Ўзбекистонда дрон учун қамоқ жазоси берилиши мумкин

Ўзбекистонда дрондан фойдаланганлик учун жазо чораларини кучайтириш кўриб чиқилмоқда. Бу бўйича қонун лойиҳаси Ўзбекистон давлат хизматлари ягона порталида муҳокама қилинмоқда.

Ҳукуматнинг "Норма" нашрига кўра, янги қонун лойиҳаси маъмурий жавобгарлик билан бирга, республика ҳаво ҳудудидан рухсат олмай фойдаланганлик учун жиноий жавобгарликни ҳам кўзда тутади.

Республика "Жиноят кодексига ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ўзгартириш" ҳақидаги қонун лойиҳаси тасдиқланса, дронлардан фойдаланганлик учун 15 суткадан то 5-10 йилгача қамоқ жазолари берилиши мумкин.

Учувчисиз учиш воситаларини ноқонуний ишлатганлик учун маъмурий жазо сифатида энг кам иш ҳақининг 100дан 200 миқдоригача жарима ёки учиш воситаларини мусодара қилиш билан бирга, 15 сутка қамоқ жазоси белгиланиши эҳтимоли бор.

Бундан ташқари, агар қонунбузарлик маъмурий жавобгарлик қўлланганликдан сўнг яна содир этилса ёхуд ўртача оғирликдаги тан жароҳатига сабаб бўлса, айбдор шахс икки йилгача ахлоқ тузатиш ишларига жалб қилиниши, уч ойга қамоқда қолдирилиши мумкин.

Лойиҳада келтирилишича, инсон ўлимига олиб келинган ҳолатларда 2-5 йил муддатга қамоқ жазоси берилиши, уч йиллик ахлоқ тузатиш ишларига юборилади.

Дрондан фойдаланиш инсонлар ўлими, оғир оқибатларга олиб келган ҳолатларда айбдор 10 йилга озодликдан маҳрум этилади, дейилади қонун лойиҳасида.

Ўзбекистонда ўтган йил 1 январидан бошлаб учувчисиз учоқларни олиб кириш, ишлаб чиқиш ва фойдаланиш тақиқланган.

Мамлакатга кирадиган шахслар божхона декларациясини тўлдираётганларида Ўзбекистон ҳудудига олиб кирилиши тақиқланган буюмлар қаторига дронлар ҳам қўшиб қўйилган.

Ўзбекистонда фуқаролар ва ташкилотлар дронлардан айнан нима мақсадларда фойдаланишлари ёки фойдаланиб келганлари маълум эмас.

Айни пайтда дронлардан дунёда йирик ширкатлар турли тижорий мақсадларда, жумладан, интернет савдосида ишлатиб келадилар.

Facebook ва Google раҳбарияти соҳани ривожлантириш учун дронлар сотиб олишни мўлжаллагани ҳақида эълон қилганди. Facebook, Google дронлари дунёнинг интернет мавжуд бўлмаган ҳудудларни интернетга улашни режалагани айтилган.

Баъзан дронлардан тўй маросимларида фойдаланилади, сурат ва видеолар юқоридан турли ракурсларда олинади.

Бироқ дронлардан фойдаланиш қимматлиги боис, Ўзбекистонда бундай хизмат оддий фуқаролар учун эмаслиги маълум.

Дастлаб ҳарбий мақсадларда ишлаб чиқарилган дронлар хозирда ривожланган давлатларда кино, журналистика соҳасида телерепортажлар, филмлар тайёрлашда, қишлоқ хўжалигида ва табиат мухофазасида кенг фойдаланилади.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • • Instagram - BBC UZBEK
  • • Twitter - BBC UZBEK
  • • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • • Facebook - BBC UZBEK
  • • Google+BBC UZBEK
  • • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • • Skype - uzbekbbclondonb
  • • bcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг

Бу мавзуда батафсилроқ