Рустам Уразаев: 'Чинорлари бор Ўзбекистонни соғинаман'

Фото муаллифлик ҳуқуқи bbcuzbek
Image caption Актёр ва режиссёр Рустам Уразаев ҳозирда Москвада яшаб ижод қилади
"Турфа тақдирлар" рукнининг навбатдаги меҳмони - актёр ва режиссёр Рустам Уразаев.

Рустам Уразаев актёрлик фаолиятини ҳали мактабда ўқиб юрган пайтларидан бошлаган.

"Биринчи ролимни 14 ёшимда ижро қилганман. Ўшандаёқ бош ролни беришган. Дарров беришган. Шундан кейин кетма-кет бош ролларни таклиф қила бошлашди. Менда эпизодлар ва кичик роллар бўлмаган, дарров бош ролларни беришган. Омадим чопган", дейди у Би-би-си Ўзбек Хизмати билан эксклюзив суҳбатида.

Унинг машҳурлик чўққисига чиқиши Шўролар даврига тўғри келганди. Рустам Уразаев ўша даврда СССР таркибида бўлган турли мамлакатлар киностудияларида суратга тушган. Ўзбекистон телевидениесида кўнгилочар дастурлар бошловчиси сифатида фаолият олиб борган.

Аммо, Совет Иттифоқи парчаланиб, собиқ Шўро республикалари қаторида Ўзбекистон ҳам мустақилликка эришиши ортидан Рустам Уразаевнинг ҳаёти ҳам ўзгариб кетади.

"Мустақиллик, Шўроларнинг қулаши менга ҳеч нарса бермади. Мен келажагимни йўқотиб қўйдим. Ишимни йўқотдим. Оиламни йўқотдим. Балки, кимларгадир яхши бўлгандир, қандларини уришсин! Советлар даврида мен учун келажак бор эди", дейди у.

"...Шўролар қулаганидан кейин Ўзбекфилмда бир қарор олишди. Ҳамма филмларни ўзбек тилида олиш ҳақида эди бу қарор... Кейин мавзулар ҳам фақат ўзбекча бўлди. Биринчидан, мен ўзбек тилини билмайман, шунақа бўлиб қолган, шунақа даврда яшаганмиз. Иккинчидан, менинг юз тузилишим жуда ҳам шарқона эмас. Улар менга: "Эҳ, ўзбекка ўхшамайсан сен", дейишарди. Шунақа важу корсонлар билан мени суратга олмай қўйишди. Телевидениеда ҳам ишладим... алал-оқибат, Россиядан бахт топиш илинжида Москвага келдим".

Фото муаллифлик ҳуқуқи none
Image caption "Менга дарров бош ролларни беришарди..." дейди актёр (Сурат "Аэропортдаги ҳодиса" (1987) филмидан)

У ҳамон ватанини соғинишини, аммо ўтмишдаги Ўзбекистонни қўмсашини айтади.

"Мен Ўзбекистонни... олтмишинчи, етмишинчи, саксонинчи йиллардаги Ўзбекистонни соғинаман. Тошкентни соғинаман. Ҳозир эса... боргим келмайди. Инқилоб хиёбонини чинорларсиз кўргим келмайди..."

Рустам Уразаев Ғарб киносида суратга тушган жуда кам сонли ўзбекистонлик актёрлардан бири ҳамдир. У ҳали Шўролар даврида Франция-Испания киноижодкорлари ҳамкорлигида суратга олинган "Маърифат" филмида бош роллардан бирини ижро этганди.

"Бу алоҳида бир тарих, аммо менинг омадим чопиб қолган! Мен Ялтада қайсидир филмда ўйнаётгандим, менимча, бош ролни ижро этаётгандим. Режиссёр Умберто Солас Ялтага келган экан, у ўз филмлари учун жуда эски кемаларни қидираётган бўлган. Эски кемалар бутун дунёда қиммат туради, аммо Ялтадаги студия арзонга таклиф қилган экан... У менинг суратимни кўриб қолади. Мен билан учрашишни исташини айтади... мени Парижга таклиф қилади, кино синовларга..."

Уни Ўзбек ‘Ален Делон’и деб ҳам атайдиганлар бор. "Аммо, бу ном менинг Франция киносида тасвирга тушганим билан боғлиқ эмас", деб кулади Рустам Уразаев.

"Бу мактаб давридан қолган. Катта синфдаги қизлар келиб: "Қара, қара, мана шу Алан Делон", дейишарди... Мен эса, Алан Делон кимлигини ҳам билмасдим".

Рустам Уразаев билан суҳбатни BBCUZBEK YouTube каналида томоша қилинг.
  • Bi-bi-si O‘zbek xizmati bilan Whatsapp, Telegram va Viber orqali bog‘lanishni istasangiz, telefonimiz:+44 78-58-86-00-02
  • TELEGRAMDA ESA kanalimiz - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondonb• bcuzbek.comga to‘siq bo‘lsa, uzbekweb.netga kiring