқ кечмаган ва Москва учун Тошкент ҳар доим мураккаб шерик бўлиб келган.

Андрей Грозин фикрича, Ўзбекистон Марказий Осиёда кучли геосиёсий мавқеъга эга ва шу боис Тошкент фикри билан ҳисоблашмасдан минтақадаги муаммоларни ҳал этиш деярли имконсиздир.

Россия Ўзбекистоннинг АҚШ билан сиёсий ва ҳарбий ҳамкорликлари кучайишидан ташвишланади.

Ғарб қатори минтақадаги Хитой фаоллиги ҳам Москва учун хавотирли ҳолдир.

“Дангасалар” масаласи асосий эмас

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Каримов "дангасалар" деб билган муҳожирлар

Миллионлаб ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларининг Россиядаги вазияти Ўзбекистон президентини ташвишлантираётган асосий масала эмас.

Москвалик ҳуқук ҳимоячиси Баҳром Ҳамроев фикрича, расмий Тошкент ҳар доим ўзбек муҳожирлари муаммосига бефарқ ёндошиб келган ва бундан буён ҳам вазият ўзгармайди.

“Ўзбекистон раҳбарияти учун гўёки меҳнат муҳожирлари умуман йўқ, бўлганлари ҳам бирор муаммога йўлиқишмайди. Ўзбек раҳбарияти хориждаги фуқароларига ёрдам бериш ўрнига уларни ватанга қайтариш ва сохта айбловлар билан қамашни маъқул кўришадигандай таасурот уйғонади. Бу каби сиёсатнинг оқибати яхши бўлмайди”, дейди ҳуқуқ ҳимоячиси Баҳром Ҳамроев.

Федерал миграция идораси эълон этган сўнги рақамларга кўра Россияда Ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари сони 1,8 миллиондан ортиқ. Расмий ҳисоб-китоблар бўйича сон жиҳатдан Ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари Россияда биринчи ўринда туради.

Россия Марказий банки маълумотлари эълон этган ҳисоботга кўра, ўтган йили Ўзбекистон фуқаролари Россиядан ватанига 2 миллиард 400 миллион доллар пул жўнатган.

Иқтисодий инқироз сабабли Россиядан МДХ малакатларига жўнатилаётган пуллар миқдори жорий йилда қариб 50 фоизга камайгани айтилади.

  • Bi-bi-si O‘zbek xizmati bilan Whatsapp, Telegram va Viber orqali bog‘lanishni istasangiz, telefonimiz:+44 78-58-86-00-02.
  • TELEGRAMDA ESA kanalimiz - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBCUZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comga to‘siq bo‘lsa, uzbekweb.netga kiring

Бу мавзуда батафсилроқ