Қамчиқ довонидаги кўчки оқибатида инсонлар ҳалок бўлган

Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги хабар қилишича, пойтахт Тошкентни Фарғона водийси билан боғлайдиган Қамчиқ довонида кўчки рўй бергани оқибатида беш инсон ҳалок бўлган, олти киши қутқарилган.

Фавқулодда вазиятлар вазирлигига кўра, ҳодиса 4 май куни маҳаллий вақт билан соат 14 ларда Тошкент-Ўш йўлининг 223 километрида рўй берган.

Довон йўлининг бу қисми Наманган вилоятининг Поп тумани ҳудудига тегишли.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги кўчкининг 13300 метр куб ҳажмни ташкил этгани, кўчки остида икки автомобиль қолиб кетганини хабар қилган.

Жароҳатланган инсонларга зарур тиббий ёрдам кўрсатилган.

5 май куни ҳам довон ёпиқлигича қолган.

Довоннинг Тошкент вилояти ва Наманган вилоятидаги қисмларида кўплаб автомобиллар тўпланиб қолган.

Кўчки оқибатларини бартараф этиш мақсадида тегишли хизматларнинг ходимлари ҳамон ишлаётганлари хабар қилинмоқда.

Қамчиқда қиш фаслида кўп қор ёқади ва қор кўчкилари хавфи май ойигача сақланиб қолади.

Қамчиқ довони Ўзбекистон учун стратегик аҳамиятга эга бўлиб, қўшни мамлакатларга қарамликдан воз кечишга қарор қилган мамлакат раҳбарияти тоғ йўлидан автомобиль ва темир йўл қатновини ўтказишни истайди.

Ўзбекистон мустақиллигининг дастлабки йиллариданоқ довондаги автомобиль йўлини кенгайтириш, қатнов учун қулай қилиш ишлари давом эттириб келинади.

Шу йил хитойлик мутахассислар Қамчиқ орқали темир йўл қатновини ўтказишга имкон берадиган тунелларни ҳам қуриб фойдаланишга топширди.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг