“Ўзбекистон ва Тожикистонда диний эркинликлар чекланган”

Фото муаллифлик ҳуқуқи Google map
Image caption Ўзбекистонда диний айбловлар билан қамалганларнинг аксарияти машъум Жаслиқ қамоқхонасида экани айтилади.

Америка Халқаро Диний эркинликлар комиссияси ўзининг йиллик ҳисоботида дунё бўйлаб диний эътиқод эркинлиги жиддий ва мунтазам ҳужумлар остида қолганини урғулаган.

Ҳисоботга кўра, Оврўпода яҳудийлар ва мусулмонларга нисбатан ёвқараш авж олган.

Ўзбекистон АҚШ ташкилотининг “алоҳида хавотирлик” изҳор этилган мамлакатлари қаторидан жой олган.

Бу давлатлар рўйхатида Ўзбекистондан ташқари Тожикистон, Хитой, Эритрея, Ироқ, Эрон, Нигерия, Шимолий Корея, Саудия Арабистони, Покистон, Судан, Сурия, Туркманистон ва Ветнам бор.

Дунё бўйлаб диний эътиқоди учун ҳукумат ва ё бошқа гуруҳлар томонидан тазйиқлар остида қолаётган бир неча фаолларни санаб ўтилган бу ҳисоботда ўзбекистонлик ҳуқуқбон Ғайбулла Жалиловнинг номи ҳам зикр этилади.

2010 йилда Ғайбулла Жалилов мустақил мусулмонларнинг ҳақларини ҳимоя қилгани учун 11 йиллик қамоқ жазосига ҳукм этилганди.

Аҳолисининг аксарияти мусулмон бўлган Ўзбекистон ҳукумати диний фаолиятни кескин чеклайди, дейилади ҳисоботда.

“Ўзбекистонда ҳукумат 12800 нафар мусулмонларни қамоққа ташлаган”.

Бундан ташқари ҳукумат протестантлар ва Яҳова шоҳидларини ҳам тазйиқ остига олган, дейилади ҳисоботда.

Диндорлар қийноқ остида

“Ўзбекистон ҳукуматининг рад қилишига қарамасдан қамоқхоналарда қийноқ қўллаш кенг тарқалган”.

Ўзбекистондаги ҳибсхоналар, милиция идораларида ҳибсга олинганларга нисбатан зўравонлик, жинсий зўрлаш, газ ниқоблари кийдириб бўғиш ва ёки бу қийноқ усуллари билан қўрқитиш кенг тарқалгани айтилади.

Айни ҳисоботда бир неча мусулмонлар, жумладан 16 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган Хайрулло Турсуновнинг вазияти тилга олинади.

“2015 йилнинг охирларида Хайрулло Турсуновни бориб кўрган опа-сингиллари уни ўлим ёқасига келиб қолганига гувоҳ бўлишган”.

Диний айбловлар билан қамалган маҳкумларнинг жазо муддатлари тугаши арафасида яна турфа айблар билан “қўшиб бериш” ҳолатлари ҳам кенг тарқалгани айтилади ҳисоботда.

Қўшни Тожикистонда ҳам вазият абгор

Image caption Муҳиддин Кабирий, Ислом Уйғониш партиясининг ҳижрат қилган раҳбари

Ўтган йиллар давомида Ўзбекистонга нисбатан вазият бир қадар фарқли бўлган Тожикистон ҳам АҚШ комиссиясининг алоҳида ташвиш туғдирадиган давлатлар қаторидан жой олган.

“Тожикистон ҳукумати ҳукуматдан мустақил бўлган ҳар қандай диний фаолиятни бостиради, диндорларни жазолайди. Мусулмонлар, протестантлар ва Яҳова шоҳидлари алоҳида хавотирли вазиятда қолишган”.

Тожикистон Ўзбекистон исломий ҳаракати гуруҳи, Ҳизбут Таҳрир, Салафийлик оқими вакилларини ўтган аср тўқсонинчи йиллар ўрталаридан бери таъқиб этади ва узоқ йиллик қамоқ жазоларига ҳукм қилиб келади.

Шунда ҳам Тожикистонда ўтган йилга қадар собиқ Шўро минтақасида ягона расмий диний партия фаолият кўрсатиб келарди.

Ҳисобот Тожикистон Ислом уйғониш партиясининг 2015 йилда тақиқлаб қўйилгани борасида хавотирларни акслантирар экан, ўнлаб фаоллар қамоққа ташлангани, партиянинг камида 1000 нафар аъзоси мамлакатни тарк этишга мажбур бўлганини қайд этади.

Ўзбекистон ва Тожикистонга доир АҚШнинг Диний эркинликлар бўйича комиссияси бу йил ҳам бир қатор маслаҳатлар билан чиққан.

Бу маслаҳатлар бир жумлага жам қилинса, айни ташкилот Вашингтонни Ўзбекистон ва Тожикистон билан муносабатларда инсон ҳуқуқлари масаласига кўпроқ эътибор қаратишга даъват қилади.

Душанбе ва Тошкент эса бу каби тазйиқ ва таъқибларни диний экстремизм билан кураш ўлароқ талқин қилади.

  • Bi-bi-si O‘zbek xizmati bilan Whatsapp, Telegram va Viber orqali bog‘lanishni istasangiz, telefonimiz:+44 78-58-86-00-02.
  • TELEGRAMDA ESA kanalimiz - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comga to‘siq bo‘lsa, uzbekweb.netga kiring

Бу мавзуда батафсилроқ