Global Gift мукофоти нега айнан Лола Каримовага берилди?

Фото муаллифлик ҳуқуқи none
Image caption Мукофотни "Global Gift Foundation" ташкилоти номидан актриса ва филантроп Ева Лонгория топширган

Шу кунларда Ўзбекистон матбуотида Президент Каримовнинг кенжа қизи, Ўзбекистоннинг ЮНЕСКОдаги элчиси Лола Каримова-Тиллаевага "Глобал Гифт" хайрия Фонди томонидан таъсис этилган гуманитар мукофот тақдим этилгани эълон қилинди. Хабарларга кўра, мукофот билан тақдирлаш маросими Франциянинг Канн шаҳрида бўлиб ўтган. Мукофотни "Global Gift Foundation" ташкилоти номидан актриса ва филантроп Ева Лонгория топширган.

Би-би-си Лола Каримова-Тиллаеванинг ўзига ҳам мурожаат қилиб, бу хабар юзасидан интервью олмоқчи бўлди, бироқ бунга жавобан у қуйидаги ёзма эътирофни бизларга юборди.

"Ушбу мукофот барчамиз учун кутилмаган хушхабар бўлди. Биз олиб бораётган ишга бошқа хайрия ташкилотлар томонидан шундай катта эътибор кўрсатилганидан биз бениҳоят мамнунмиз. Фондимиз учун дунёда биз билан ҳамфикр бўлган, ёрдамга муҳтож болаларга кўмак берувчи кўпгина инсонлар борлигини кўриш жуда катта аҳамият касб этади. Бу бизларга катта куч ва далда беради ҳамда қилаётган ишимиз тўғрилиги ва кераклигига ишончимизни янада мустаҳкамлайди".

Биз ушбу ташкилотнинг Маркетинг директори Ҳэзел Гормлий-Ли (Hazel Gormley-Leahу) билан боғланиб, аввалига "Global Gift Foundation" нималар билан шуғулланиши ҳақида сўрадик.

Ҳэзел Гормлий-Ли: Биз Испаниянинг Марбея шаҳрида Мария Браво томонидан асос солинган хайрия ташкилотимиз. 2013 йилда фаолият бошлаганмиз. Global Gift (Глобал туҳфа) номи билан дунёдаги 9 мамлакатда хайрия ишларини юритамиз. Айни шоҳсупадан дунёнинг филантроплари, ширкатлари ва донорлари бошларини қовуштирамиз ва мухтож инсонлар учун хайрия тўплаймиз. Олдимизга қўйилган мақсадларни амалга ошириш учун 9 давлатда тадбирлар ташкил қилиб, имкон қадар кўпроқ пул йиғишга ҳаракат қиламиз. Ва мукофотга лойиқ деб ишонган инсонларимизни тақдирлаймиз.

Би-би-си: Бу гал сиз Ўзбекистон Президентининг қизи Лола Каримова-Тиллаевани ўз мукофотингизга лойиқ топгансиз. Бу қарорни қайси асосларда олгансиз?

Ҳэзел Гормлий-Ли: Лола Каримова-Тиллаева - Ўзбекистоннинг ЮНЕСКОдаги вакили. У "Сен етим эмассан" номли жамғарма ташкил қилган ва кўплаб меҳрибонлик уйларига ёрдам кўрсатган. Жамғармамиз вакилларидан бири унинг ишларини директорлар ҳайъатига тақдим қилди. Ва Каримова-Тиллаева хонимни олиб бораётган ишлари учун тақдирлаш қарори якдиллик билан қабул қилинди.

Би-би-си: Қарор олишда қайси жиҳатлар назарга олинган? Сизнинг мукофотингизни олиш учун қайси критерийлар қўлланилган?

Ҳэзел Гормлий-Ли: Одатда ёшларни қўллаб-қувватлаш йўлидаги саъй-ҳаракатлари, аёлларга берадиган кўмаклари ҳисобга олинади. Лола Каримова-Тиллаеванинг лойиҳалари ҳақида ўқир эканмиз, унинг ишларини ажойиб, дейиш мумкин.

Би-би-си: Ўзбекистондаги бошқа хайрия ташкилотлари ҳақида ҳам биласизми? Уларнинг барчасини бу танловдан олдин ўрганиб чиққанмисизлар?

Ҳэзел Гормлий-Ли: Биз мукофотни уларнинг қаердан эканига қараб бермаймиз. Кўпда уларнинг ишларига қаралади. Улар дунёнинг ҳар қандай давлатидан ҳар қандай киши бўлиши мумкин. Бу гал Ўзбекистон ва Лола хоним қилаётган ишлар учун берилди.

Би-би-си: Аммо, Ўзбекистонда хайрия ишлар қилаётганлар кўп. Нима учун, сизлар айнан Президентнинг қизини танлаб олдингиз?

Ҳэзел Гормлий-Ли: Бу ўринда унинг Президент қизи эканига эмас, балки глобал даражада қилаётган ишларига диққат қаратилди ва шунинг учун, танланди. Биз Ўзбекистондаги бошқа жамғармалар ёки хайрия ташкилотлари ишларини тақдирлашдан мамнун бўлган бўлар эдик. Аммо, айни ҳолатда бизга Лола Каримова Тиллаеванинг лойиҳалари тақдим этилди ва улар бизни лол қолдирди.

Би-би-си: Ўтмишда яна кимлар сизнинг мукофотингизни олишга муваффақ бўлган?

Ҳэзел Гормлий-Ли: Бундан олдин ушбу инсонпарварлик мукофотига Дэвид Бэкхем, Дипак Чопра, Рикки Мартин, Муҳаммад ал Ансорий, испаниялик Анҳел-ота, will.i.am. ва бошқалар сазовор бўлишган. Хуллас, дунёнинг турли мамлакатлардан инсонлар бу мукофотга лойиқ деб топилганлар. Хулоса қилиб айтсам, унинг қайси мамлакатдан эканига эмас, балки қилган ишига қаралди.

"Диктаторнинг қизи"

Президент Ислом Каримовнинг кенжа қизи Лола Каримова-Тиллаева Ўзбекистоннинг ЮНЕСКОдаги элчисидир. "Сен ёлғиз эмассан" жамғармасининг асосчиси.

2010 йилда Лола Каримова Франциядаги Rue89 нашрига қарши маҳкама даъвосини ютқизган.

Каримова-Тиллаева хоним нуфузли нашрни ўзи ҳақида "диктаторнинг қизи"деб ёзгани учун француз маҳкамасига берганди.

Айни даъво сабаб франсуз маҳкамаси Ислом Каримовни расман "диктатор" деб тан олган дунёдаги ягона адлия идораси бўлган.

Rue89 журналистлари Ўзбекистон президентининг кенжа қизи Париждаги хайрия кечасида қатнашиш учун машҳур актрисага пул берганини иддао қилишган.

Лола Каримова-Тиллаева машҳур актрисага пул берганини рад этган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг

Бу мавзуда батафсилроқ