Дилмурод Саййид: 'Балки сабрим етар...'

Image caption Шоир ва журналист Дилмурод Саййид 2009 йилдан буён қамоқда

Дилмурод Саййид 1962 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. Низомий номли Тошкент давлат педагогика институти Ўзбек филологияси бўлимида таҳсил олган.

Бир қатор нашрларда фаолият кўрсатган. “Адвокат Пресс” рўзномасида чоп этилган “Йўқ ҳақида бадиҳа” ҳамда қатор публицистик ва насрий асарлар муаллифидир.

2009 йил февралидан буён қамоқда. Халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари, Пен Клуб ва “Чегара билмас шифокорлар” Саййидни журналистик фаолияти учун қамоққа ташланганини айтиб, уни озод этишга чақириб келадилар.

Дилмурод Саййид оғир сил касалидан азоб чекади.

Ҳюман Райтс Вотч инсон ҳақлари ташкилоти унинг соғлигидан хавотир изҳор қилган.

2009 йил ноябрида журналист билан учрашиш учун Навоийдаги қамоқхонага бораётган рафиқаси Барно Жуманова ҳамда беш ёшли қизи Рухшона Тошкент-Самарқанд йўлидаги автоҳалокатда ҳаётдан кўз юмганлар.

Балки сабрим етар,аммо умримга ҳеч кафолат йўқ,

Умид бордир шуъла янглиғ,лек шуълада ҳарорат йўқ.

Ярим асрий ҳаёт кўрдим,сафо кўрдим,жафо кўрдим,

Қаро чизмак бўлди кимдир,бироқ манда хижолат йўқ.

Ҳабиб аҳлин синов этмак Яратгандан раво,дерлар,

Дейин шукроналар,мандан ўзига ҳеч шикоят йўқ.

Этиб хотир Чўлпондан то Рауф Парфи,дедим :Бу кун-

Ҳур фикратдан,пок тийнатдан улуғроқ ҳеч ибодат йўқ!..

Эй Дилмурод,умид узма,ёруғ кунларга толпингин,

Ноумидга икки дунё шижоат йўқ, шафоат йўқ!

* * *

Кулманг, ўтинаман, кулмангиз асло

Менинг бахтсизлигим фақат меники.

«Тавба!» деб чекинманг, ачинманг ҳатто,

Толе меникидир, у — тақдир чеки!

Ўткинчидир маним маҳзун дамларим,

Ўткинчидир сизнинг кулгу ё кўз ёш.

Мен Инсон умрини Қуёш англадим:

Баъзида вақтинча куяркан ҚУЁШ!

* * *

Найлайин дарду ситам айлаб дилим қон йиғлатур,

Гоҳ алам, гоҳи хаёл, гоҳида армон йиғлатур.

Мен уни жоним дея кўксимга жо этган эдим,

Оқибат қийнаб таним, қалбимни ул жон йиғлатур

Кўзларимда ёш эмаским, бевафонинг заҳми бу,

Ваъда деб берган эди, ул лафзи ёлғон йиғлатур.

Бу жунун саҳросида кўнглим адашган йўлчидек,

Ноумидлик бир томон, бир ёнда ҳижрон йиғлатур.

Етмагай нолишларим қаттиқ эрур ер кўкси ҳам,

Ҳам баландлик кўргазиб бошимға осмон йиғлатур.

Йиғламоқдин хийра бўлди кўзларим гавҳарлари,

Ҳолим маломат этиб ул чашми фаттон йиғлатур.

Бемуродлик ёзмиш экан гарчи номим Дилмурод,

Ойнинг ўн беши — алам, ўн беши — армон йиғлатур!…

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг