Тошкентдан мактублар: Электрон ҳукумат ва электр тақчиллиги

Ўзбекистонда “Электрон ҳукумат” тўғрисида”ги қонун қабул қилинган. Бу қонун ўйлашимча, фуқаролар билан давлат ўртасида ҳеч қандай олди-бердисиз мулоқот қилиш дегани.

Яъни оддий фуқаро қайсидир амалдорнинг ёнига бориб, унинг қабулида соатлаб, кунлаб, ҳафталаб сарғаймайди, маълум бир рақамларга уланиб? ўз дарди ҳолини айтади, давлат ва жамият ривожи учун керак бўладиган амалий таклифларини ҳам билдириши мумкин? деган маънода қонунда “Ишонч телефон”лари фаолиятини ҳам йўлга қўйиш кўзда тутилган эди.

Бугун теле ва радио тўлқинларида деярли энг керакли соҳалар прокуратура, таълим вазирликлари, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва ҳоказо тармоқларнинг “Ишонч телефон”лари ҳақида халққа реклама бериб турилибди.

Баъзилар мушкулим осон , оғирим енгил бўлар, деган мақсадда “Ишонч телефон”ларига қўнғироқ қилиб, ўз дарду ҳолини айтмоқда.

Бу айниқса, вилоятларнинг чекка туманларида яшаётган , пойтахт тугул, вилоят марказига ҳам бориб келишга имконияти етмайдиган кишилар учун яхши восита бўлди, дейиш мумкин.

“Ишонч телефони”да алоқага чиқаётган ходимлар ҳам фуқароларнинг шикоят ва аризаларини ёзиб олиб, керакли вазирлик ва идораларга жўнатиб турибди. Аммо ...

"<span >Ишонч телефонинггаям, сенгаям"

- Бизнинг вилоятда, - деб сўз бошлайди “Ишонч телефон”лари орқали бир неча бор, бир неча ташкилотга мурожаат қилган мухлис, - ҳукуматнинг “Ишонч телефон”лари орқали келган шикоятларига панжа орасидан қарайдиган ташкилотлар бор. Ўшалардан бири Вилоят электр тармоқлари корхонасидир. У ерда ўтирган раҳбарлар машҳур қизиқчи Ҳожибой Тожибоев айтмоқчи, “Ишонч телефонларинггаям, сенгаям” ... деб қўйганлардан.

Нима учун қизиқчининг ўша машҳур иборасини эсладик? Мана ўзингиз шикоятчига келган жавоб хати билан танишиб чиқинг.

“Фарғона электр тармоқлари худудий корхонаси” АЖ шуни маълум қиладики, Сизнинг ягона интерактив хизматлари портали оркали юборилган мурожаатингизни электр таъминоти ўрганиб чиқилди. (Хат айнан келтирилмоқда) .... туман ..... қишлоғи электр таъминоти қуйидаги занжир билан бажарилган: Нимстанцияси “Ўзгариш” 220/110/6 кВ – Л-Уз-К-1 110 кВ хаво узатмаси – нимстанцияси “Қўқон” 110/35/6 кВ – Л-К-Я 35 кВ хаво узатмаси - “Шодлик” 35/10 кВ нимстанцияси – кВ фидер Ширмон. Эрталабки ва кечки максимум соатларда энерготизимда кувват танқислиги, хаво тармоқларида ва нимстанциялардаги трансформаторларда ўта юклама (перегруз) билан ишлаши окибатида ва энерго тизимни баркарорлигини таъминлаш максадида чеклов киритилмоқда. “Ширмон” фидери авария ҳолатида ҳамда кечки тиғиз пайтидан ташқари вақтларда ...... ТЭТК корхонасига ва вилоят Тезкор диспетчерлик хизматига тасдикланган чеклов графигига асосан учиришларини назоратга олиш топшириғи берилди.

“Фарғона ЭТХК” Аж Бош директори имзо У.А.(Мулозимнинг исми қисқартириб берилмоқда)

Баж: ТДХ бошлиғи Д.К(Мулозимнинг исми қисқартириб берилмоқда)

Шикоятчига худди шу мазмундаги хат 2015 йилнинг октябрь ойидан 2016 йил феврал ойигача бир неча марта келган ва ҳамма хат айнан бир-бирини такрорлаган. Хатни ўқиган ўқувчилар бирор нимани тушундимикан? Бу хатнинг мазмунини тушуниш учун ҳар бир фуқаро камида беш йил энергетика соҳасида олий маълумот олиш керак, назаримда. Ягона интерактив давлат хизматлари порталига қилинган мурожаатга муносабат шу бўлгандан кейин...

Электрон ҳукумат ва электр

Шу ўринда ўтган йил охирларида Президент ҳузуридаги Давлат Бошқаруви Академиясида бўлиб ўтган бир йиғилишга доир қизиқ бир воқеа эсимга тушди.

Буни Академия тингловчиларидан бири айтиб берган эди.

Академияда Электрон ҳукуматга бағишланган катта бир анжуман бўлибди.

Анжуманда Академиянинг собиқ ректори Абдужаббор Абдувоҳидов электрон ҳукуматнинг афзалликлари ҳақида узундан-узоқ маъруза қилади.

Шунда Қашқадарёдан келган тингловчилардан бири (афтидан, кичик тадбиркор бўлса керак) "домла мумкинми, савол берсам" деб қўл кўтаради ва савол беради:

"Мана, сиз электрон ҳукумат деяпсиз. Лекин электрон ҳукумат ишлаши учун олдин ЭЛЕКТР бўлиши керакми?!.."

Орага сукунат чўкади, одамлар кулгидан ўзларини базўр тийиб турадилар (Нима қилса ҳам бу гўринг нурга тўлгур Ҳожибойнинг томошаси эмас!).

Аслида эса аҳвол тайин, йиғлагудек эди.

Собиқ ректор гапни узоқдан олиб келади, айлантиради,айлантиради, аммо.. савол жавобсиз қолади.

Табиий, электр йўқлиги учун Академия ректори айбдор эмас, аммо ҳузурида шундай академияни ташкил этган Президент айбдор, албатта, агар муаммодан хабари бўлса.

Биласиз, ушбу Академия аввал-бошда "Давлат ва жамият қурилиши академияси" деб номланарди.

Кейинроқ давлат ва жамиятни қуриб бўлдик, деган хулосага келишди, шекилли "Давлат бошқаруви Академияси" деб қайта номлашди.

Шу тариқа, электр бўлмаса ҳам, давлат бошқарилаяпти, " зато" электрон ҳукумат бор!

Майли, электрон ҳукумат ҳақида кейинроқ бафуржа тўхталармиз, ҳозир ишонч телефонларига қайтсак...

Мана яна битта “Ишонч телефони” орқали иш сўраб мурожаат қилган фуқарога берилган жавоб.

Вилоят хокимлиги умумий булимии бошлиги .............га Нусхаси ...................тумани хокими........(ҳокимнинг исми шарифи ҳам нотўғри ёзилган)га Тумани ....... кишлогида яшовчи ...............га

.........тумани Бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш маркази Сизга шуни ёзиб маълум қиладики, Сизни 2015 йил 2 ноябр кунги № 897-сонли хатингизга асосан ....... тумани ..... кишлогида истиқомат қилувчи Узбекистон .............. университети ...... факултетини битирган, ... .... йилда тугилган ........ . ишга жойлаштириш мақсадида ишонч телефонига мурожаат килган. Фукаро ........ ни тумандаги ва кушни туманлар Кукон шахри ва Богдод туманидаги мавжуд буш иш уринлари билан таништирилди. Хозирги кунда мутахассислиги буйича туманда буш иш уринлари мавжуд булмаганлиги мутахассисилиги буйича мустакил равишда иш кидириш тугрисида маслахат ва тушунтиришлар берилди.

........ тумани бандликка кўмаклашиш ва аҳолини Ижтимоий муҳофаза қилиш маркази директори: Имзо..............................

Расмий хатдаги имло хатолари ҳақида гапириб ўтиришга ҳожат бўлмаса керак.

Алқисса, “Ишонч телефон”лари ҳам “показуха” учун ишламоқда.

Ёки менга шундай туюлмоқдами?..

Адолат ТОШКАНБОЙ қизи
  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг