Ўзбекистондан Ҳиндистонга шифо излаб

Image caption Ўзбекистонликларда охирги пайтларда ҳинд жарроҳлар тажрибали, яхши ва арзонга даволашади, деган фикр шаклланган.

Ҳиндистонда тиббий туризм тез ўсаётган соҳалардан бири ҳисобланади. Сифатли тиббий хизмат ва сони ортиб бораётган хорижий мижозлар учун даволанишнинг паст нархлари соҳани ривожлантириш омиллари деб қаралмоқда.

Маълумотларга қараганда, 2005 йилда 150 минг тиббий сайёҳ Ҳиндистонга келган бўлса, 2008 йилда бу рақам 200 минггача ошган. 2015 йилга келиб хорижий мижозлар сони 3 миллион 200 мингга етган.

Ҳиндистондаги Брукинс институти ҳисоботига кўра, 2014 йилда хорижий туристларнинг қарийб 60 фоизи Малдива оролларидан, 16,5 фоизи Афғонистондан ташриф буюришган. Шунингдек, сифатли ва арзон медицина хизмати қидириб Ҳиндистонга келганлар орасида Бангладеш, Непал, Шри Ланка, Уганда, Найроби ва покистонликлар ҳам кўпчиликни ташкил қилган.

Бироқ эътиборли жиҳати шуки, охирги йилларда Ўзбекистондан даво истаб Ҳинд сари юзланганлар сезиларли тарзда ортган.

"Бизда доим хорижий мижозлар бўлган. Илгари асосан Покистон, Афғонистон, Африка мамлакатлари ва Яқин Шарқдан келишган бўлса, сўнгги вақтда улар орасида ўзбекистонликларни кўплаб учратиш мумкин. Улар юрак ва кўз жарроҳлиги, саратон, тизза ва бел суяклари касалликларини даволатиш учун келишмоқда", дейди Ҳиндистон Тиббиёт фанлари академияси вакили доктор Манож.

Ўзбекистондаги сайёҳлик ширкатлари учун Ҳиндистонда тиббий туризм катта бизнесга айланиб улгурган. Шу боисдан, Ўзбекистонда Ҳиндистонда даволанишни реклама қилган эълонларни тез-тез учратасиз.

"Ўзбекистонликларнинг Ҳиндистонга тиббий мақсадларда қизиқишига сабаб, АҚШ ва Британия каби мамлакатлардаги соғлиқни сақлаш хизматлари ва яшаш нархлари билан солиштирганда бир неча баробар арзонлигидир. Улар учун Ҳиндистонга келиш арзон ва ҳинд юрак жарроҳлари, ҳатто тиш ва кўз шифокорлари тажрибали, яхши даволашади, деган фикр шаклланган", деб айтади ўзбекистонлик Аҳмад.

Бир қанча касалхоналарда ҳатто бепул таржимонларни ҳам топиш мумкин, бу мижозлар учун катта қулайликлардан бири, дея қўшимча қилади у.

Бундан олдин хорижда даволанишга қурби етган аксарият ўзбекистонликлар Россия, Исроил, Олмония ва Таиландга борган бўлсалар, кейинги пайтда Ҳиндистонни танлашлари бежизга эмас.

Тиббий туризмдан келаётган даромаднинг ортиши билан Ҳиндистон ҳукумати бу соҳада хорижий мижозлар дуч келаётган муаммоларни бартараф этиш, имкониятларни яхшилаш чораларини кўра бошлаган. Жумладан, ҳукумат чет элдан даволанишга келувчилар учун виза муддатини чўзиш тартибини ишлаб чиқаётгани айтилади.

Рақамларга қараганда, тиббий туризмдан Ҳиндистон 3 млрд долларгача даромад олмоқда. Бу олдинги йилларга нисбатан 20 фоизга кўп деганидир. 2020 йилга бориб Ҳиндистон ушбу соҳадан 8 млрд доллар фойда олиши кутилади, дейди ҳиндистонлик журналист Амрита Шарма.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг