Ўзбекистондаги лўлиларнинг ўзлиги

Фото муаллифлик ҳуқуқи bbc

Тарихан Ҳиндистондан келиб чиққан мугати ёки лўлилар, асосан Покистон, Афғонистон, Ўзбекистон ва Тожикистонда истиқомат қилади.

Ўзбекистонда лўлилар энг зич бўлиб яшаган ерлари бу – Бухоро, Самарқанд ва Сурхондарё вилоятидир.

Бироқ ўтган асрнинг бошидан мугати гуруҳлар ёда лўлилар Тошкент ва Фарғона водийсида ҳам қўним топа бошлашган.

Улар ўзбек шевасининг баъзи унсурларини ўз ичига олган тожик тилида сўзлашади.

2010 йилда очиқ матбуотда чоп этилган маълумотларга кўра, Ўзбекистонда расман рўйхатдан ўтган 6 минг лўли оилалари яшаб келган.

Бироқ, 2016 йилнинг апрел ойида лўлилар орасида ўтказилган мониторинг ва сўровлар шуни кўрсатадики, Бухоро вилоятининг Когон ҳамда Сурхондарё вилоятининг Денов районларининг ўзида 12 мингдан ортиқ лўлилар оилалари истиқомат қиладилар.

Сўров натижаларига қараганда, Бухоро вилоятида истиқомат қилаётган лўлиларнинг сони 70 минг атрофида деб хулоса чиқариш мумкин.

Апрел ойида ўтказилган социологик сўровларга маҳалла қўмиталари ва ҳокимият расмийлари ҳам жалб этилганди.

Маиший ҳаёт

Лўли оилалари одатда кўп болали бўлиб, фарзандларнинг сони 10-12 нафаргача етади. Апрел сўровларига кўра, лўли эркакларининг қарийб 40 фоизида бир хонадонда яшайдиган икки ёки уч оиласи бор.

Лўлиларнинг деярли барчаси Ўзбекистон фуқаролари ўз паспортларига эга бўлиб, миллати “ўзбек” деб ёзилган.

Сўнгги пайтларда ҳокимият паспорт режимини кучайтиргани боис, лўлиларнинг ҳаммаси шахсни тасдиқлайдиган ҳужжатларига эга. Уларнинг исмлари РУВД қошидаги паспорт столининг маълумотлар базасига киритилган.

Сўровларга жалб этилган лўлиларнинг аксари паспортларида “ўзбек” деб ёзилганини ўз атрофидагиларга юқорироқ мавқеъга эришганларини кўрсатиш истаги билан тушунтиришган.

Шу сабаб ҳам ўзбек йигитлари ва бадавлат, ўқимишли лўли оилаларининг қизлари орасида турмуш қуриш ҳолатлари кўпайиб бораётгани кузатилади.

Мониторинг натижаларига кўра, ўрта даражадан паст бўлган лўлиларнинг 75 фоизи кўпинча ўз маҳаллаларини тарк этишмайди.

Улар лўлиларга хос бўлган урф-одатларига монанд тўй ва дафн маросимларини ошкор қилишмайди.

Image caption Анъанага кўра, аёллар ўтмишда ҳам бугун ҳам оиланинг асосий боқувчиси бўлиб қолишмоқда
Дин ва лўлилар

Ўзбекистонлик лўлилар маиший ҳаётларида исломий урф-одатларга риоя қилишади.

Бироқ шу билан бирга, улар зардуштийлик ва бошқа исломий бўлмаган одатларнинг айрим кўринишларини ичига олган мажусийлик маросимларини махфий тарзда ижро этишларини тўхтатганлари йўқ.

Бухоронинг лўлилар маҳаллаларида расман ҳокимият томонидан очилган масжидлар фаолият юргизмоқда.

Масжидларга асосан ўзига тўқ деб ҳисобланган лўлилар қатнайди.

Мониторинг натижаларига кўра, бошқа миллат вакиллари билан аралашган маҳаллаларда юқори ижтимоий поғонага эришган лўлилар истиқомат қилади.

Уларнинг 7 фоизи олий маълумотли бўлиб, орасида Ҳаж фарзини ўтаганлар – ҳожилар, имомлар ва ҳаттоки қорилар ҳам бор.

Сўровга тортилганларнинг жавобларидан шундай хулоса чиқариш мумкинки, лўли ҳалқининг вакиллари айрим бир иқтисодий фаровонлик даражасига эришгач, нафақат ўз урф-одатларини балки диний қарашларини ҳам ўзгартиришга ҳаракат қиладилар.

Сўровга кўра, сўнгги 5 йил жараёнида улар орасида мусулмонлар билан уйғунлаштириш, яъни мусулмонлар билан ўзларини бир кўриш жараёни авж олган.

Лўлиларнинг жума номозларига фаол қатнашиши, Ҳаж зиёратини адо этиш ва маҳаллий диний мадрассаларда илм олишга қизиқиши яққол кўзга ташланади.

Бугунги кунда 20-25 ёшда бўлган лўлиларнинг 60 фоизгача масжидларга бориб турар экан.

Ўзбеклар билан биргаликда Ҳайит ва бошқа диний маросимларни ўтказишлари ҳам урфга айланиб улгурган.

Лўли ёшлари орасида ҳам радикал қарашлардагилари бор, бу эса катта ёшдаги лўлилар билан низо келиб чиқишига ҳам сабаб бўлмоқда.

Фото муаллифлик ҳуқуқи bbc
Image caption Чиқиндиларни йиғиш учун энг тоза ва энг "даромадли" ягона нақлиёт усули
Ирқчилик ва камситиш ҳоллари

Мониторинг натижаларига кўра, Ўзбекистонда лўлиларни камситиш ҳоллари деярли кузатилмайди.

Бундай ҳоллар борасида сўровга тортилган лўлилар, хусусан расмий ҳаётда ва мулозимлар билан мулоқотларда деярли йўқ, деб айтишган.

Бироқ милиция ходимлари томонидан камситиш ҳолларига дуч келганларини айтишган.

Расмий Тошкент миллатлараро ихтилофлар келиб чиқмаслиги учун анча қаттиққўл чораларни ҳаётга тадбиқ этган.

Ўтган асрнинг тўқсонинчи йиллари билан солиштирганда, бугунги кунда расмий мақомларга эришган лўлиларнинг сони анчайин кўпроқ.

Ҳудуд бўйича қилинган мониторингга кўра, лўлилар зич яшаган жойларда, маҳалла раҳбарлари ҳам ўзларидан тайинланади.

Бироқ ўзбек жамиятида лўлиларга нисбатан ижтимоий қолип шаклланиб бўлган.

Ижтимоий иерархия поғоналарида лўлилар ҳамон паст табақа саналади.

Мониторинг тадқиқотларига кўра, бу каби муносабат ўзгаргани йўқ.

Бутун ўзбек жамиятининг турмуш даражаси кескин пасайган пайтда баъзи гуруҳларнинг оз бўлса ҳам даромадлари ўсаётгани туб аҳолининг жиғига тегиши мумкин.

Шунингдек, этник кўпчилик томонидан маиший ирқчилик ҳамда камситиш ҳоллари ва лўлилар даромадларининг ортиши ўртасида аниқ бир боғлиқлик кузатилмоқда.

Лўлилар ишсизликни қандай хал этишади?

Ишсизлик муаммолари лўлилар ҳаётида ҳамиша нисбий рол уйнаган.

Азалдан лўлилар жамоаси ишлаб чиқариш муносабатлари тизимидан ташқарида қолган.

Тиланчилик аксарият лўлилар учун тирикчиликнинг ягона йўли бўлиб шаклланган.

Бироқ Ўзбекистонда бозор иқтисодининг чегараланган ҳолда бўлса ҳам ривожланиб бораётгани лўлиларга барқарор даромадли соҳаларда ўз жойини топишга имкон яратган.

Сўровда қатнашган 100 респондентнинг 64 нафари чиқиндиларни ажратиш ва қайта ишлаб чиқариш соҳаларида ишлаётганларини айтишган.

Ушбу соҳа 60 фоиздан ортиқ лўлилар оилалари даромадлари ўсишининг асосий манбаи бўлиб қолаётир.

Анъанага кўра, лўли оиласининг асосий боқувчиси ва пултопари аёл киши бўлган ва бу ҳолат ўзгаргани йўқ.

Эркаклар уйланишларидан аввал ишлайдилар ва бу ҳолат ҳали ҳам ўзгармаган.

Қозоғистон ва Россияга пул ишлаш илинжида кетган лўлиларнинг 25 фоизи тиланчилик ва эски-туски кийимларни қайта сотиш билан банд бўладилар.

Image caption Лўлилар атроф-мухитини ранг-баранг ўзига хос услубда безитишга ҳаракат қиладилар
Садақа - жамият кўрсатгичими?

Асрлар бўйи лўлилар жамиятда иқтисодий фаровонликнинг ўзига хос кўрсаткичи бўлиб қолмоқда.

Жамиятда даромадларнинг кескин пасайиб кетиши фуқароларнинг садақа бериш имконларига таъсир қилади.

Сўровга кўра, хайр-садақа билан кун кечираётган ўртача лўлилар оиласи кунига 8 то 12 минг сум (1,5 то 2 АҚШ доллар)гача “маблағ” йиға олиши мумкин.

Жамиятда даромадларнинг ўсиши, лўлиларнинг маҳаллий кўпчилик бўлган аҳоли билан ёнма–ён яшашлари, бизнес тузилмаларига қўшилишлари - лўли вакилларининг пулли бўлса ҳам таълим олиш имкониятларининг кўпайишига олиб келади.

Лўлилар орасида таълим олишга эҳтиёж ортаётгани кузатилади.

Мониторинг маълумотларига кўра, Когон туманида лўлилар ичидан чиққан мактаб ўқитувчилари, юристлар ва шифокорлар ишламоқда. Буни 10 йил олдин эса айни ҳолатни тассавур қилиш қийин бўлган.

Таълим олишга интилган лўлилар кам сонда бўлса ҳам, мониторинг натижалари ўзига тўқ бўлган лўли оилалари ичидан зиёлилар синфи пайдо бўлаётганидан далолат беради.

Айнан бу шаклланиб келаётган гуруҳ лўлиларнинг ўзбек жамоатчилигига кўпроқ қўшилишлари ва жамиятда уларнинг фаоллашишларига асос бўлиши мумкин.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondonbbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг