Ўзбекистон МХХ раҳбарлари Оврўпода мол-мулкка эгами?

Фото муаллифлик ҳуқуқи reBaltica

Бугун “Re:Baltica” номли тадқиқот журналистикаси бўйича Болтиқ марказида Ўзбекистон раҳбарларига тегишли қатор мақолалар чоп этилган.

Мақолаларнинг бирида “КГБ собиқ зобитининг Шўролар Иттифоқи қулашидан сўнг Ўзбекистон хавфсизллик хизматининг юқори мартабали мулозимларига Латвияда мулкка эга бўлишга ёрдам бергани кўринади” деб ёзилади.

Инга Спринге “Re:Baltica” марказида ишлаётган латвиялик журналист. У Латвиядаги ўзбекларнинг молиявий ишлари бўйича бир йилдан ортиқ муддат давомида журналистик текширув ўтказиб келмоқда.

Би-би-си: Сиз Ўзбекистон Миллий Хавфсизлик хизматининг раҳбарларидан бири Латвиянинг энг ҳашаматли курортлари саналмиш Юрмалада ерга эгадир, деб иддао қиляпсиз. Бу иддаоларингиз қаттиқ далилларга асосланадими?

Инга Спринге: Бу раҳбарнинг Юрмаладаги ушбу ерга алоқаси бор деб биз гумон қиляпмиз, лекин қаттиқ далилларни келтиролмаймиз. Россия гази билан шуғулланишда миллионер бўлган Латвиянинг собиқ КГБ зобити Юрис Савискис билан суҳбатлашганимизда, у айни ўша раҳбар билан шахсан таниш эканини тан олган. Бироқ шу билан бирга у айни раҳбарни охирги марта қачон кўргани борасида тафсилотларни беришдан бош тортди. У мазкур раҳбарнинг айни ўша ерга алоқаси борлиги борасидаги хабарни рад этиб, бироқ мазкур келишув ортида айрим ўзбеклар борлигини тасдиқлаган.

Би-би-си: Бу қандай ер ҳақида гап кетяпти?

Фото муаллифлик ҳуқуқи reBaltica
Image caption Латвия КГБси собиқ зобити ва ҳозирги кунда миллионер Юрис Савискис

Инга Спринге: Тилга олинган ер майдони Юрмала атрофидадир. Юрмала денгиз бўйида жойлашган Латвиянинг энг бой шаҳарларидан бири саналади. Бу ерга бадавлат руслар ва собиқ совет мамлакатларидан бой одамлар келиб ҳордиқ чиқаришни хуш кўрадилар. Бир неча йил мобайнида Юрис Савискис бу ерда кўчмас мулкка эгалик қилган. Бугун эса бу ер Қибрис офшор ширкатларидан бирига қарашли бўлиб, унинг нарх-қиймати қарийб икки миллион Еврони ташкил этади. Мақолада ёзганимдек, Юрис Савискис ерни сотмаган ва махсус бир ширкатни ташкил этган. Мазкур ширкат ҳиссаларининг 85 фоизини номаълум шахсларнинг эгалигига ўтказган. Ва айнан уларнинг исмларини Савискис ошкор этишдан бош тортмоқда.

Би-би-си: Бироқ сиз айнан ушбу ер Ўзбекистон фуқароларига тегишли экани борасида бирор бир ҳужжат кўрдингизми? Яъни, кўрмаган бўлсангиз, ўзбеклар мазкур келишувга аралашмагандир деб айтишимиз мумкинми?

Инга Спринге: Йўқ, қўлимда бундай далиллар йўқ. Бироқ айрим ўзбекларнинг бу келишувда борлигини Савискис ўзи тан оляпти. Лекин, айнан биз айтган раҳбар эгалик қилаётгани деб айтолмайман, чунки қўлимда қатъий фактлар йўқ.

Би-би-си: Назарингизда, ўзбек хавфсизлик хизматининг юқори мартабали мулозимлари Совет даврида КГБ ходимлари билан ўрнатилган ўзаро алоқалардан фойдаланиб, чет элда ва хусусан Латвияда айрим иқтисодий имтиёзларга эришганлар деб айтишимиз мумкинми?

Инга Спринге: Ҳа, айниқса Латвияда бундай ҳолат рўй берган деб ишонаман. Чунки, мисол учун, биз тилга олган ўзбекистонлик раҳбар Савискисни эски КГБда ишлаган пайтидан яхши билган ва у билан ҳамкорликда қўшма бизнес ўрнатишда айнан бу алоқани ишлатган. Мазкур раҳбарнинг собиқ ўринбосари, ҳозирда қамалган СНБ мансабдори билан ҳам Савискис бизнес музокараларини олиб борганини тан олди. Бироқ бу мансабдорнинг бизнес амаллари ҳақида ҳам қўлимда қатъий далиллар йўқ. Ишончли манбаъга кўра, у Юрмалада ҳашаматли бир кўчмас мулкка эга. Савискис мен билан суҳбатда, яқинда, Тошкентга борсангиз, ўзбеклар билан қилаётган бизнес натижаларини амалда кўришингиз учун имкон пайдо бўлади, деб айтди. Бироқ тафсилотларни ошкор этмади.

Би-би-си: Латвия нимаси билан ўзбекларни жалб этади? Уларнинг у ерга бориб, у ерда ўрнашиб олишларининг ортида қандай сабабларни кўряпсиз?

Инга Спринге: Ўтган йилдан аввал биз дунёда энг арзон деб саналган доимий яшаш ҳуқуқини олиш мумкин бўлган мамлакат эдик. Агар Рига ташқарисида етмиш минг Еврога уй сотиб олганингизда, сиз автоматик тарзда яшаш ҳуқуқига эга бўлиб, Оврўпо Иттифоқининг резидентига айланишингиз мумкин бўлган. Бугунги кунда бу ставка кўтарилганидан сўнг, энди 250 минг Евро тўлашингиз лозим. Шунинг учун истаганларнинг сони ҳам камайиб қолган. Латвияда яшаш ҳуқуқига эга бўлган Ўзбекистон фуқароларининг сони 1525 дан ортиқдир.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondonbbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг