Ўзбекистон Хотира ва қадрлаш кунини нишонламоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи u

Бу йил ҳам Ўзбекистондаги 9 май куни мазмунан собиқ Шўро республикаларидаги байрамдан фарқли нишонланмоқда.

Ўзбекистондаги қатор зиёлилар, фаолларнинг фикрича, Россиянинг жорий ҳукумати юритаётган сиёсати манзарасида бу фарқнинг аҳамияти ортган.

Россиянинг Қримни аннексия қилиши ва Украина шарқидаги бўлгинчиларни қўллаб-қувватлаши халқаро санкцияларга сабаб бўлди.

Кузатувчилар фикрича, бунга жавобан Россия ўз ҳарбий қудратини дунёга намойиш этишга бел боғлаган, хусусан, 9 май кунидаги Қизил Майдондаги ҳарбий парадда ўзининг энг замонавий қурол-яроғи ва техникасини кўрсатиб қўйишга ҳаракат қилаяпти.

Сўнгги йилларда Россияда 9 май арафасида Георгий тасмасини тарқатишга қарор қилинган.

СССР замонида Ғалаба байрамининг асосий рамзларидан деб кўрилмаган Георгий лентасига ҳозирга келиб урғу берилаётгани айримлар назарида Россиянинг собиқ империясини қайта тиклаш ҳаракатлари сифатида талқин қилинмоқда.

2014 йили Украина шарқида Георгий тасмаларининг тарқатилиши бу рамзга нисбатан салбий муносабатни кучайтирди.

Россиянинг хорижий мамлакатлардаги элчиликлари Георгий ленталарини текин тарқатмоқда, Тошкентдаги Россия элчихонаси норинж-қора рангдаги тасма Ўзбекистонда ҳам машҳурлашиб кетганини хабар қилди.

Бироқ Ўзбекистондаги фаоллар фикрича, Георгий тасмасининг Ўзбекистондатарқатилиши тўғри эмас.

Бу лента 1945 йилдаги фашистлар Олмонияси устидан ғалаба рамзи эмас, аксинча, XIX асрнинг иккинчи ярмида Марказий Осиёни босиб олган Чор Россияси ҳарбийларининг мукофоти эканини урғулашади ўзбек фаоллари.

Ўзбекистонда Георгий лентасининг тарқатилиши ва бу йил Ўзбекистонда ҳам “Ўлмас полк” акциясини ташкиллаштириш ҳақидаги хабар Интернет ижтимоий тармоқларида қизғин баҳс-мунозараларга сабаб бўлди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи rianovosti

“Ўлмас полк” акцияси илк бор 2012 йил Россияда уюштирилган, шундан кейинги йилларда 9 май куни дунёнинг бошқа мамлакатларида ҳам урушда ҳалок бўлган инсонларни хотирлаш тадбири сифатида ўтказилаяпти.

2015 йили бутун дунёда 12 миллиондан ортиқ одам Иккинчи Жаҳон урушида ҳалок бўлган аждодининг суратини кўтариб “Ўлмас полк” хотира тадбирида қатнашгани хабар қилинган.

Бу йил Тошкентда ҳам “Ўлмас полк” акцияси ўтказилиши ҳақида хабар тарқалди, лекин Тошкент шаҳар ҳокимлиги бундай тадбирни ўтказишга рухсат берилгани ҳақидаги хабарни рад этди.

Ўзбекистон раҳбарияти 9 майни ҳарбий қудрат намойиши сифатидаги СССР анъанасидан 1990 йилларнинг охирида воз кечди.

Бу кунда нафақат уруш ва фронт ортида, балки яқин йилларда ҳам дунёдан ўтган яқин инсонларни хотирлаш, кекса кишиларга эътибор қаратиш куни сифатида ўтказиб келинади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

Ўзбекистоннинг ҳар бир шаҳар ва туманида урушда ҳалок бўлган инсонларнинг исмлари ёзилган зарҳал лавҳлар ташкиллаштирилган, мотамсаро она ҳайкаллари қаршисида уруш келтирган жафолар хотирланади.

Ҳар йили Хотира ва қадрлаш кунида Президент Ислом Каримов Тошкентдаги мотамсаро она ҳайкали пойига гулчамбар қўяди ва фахрийлар ҳамда журналистлар билан мулоқотда ички ва ташқи сиёсатга доир ўз фикрлари билан ўртоқлашади.

8 май куни Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан гапираркан, Президент Каримов 1941-1945 йиллари Ўзбекистон мислсиз бағрикенглик намунасини намойиш этганини, 1 миллион гўдакларни, кекса ва аёлларни боқиб олиб, бошпана берганини урғулаган.

Журналистлар Президент Каримовнинг уруш номини Ўзбекистон расмий матбуоти учун аташ мажбурий қилинган “Иккинчи Жаҳон уруши” деб эмас, “Улуғ Ватан уруши” дегани, 9 майни Хотира ва қадрлаш куни билан бирга фашизм устидан Ғалабанинг 71 йиллиги деб атаганига эътибор қаратганлар.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

Президент Каримов ҳозирги нотинч дунёда Ўзбекистон армияси қудратини ошириш, Ўзбекистоннинг бирор бир ҳарбий блокка қўшилмаслиги, Ўзбекистон ҳудудида хорижий мамлакат ҳарбий базасини жойлаштириш ёки Ўзбекистон ҳарбийларини бошқа бир чет мамлакатга юбормаслик тўғри қарорлар бўлишини урғулаган.

Жаноб Каримов, 2030 йилга бориб Ўзбекистоннинг Ялпи Ички маҳсулотини 2 баравардан ҳам ошириш режалаштирилган, деб айтган.

Ўшанда, Президент Каримов фикрича, Ўзбекистон дунёнинг бирорта ҳам ривожланган давлатидан кам бўлмайди, Ўзбекистон халқининг турмуш даражаси ва ҳаётининг сифати ҳам эркин ва фаровон яшаётган халқларникидан паст бўлмайди.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг

Бу мавзуда батафсилроқ