Ўзбекистон мевалари Россиягача етиб борадими?

Фото муаллифлик ҳуқуқи bbcuzbek
Image caption Ўзбекистон мева-сабзавотлари Россия бозорларига етиб келадими?

Президент Ислом Каримов апрел ойида Москва сафари чоғида Ўзбекистон Россияга мева-сабзавот етказиб беришда Туркия ўрнини эгаллашга қодир эканлигига ишора этганди.

"Ўзбекистон 2016-йилда мева-сабзавот етиштиришни 4,5 миллион тоннага кўпайтирмоқчи. Агар бу шартнома узоқ муддатли бўлса, Россияни мева ва сабзавотлар билан таъминлашга етарли имкониятга эгамиз”, деб айтганди президент Ислом Каримов.

Каримовнинг бу орзуси, яъни Россия бозоридан четлатилган Туркия маҳсулотлари ўрнига Ўзбекистон мева-сабзовотини келтириш осон кечмайди.

Туркия сўнгги 20 йил давомида Россиянинг мева-сабзавот бозорида етакчи ўринни эгаллаганди.

Расмий маълумотларга кўра, Москва ва Анқара муносабатлари бузилишига қадар Россия ички бозоридаги сабзавотларнинг қарийб 20 фоизи ва меванинг 25 фоизи Туркиядан келтирилар эди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи bbcuzbek

Россия бозорида Туркия ўрнини эгаллаш курашига фақат Ўзбекистон киргани йўқ.

Ҳозирда Овроосиё иқтисодий иттифоқ ташкилотга аъзо давлатлар Белорус, Қозоғистон, Арманистон, Қирғизистон қатори Озорбойжон, Эрон, Тожикистон, Марокаш, Исроил ва Миср ҳам ўз маҳсулотлари ҳажмини оширишга интилишмоқда.

Олдин Туркиядан келтирилган цитрус мевалар ўрнини, эндиликда Аргентина, Жанубий Африка республикаси, Гуржистон ва бўлгинчи Абхазия мевалари эгалламоқда.

Бундан ташқари Россиянинг Шимолий Қафқоз республикаларида етиштирилган мева-сабзавот ҳам бор.

Йил бошида Эрон ўз мева-сабзавотларини Россияга киритишни жадаллаштириш йўлида 100 млн. доллар кредит пул ажратганини эълон этди.

Москвадаги “Сабзавот етиштирувчилар миллий иттифоқи” ташкилотининг ижрочи директори Михаил Глушковнинг фикрича, ҳозирда Ўзбекистон Россия бозорида Шўролар давридаги бўлган мавқеини қайта тиклаш имкониятига эга. “ Ўзбекистонда етиштирилган қишлоқ хужалиги маҳсулотлари Россия бозорида олдиндан яхши сифати билан ном чиқариб келган. Албатта, ҳозирда рақобат кучли. Ўзбекистоннинг, Эрон ва Миср каби давлатларга қараганда бизга яқинлигини назарга олсак, Тошкент Россия бозорида етакчи ўринни эгаллаши мумкин. Лекин қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилиш инфраструктураси, менимча Ўзбекистонда унчалик яхши ривожланмаган. Катта миқдорда мева ва сабзавотларни узлуксиз экспорт килиш учун фақат маҳсулот юқори сифатли бўлиши кифоя эмас. Замонавий омборхоналардан тортиб, то қадоқлашга қадар жараён кун талабларига мос бўлиши лозим”, дейди Михаил Глушков.

Ўзбекистонда порахўрлик ва ачиб қолаётган мевалар

Фото муаллифлик ҳуқуқи bbcuzbek
Image caption Россия бозорларида Туркия ўрнини Эрон ҳам эгаллаш ҳаракатида...

“Фуд сити” Москвадаги энг йирик ва янги қурилган мева-савбзавот савдо марказларидан бири саналади. Бу ерда Марказий Осиё республикаларидан келтирилган қишлоқ хўжалик маҳсулотлари улгуржи ва чакана савдода сотилади. Ушбу савдо маркази ҳудудида Қозоғистон ва Ўзбекистонга тегишли юк ташувчи машиналардан ҳозирда карам, кўкат ва пиёз сотилмоқда. Карам ва пиёз халталарда, кўкат эса картон қутиларда жойлаштирилган.

Шу кунларда Марказий Осиёдан гилос ҳам келтирилиши кутилмоқда.

Мен суҳбатлашган Ўзбекистонлик ҳайдовчи ва сотувчиларнинг аксарияти бозор касодлигидан, кўкатларнинг муҳлати ўтиб бораётгани ва сабзавотнинг бузилаётганидан шикоят қилишди. Уларга кўра Ўзбекистондан четга маҳсулот чиқариш қийинлашган, хусусан порахўрлик, коррупция бизнесларига катта тўсиқ ясамоқда. Ўз номини айтишни истамаган Ўзбекистонлик ишбилармоннинг айтишича, Ўзбекистонда етиштирилган сабзавот меваларнинг катта қисми Қозоқистонга ноқонуний йўл билан ўтказилади ва у ердан Россия шаҳарларига тарқатилади.

Унинг фикрича, Ўзбекистоннинг Евроосиё иқтисодий ташкилотга аъзо бўлмагани, ўзбек ишбилармонлари бизнесини анча қийинлаштирган. Овроосиё иқтисодий иттифоқ ташкилотга аъзо давлатларнинг ўз маҳсулотларини Роосияга киритишда қатор имтиёзлар белгиланган.

Ўзбекистон эса бундай имтиёзлардан маҳрум. Олдинроқ расмий Тошкент Божхона Иттифоқига аъзо Қозоғистон воситачилари хизматидан воз кечиб, Ўзбекистон мева-сабзавотларини тўғридан тўғри Россияга киритишга ёрдам беришни сўраб, Россия раҳбариятига мурожаат этган эди.

Афтидан Ислом Каримовнинг сўнгги Москва сафари чоғида ҳам Тошкент илтимоси ижобий ҳал этилмаган.

Яқинда давлатга қарашли “Ўзулгуржисавдоинвест” ассоциацияси томонидан Москва ва Новосибирск шаҳарларида «Марка Фуд Ташкент», «Рус-Уз Инвест» ва «РВТ ФАЗО» номли учта савдо уйи очилди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи bbcuzbek

Бу каби савдо уйларини Санкт-Петербург, Калининград, Владивосток каби қатор шаҳарларда очиш режалангани айтилмоқда.

Тошкент расмийларига кўра, ушбу савдо уйлари асосан ўзбек мева-сабзавот маҳсулотларини катта ҳажмда экспорт қилишга қаратилган.

Москва орқали Ўзбекистон меваларини Болтиқ бўйи ва Скандинавия мамлакатларига, Новосибирск орқали эса Сибир ва Узоқ Шарқ минтақасига чиқариш кўзда тутилган.

Жорий йил бошида “Ўзагроимпорт” ширкати буюртмаси бўйича илк бор “Ўзбекистон Ҳаво Йўллари” ширкатининг юк ташувчи Boeing 767-300F учоғида Россиянинг Воронеж шаҳрига 47 тонна сабзавот маҳсулотлари келтирилган эди.

Тошкент мулозимларига кўра сабзавот ва меваларни Россиянинг бошқа шаҳарларига учоқларда ташиш янада кўпайтирилади.

Мева-сабзавот авторефрежераторлари Марказий Осиёдан Россия ҳудудига тақрибан бир ҳафтада етказилса, учоқларда 4-5 соатда етказилади.

  • Bi-bi-si O‘zbek xizmati bilan Whatsapp, Telegram va Viber orqali bog‘lanishni istasangiz, telefonimiz:+44 78-58-86-00-02
  • TELEGRAMDA ESA kanalimiz - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comga to‘siq bo‘lsa, uzbekweb.netga kiring

Бу мавзуда батафсилроқ