Ўзбек тили ва адабиёти университети ташкил этилади

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty AFP

Президент Ислом Каримов 13 майда Тошкентда Ўзбек тили ва адабиёти университетини ташкил этиш тўғрисида фармонни имзолаган.

Фармонга кўра, университетни ташкил этиш ўзбек тили ва адабиётини, унинг тарихий илдизларини ва глобаллашув шароитларидаги ривожланиш истиқболларини чуқур тадқиқ этиш, ўзбек тили ва адабиётини таълим-тарбия тизимининг барча босқичларида ўқитиш, шунингдек, кадрлар тайёрлаш сифатини ўстириш эҳтиёжлари билан боғлиқдир.

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Таниқли навоийшунос олим Азиз Қаюмовнинг Би-би-сига айтишича, бундай фармоннинг қабул қилиниши катта савобли иш бўлган. Эндиги вазифа мутахассислар ва мутасаддилар ўзбек тили ва адабиётининг равнақи, давлат тилининг обрўси учун меҳнат қилишлари лозим бўлади. Навоийшунос олимга кўра, бу амал ўзбек тилининг халқаро мавқеини оширишга хизмат қилади.

Янги таълим даргоҳи Миллий университетнинг Ўзбек филологияси факультети, Тошкент давлат педагогика университети Ўзбек тили ва адабиёти факультети ва Ўзбекистон Фанлар Академияси Алишер Навоий номидаги Тил ва адабиёт институти негизида ташкил этилиши айтилган.

Университетда Ўзбек филологияси, Ўзбек тили ва адабиётини ўқитиш, Ўзбек-инглиз таржимаси факультетлари талабаларни қабул қилади. Шунингдек, университет таркибида ўзбек тили ва адабиёти илмий-тадқиқот институти фаолият олиб боради.

Фанлар Академиясининг Алишер Навоий номидаги адабиёт музейи асосида Ўзбек тили ва адабиёти музейи ташкил этилиши хабар қилинади.

Фармонда келтирилишича, университет филологлар, илмий-педагогик кадрлар, юқори малакали таржимонлар етиштириб беради, илмий-тадқиқот фаолиятини юрғизиб, соҳа мутахассисларини қайта тайёрлайди, малакасини оширади.

Янги университетда ўқув жараёни 2016 сентябрда бошланиши кутилади.

Университет биноси қаршисида ўзбек адабий тили асосчиси Алишер Навоий ҳайкалини ўрнатиш режалаштирилмоқда.

Ижтимоий тармоқларда ўзбек тилига ихтисослашган янги университет очилиши хабари кўпчилик томонидан қувонч билан қарши олинган.

Жумладан, Фейсбукда фаол Хушнудбек Худойбердиев шундай ёзади:

"Гапиравердик, гапиравердик, гапиравердик. Ниҳоят ўзбек тилининг бугунги аҳволини яхшилаш учун Президент Фармони қабул қилинди.

Энди буёғига кутамиз, қани. Нима ўзгаришлар бўларкин. Ва умид қиламизки, мазкур Университет тилимиз равнақи учун ҳақиқатда фойдаси тегадиган, қоғозда эмас, амалда аниқ ислоҳотларни қила оладиган даргоҳ бўлади. Университет фаолиятига омадлар тилаймиз!"

Ўзбекистонда 1989 йил 21 октябрида "Ўзбекистон Республикасининг Давлат тили тўғрисида"ги қонуни қабул қилинган. Бироқ ҳануз мамлакатдаги кўп идораларда ўзбек тилидан кўра рус тилининг мавқеи баландлиги айтиб келинади.

Би-би-си муштарийси Фарҳод Абдураҳмоновнинг куйиниб ёзишича, Ўзбек тилига давлат мақоми берилганидан кейин қарийб 27 йил ўтди, лекин ҳанузгача она тилимиз том маънода ўз мавқеъига эга бўлмади. Биринчидан, Қонун талабига кўра, давлат идораларида ишлаб Ўзбек тилини билмайдиган бошқа миллат вакилларига давлат тилини ўзлаштиришлари учун берилган муддат ўтиб кетганига қарамасдан, ҳамон давлат структураларида тилни билмайдиганлар бемалол ишламоқдалар, ҳаттоки миллати Ўзбек бўлгани ҳолда ўз она тилида сўзлаша олмайдиган раҳбар ва мутахассислар ҳам ҳеч қандай чекловларсиз давлат органларида фаолият кўрсатмоқдалар. Иккинчидан, телевидения, радио ва бошқа оммавий ахборот воситаларида шевада гаплашиш одатга айланиб бормоқда.

Ўзбек зиёлиларига кўра, Ўзбек тили ва адабиёти университетининг ташкил этилиши Ўзбек тилининг мамлакатдаги ўрни, ривожига, адабиётнинг равнақига қандай таъсир қилиши вақт масаласидир.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • • Instagram - BBC UZBEK
  • • Twitter - BBC UZBEK
  • • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • • Facebook - BBC UZBEK
  • • Google+BBC UZBEK
  • • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • • Skype - uzbekbbclondonb
  • • bcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг

Бу мавзуда батафсилроқ