Каримов: "қандайдир дипломатик жумлаларни тўқиб чиқариш керак эмас"

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Россия президенти расмий веб-сайти Kremlin.ru хабар қилишича, 25 апрель куни Президент Ислом Каримов ва Президент Владимир Путин уч соат давомида норасмий мулоқот қилганлар.

Президент Путин таъбирича, "юзма-юз ўтирганлар".

Россия раҳбари айтишича, уч соат давомида икки президент икки томонлама муносабатлар ҳақида, халқаро вазият тўғрисида, шунингдек, Марказий Осиёдаги аҳвол ҳақида гаплашганлар.

Kremlin.ru Россия ва Ўзбекистон президентларининг 26 апрель куни айтган сўзларини эълон қилган.

Суҳбат бошида Президент Путин Россия билан Ўзбекистон ўртасида савдо-сотиқ йилнинг биринчи чорагида ўсганини қайд этган.

Жаноб Путин Ўзбекистондан Россия бозорларига деҳқончилик маҳсулотларини етказиш ҳажми кўпайганидан ўз мамнунлигини изҳор этган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Россия президенти сўзларига кўра, Ўзбекистондан Россияга қишлоқ хўжалик маҳсулотларини олиб бориш ялпи ҳажми 10 фоиз ошган.

Айрим полиз маҳсулотлари 10 баробар, узум 20 баравар, цитрус ўсимликлари 54 баравар кўпайган.

Президент Ислом Каримов эса Россия деҳқон бозорларида ўз мевасини сотиш учун "Келиб қолинг Ўзбекистон мевалари" деб харидор чорлашларини айтган.

"Улар(мевалар)нинг Ўзбекистонга ҳеч қандай алоқаси бўлмаслиги мумкин. Бироқ товар бу товар, реклама бу реклама. Рекламанинг ўзиёқ кўп нарсадан далолат беради", деб айтган Президент Каримов.

Жаноб Каримов Ўзбекистон мева-сабзавотлари мазали экани ҳақида москваликлар яхши билишини айтиб ўтган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP Getty

Бир кун олдинги яккама-якка мулоқотдан эса Президент Каримов қониқиш ҳис қилганини таъкидлаган.

"Оддийгина қониқиш ҳис қилганим йўқ, бу бугун бўлмаса, эртага, албатта, ўз самарасини беради. Бунинг устига бу суҳбат очиқ бўлди, биз дипломатик масалаларга кам эътибор қаратдик, кўпроқ тўғридан-тўғри гаплашдик. Мен бундай суҳбатларни ёқтираман, ўз фикрингни қисқа, лекин аниқ ифодалаш мумкин бўлган жойда қандайдир дипломатик жумлаларни тўқиб чиқариш керак эмас", деб айтган Президент Каримов.

Ўзбекистон раҳбари яна бир бор Афғонистондаги вазиятдан ўз хавотирини билдирган.

Афғонистон масаласини Россиясиз ҳал қилишга уринишлар бор, деб айтган жаноб Каримов, бу уринишларни нотўғри деб ҳисоблайман, деган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг

Бу мавзуда батафсилроқ