ОИ вице-президенти Тошкентга келди

Фото муаллифлик ҳуқуқи ec.europa.eu
Image caption Марош Шевович ўзбек расмийлари билан энергетика соҳасидаги ҳамкорликни муҳокама қилади

Чоршанба куни Оврўпо Иттифоқи Комиссияси вице-президенти Марош Шевович Ўзбекистонга келган.

Иттифоқнинг энергетика масалалари учун масъул мулозими Тошкентда очилган йигирманчи Халқаро нефт ва газ кўргазмасида иштирок этади.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги тарқатган хабарда айтилишича, жаноб Шевович шунингдек, Вазирлар Маҳкамаси, Ташқи ва Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлигида музокаралар ўтказади.

Тошкентга сафари арафасида Шевович Юнонистоннинг Салоники бандаргоҳида ўтган Транс-Адриатик Газ қувури(ТАП) лойиҳасининг бошланишига бағишланган маросимда иштирок этган.

870 километрлик газ қувури Юнонистондан Албания орқали Италияга қадар узанади.

Қувур Озарбайжоннинг Каспийдаги "Шаҳ Дениз-2" газ конидан қазиб олинадиган газни Италияга етказиб беради.

Оврўпо Иттифоқига кўра, яна икки газ қувури лойҳалари- Туркиядан ўтадиган Транс-Анатолия (ТАНАП) ҳамда Озарбаёжон ва Гуржистон ҳудудидан ўтувчи Жанубий Қафқос қувури билан бирга ТАП Жанубий Газ Йўлагини очиб беради.

"Қуриб битказилгач, ТАП Оврўпонинг энергетика хавфсизлигида муҳим унсур бўлиб хизмат қилади", деб айтган Шевович жаноблари Салоникидаги маросимда.

Шу тариқа Оврўпо Иттифоқи 2020 йилга келиб, Россия газига қарамликдан қутулишга умид қилмоқда.

Аввалроқ Оврўпо Иттифоқи Ўзбекистон газини экспорт қилиш йўлларини кенгайтириш ҳақида Тошкентга таклифлар бергани хабар қилинганди.

ОИ Ўзбекистонга энергетика инфратузилмасини замонавийлаштиришда кўмак беришга тайёрлигини изҳор қилган.

Ўзбекистон ўз газини асосан Россия ва Хитойга экспорт қилади.

Сўнгги йилларда 60 миллиард кубометр газнинг ўртача 15 миллиарди Россиянинг "Газпром" ширкатига сотилган.

Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги собиқ элчиси Руперт Жой аввалроқ Ўзбекистон "Жанубий йўлак"ни ривожлантиришдан катта самара кўриш мумкинлигини айтган эди.

Инсон ҳуқуқлари фаоллари Марказий Осиё, жумладан, ўзбек газига кўз тиккан Оврўпо Иттифоқининг расмий Тошкент билан парда ортидаги мулоқотларидан хавотир билдиришган.

Улар Иттифоқ мулозимларини энергетика сабаб, Ўзбекистондаги инсон ҳақларининг аянчли аҳволига кўз юммасликка чақиришган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг