Муҳожир мэр бўлганда...

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

Майнинг 5 куни Лондон ҳокимлиги учун ўтказилган сайловларда Покистондан кўчиб келган оддий автобус ҳайдовчиснинг ўғли, мухолифатдаги Лейбористлар партиясидан Содиқ Хон дунёнинг энг йирик шаҳарларидан бири бўлмиш Лондон мэри этиб сайланди.

У асосий рақиби Консерваторлар партиясидаги Зак Голдсмитни ортда қолдириб, Оврўпо Иттифоқига кирувчи давлат пойтахтидаги илк мусулмон ҳокимга айланди.

Биз бу ҳодиса ортидан, тақирбошлар ҳужумидан қўрқиб, метрога тушмайдиган, Федерал миграция хизмати ходимларининг текшир-текширларидан ҳадиксираб шаҳар айланишга ҳам чиқмайдиган Москвадаги ўзбек муҳожирининг ўғлининг бир кун келиб Москва шаҳри мэри этиб сайланишига қанчалик ишонасиз, деган саволни ижтимоий тармоқлардаги саҳифалармизда мухлислармиздан сўраган эдик.

Бахром Абдураҳимовнинг Facebook даги пичингга тўла фикри қуйидагича: "БАРАКАЛЛА, Б.Б.С.-ЎЗБЕК - ОФАРИН ...!!! Ўзбекистон ва унинг халқининг роса долзарб муаммосини топибсизлар-да? Ушбу савол, албатта бизнинг ҳаётимиз фаровон - кунларимиз чароғон бўлишига ЖУДА КОТТА аҳамият касб этса керак-ОООООВВВВВ ......... ?! Қўпол кўринмоқчи эмасман-у, аммо мазкур масала, менинг назаримда иғвога тортади.? Ушбу гапни эшитган Москвалик тақирбошларнинг қанчалар жунбушга келишини тасаввур қилиш қийин эмас. Энди, бир бечора аҳли-аёлига бир тишлам нон топиш илинжида Москвада иш қидириб, ўшанақа тақирбошларга дуч келиши ва сен ч.... - б...н ҳали Москвага МЭР бўлмоқчимисан дея .... , нима бўлишини тасаввур қилинг! Ҳеч бўлмаганда бир бечоранинг ҳаётига зомин бўлиб қолишдан қўрқинг, унинг норасида болаларини боқувчисисиз қолишига сабабчи бўлиб қолишдан қўрқинглар, азиз журналистлар !!! Эркин матбуот дея ҳар нарсани ҳам муаммо қилиш ярамайди, ахир! Агарким, ўзбек халқи учун заррача жон куйдиришни истасангиз, халқни қўрқув ҳиссидан ва мутелик қобиғидан чиқариш ва ўз-ўзлигини англаш - ўз-ўзи учун адолат учун курашга чорлаш йўлида қанча масала ва муаммолар бижиб ётибди, азиз журналистлар. Агарким, Худо йўл берса ва бир ўзбек боласи, Москвага МЭР бўлиб сайланса, ундан кейин ҳар қанча табрик ва қувонишга улгийсизлар, бугун эса холис бўлиб савоб талаб бўлингизлар, азиз инсонлар".

Belie Rozi Содиқ Хоннинг ғалабасини демократияга йўйган: "Ҳақиқий демократия бўлса, шундай бўлади".

Фото муаллифлик ҳуқуқи PA
Image caption Содиқ Хон оиласи 70-йиллар бошларида Полкистондан Лондонга кўчиб келганлар. У оиладаги 8 фарзанддан бири.

Зуҳра Ибрагимованинг фикрича, Россиядаги шаҳарга ҳоким бўлиш учун бойлик муҳим рол ўйнайди: "Алишер Усмоновга ўхшаб бойиб кетган бўлса, балким руслар ҳам кўш-қўллаб топширишар", дея фикр қолдирган у.

Одноклассник.ру саҳифамиздаги фикрлар:

Шодлик Пиржановнинг фикрича, бир кун келиб Москвага миллати рус бўлмаганнинг ҳоким бўлишига "ҳеч қандай ишонч йўқ". Лекин у нима учун бу каби ишонч йўқлигининг сабабларини келтирмаган.

Бироқ MAN FROM ANDIJON анчайин хушбин фикрни айтган: "Ҳа, нима, ўзбек одаммасми? Россияга келиб, ўғлини ўша ерда ўқитса, насиб қилса бўлади. Россияда ҳамма ҳокимлар ҳам рус эмас".

Sherzod Ergashev ҳам унга ҳамфикр, "Худо бераман деса, Президент ҳам бўлиши мумкин".

Сардорнинг фиркрича эса, "Ўзбекнинг ўғли Наманган вилоятини эплай олмаяпти-ку, Москвани эплармиди. У ерда ҳам порахўрликни кучайтириб юборади. Илоҳим бўлмасин. Банкда нақд пул йўқ. На ҳоким, на юқоридаги шахсларни иши бор. Яна лоф уриб, аравани ўзини олиб қочади. Ишлар етарли, ёшларга иш ўринлари етарли, деб бу фақат қоғозда. Амалда-чи, паспорт олди, Россия ёки Туркияга кетади".

Фото муаллифлик ҳуқуқи getty
Image caption Содиқ Хоннинг сайловларда асосий рақиби Консерваторлар партиясидан, мултимиллионер Зак Голдсмит эди.

Аноним таҳаллуси остидаги фойдаланувчи жуда қамровли фикр қолдирган, бамисоли памфлет.

"Мусулмоннинг боласи Лондонга ҳоким бўлибди, энди унинг мусулмонларга қанчалик фойдаси тегиши мумкинлиги ҳақида ўйлаб кўриш керак. (Шу ерда негадир болтанинг сопи ҳақидаги масал эсга тушиб қолди). Муайян мақсадга эришишнинг тўғри ва эгри йўллари мавжудлиги ҳамда айнан мансаб пиллапоясига чиқишда эгри йўллар устувор бўлган ҳозирги шароитда ақл-истеъдод, билим-тафаккур, кенг дунёқараш, ҳалоллик орқали юксалишнинг, лавозимга кўтарилишнинг имконияти деярли йўқ. Маҳаллийчилик, миллатчилик, коррупция, порахўрлик, кланизм, таниш-билишчилик, уруғ-аймоқчилик каби иллатлар жамиятимизда томир отиб кетган ва ушбу ҳолатлар инсоннинг ақл-идроки, тафаккури, билим даражаси, инсоний фазилатларига қараб жамиятда ўз ўрнини топишига ҳеч қандай имконият бермайди. Юқорида таъкидланган иллатлар Совет даврида ҳам муайян даражада мавжуд эди, бироқ уларнинг таъсири ҳозирдагидек ўта юқори ёки асосий бўлмаган. Собиқ Шўролар замонида иқтисодий муносабатлар умумхалқ мулкига асосланганлиги, даромадларнинг тенглиги ғояси устувор ҳисобланганлиги ва шунингдек, мулозимларимиз у ёки бу ишни амалга оширганда Москвадаги Марказий Ҳукумат органларидан ҳайиққанлари сабабдан инсонлар ижтимоий келиб чиқишларидан қатъи назар ўз билимлари, ақллари, иш тажрибалари ортидан мансабга эриша олардилар. Мен бу билан Совет даврини оқламоқчи эмасман, шунчаки тарихий ҳақиқатни баён этяпман. Ўша даврларда масалан, хоҳлаган киши маълум миқдордаги пора ҳисобига осонликча туман партия комитетининг биринчи котиби ёки ижроия қўмитасининг раиси бўла олмасди. Шахснинг иш тажрибаси, мутахассислиги ҳамда олдинги ишлардаги фаолияти жиддий ҳисобга олинарди. Айни пайтда тасодиф туфайли ёки Ҳукуматнинг атайин кўзбўямачилик учун қилган хатти-ҳаракатлари ўлароқ кимлардир оддий оилалардан мансабга кўтарилиши мумкин эди. Шунингдек, баъзи ташкилотларда, айниқса Марказий органлар, вазирликларда ақл-идрок, билим талаб этиладиган ишларни қилишга тўғри келади ва ушбу вазиятда шунга мос келувчи инсонларга мансаб берилади, уларнинг қобилиятларидан максимал фойдаланишарди, бироқ реал олганда бу инсонлар ҳеч нарсани ҳал қила олмайдилар ҳамда ўрни келганда бирон масала юзасидан танқидий фикр берадиган бўлсалар ўша куни лавозимларидан четлаштирадилар. Ҳаётимизнинг барча қирралари тўлиғича назорат остига олинганлигига қарамасдан, асосан нолойиқ инсонларнинг мансабга кўтарилаётганлари ҳайратланарлидир. Бир оддий инсон сифатида қаердадир муайян ижтимоий-иқтисодий муаммо ҳақида холис танқидий фикр билдирсангиз, ўша куннинг ўзида қора рўйхатга тушиб қоласиз, аммо ҳамма қилаётган фаолияти қинғир-қийшиқ ишлардан иборат бўлганлар осонликча мансаб пиллапоясига кўтарилиб боришлари ҳеч назарга илинмай қолиниши кишини таажжубга солади ва ачинарлиси шундаки, холис танқид қилган киши Ватан хоини ва иккинчиси эса ватанпарвар инсон сифатида талқин этилади.

Токи, ҳақиқий илм-фанга суянмас эканмиз ҳеч қачон буюк давлат қура олмаслигимизни англаб етмоғимиз даркор деб ўйлайман.

Anonim фойдаланувчининг фикри баъзи таҳрир ва қисқартишлар билан берилди.

Мухлислармиз фикрлари билан тўлиқ ва батафсил танишмоқчи бўлсангиз ижтимоий тармоқлардаги BBC Uzbek ка обуна бўлинг.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

• ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek

• Instagram - BBC UZBEK

• Twitter - BBC UZBEK

• Odnoklassniki - BBC UZBEK

• Facebook - BBC UZBEK

• Google+BBC UZBEK

• YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

• Skype - uzbekbbclondonb

• bcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг