“Доцент” ҳайкалини ўғирлаган ўзбеклар қамалди

Фото муаллифлик ҳуқуқи RIA Novosti

Москвадаги маҳкама машҳур актёр Евгений Леоновнинг “Доцент” ролидаги ҳайкалини ўғирлаб металлоломга топширгани учун 7 ўзбекистонликни икки ярим йиллик қамоқ жазоларига ҳукм этган.

Москванинг Никулин туман маҳкамаси матбуот хизмати хабар қилишича, маҳкама Абдуҳалим Рафиев, Беҳзод Тўраев, Усмонжон Умаров, Сардор Рафиқалиев, Асқарбек Абдуҳалилов, Бекзод Тўйчибоев ва Фазлиддин Шерматовни ҳайкални ўғирлашда айбдор деб топган ва ҳар бирини 2 йил 6 ой озодликдан маҳрум этиш ҳақида қарор қабул қилган.

Гуруҳнинг аъзолари ўз жиноятини 2015 йил 15 октябрдан 16 октябрга ўтар кечаси содир этганлар.

Москванинг Мосфильмовская кўчасидаги “Юлдузлар хиёбони”да ўрнатилган Евгений Леоновнинг бронзадан ясалган ҳайкалини қўпориб автомобилга ортганлар.

Эртаси куни металлолом қабул қилиш пунктига ҳайкални топшириб 39000 рубль олганлар.

Маҳкамада айтилишича, жиноятчилар металлолом қабул қилиш идораси ходимини чалғитиб, ҳайкални арралатишга муваффақ бўлганлар.

Полицияга кўра, ҳайкалнинг ҳақиқий баҳоси 160 минг рублдан зиёдни ташкил қилади.

Энди металлолом қабул қилиш пункти раҳбари ва ходимларига нисбатан “жиноий йўлда топилгани аниқ бўлган бойликни қабул қилиш ва сотиш” банди бўйича жиноят ишини қўзғатишга қарор қилинган.

Таниқли совет актёри Евгений Леоновнинг “Омадли жентльменлар” комедиясидаги “Доцент” лақабли ўғрибоши ролидаги ҳайкали 2001 йили ўрнатилган эди.

Ўзбекистонлик жиноятчилар ҳайкални қўпорганларининг эртаси куни қўлга олинган эдилар.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг